Мазкур ҳужжат, маълум бир соҳа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, назорат қилиш ва шу фаолият юзасидан фуқаролар, истемолчилар, фойдаланувчилар манфаатларини кўзлаган кафолатларни бериш деганидир.
Лекин бунда ҳам меъёр ва адолат мезонлари бўлиши лозимки, акс ҳолда ортиқча бюрократия ва бошқа тўсиқлар сабаб тадбиркорлик фаолияти ривожланмайди, бу иқтисодий ўсиш суръатига салбий таъсир кўрсатади, турли суиистеъмолликлар юзага келади.
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятига нисбатан эркинликни ошириш, иқтисодиётга давлат аралашувини камайтириш ва бу борада қонунчиликни либераллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шу масала юзасидан 2020 йил 24 августда “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6044-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон нимаси билан аҳамиятли?
Ҳужжатлойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида тадбиркорлик субъектлари иштирокида 20 дан ортиқ учрашувлар ва муҳокамалар ўтказилган, 10 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан аноним сўровлар олиб борилган ва жамоатчилик орасида муҳокама қилинганда
300 тага яқин таклифлар келиб тушган.
Ўтказилган сўровларда лицензия ва рухсатномаларни беришни рад этиш ҳолатларининг 43,5 фоизига оғзаки,16,4 фоизига асослантирилмасдан жавоб берилганлиги ва 10,6 фоизига умуман жавоб берилмаганлиги маълум бўлди.
Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг I-чораги давомида лицензиялаш фаолиятига доир давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ 56 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли ташкилотларга 10 та тақдимнома ҳамда 13 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, ваколатли органларнинг 12 нафар масъул ходимларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғррисида баённомалар расмийлаштирилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида, ваколатли органларнинг 12 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда 12 нафари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2155-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Жумладан, Чироқчи туман Давлат хизматлари марказининг 2020 йил 18 февралдаги 16998601-сонли “JASMIN PHARM EXPORT” МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия бериш тўғрисидаги сўровномасига Қашқадарё вилоят ДСЭНМ санитария врачи Д.Тошниёзов томонидан асоссиз рад жавоби берилганлиги аниқланган. Аниқланган ҳолат юзасидан 2020 йил 9 ноябрдаги бошқарма бошлиғининг қарорига асосан Д.Тошниёзов маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Лицензия ва рухсатномаларни бекор қилишда қуйидаги омилларга эътибор қаратилган:
1) фаолият турининг инсон соғлиғи ва жамиятга зиён етказмаслиги;
2) фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳисобини юритиш имконияти мавжудлиги;
3) давлат идоралари томонидан қўшимча даромад манбаи яратиш мақсади кўзланганлиги.
Лицензия ва рухсатномаларнинг бекор қилиниши натижасида бож тўловларининг ўзидан 45 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолиши мўлжалланган.
Фармон билан нималар ўзгарди?
Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;
115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.
Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
Бу бизга нима беради?
Қатор лицензия ва рухсатномаларнинг хабардор қилиш тартибига ўтказилиши қуйидаги қулайликларни яратади:
Фаолиятни бошлашдаги бюрократик тўсиқларнинг олди олинади;
Фаолиятни бошлашдаги вақт лицензиялар учун 30 кунгача, рухсатномалар учун 20 кунгача қисқаради;
Фаолиятни бошлашдаги бож тўловлари 35,2 млрд сўмга қисқаради;
Ломбард фаолиятини бошлаганлиги учун илгари 1,2 млн сўм тўлаган бўлса, энди хабарнома юбориш учун 111,5 минг сўм (11 баравар кам) тўлов амалга оширади.
Хуфёна иқтисодиётнинг камайишига хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, лицензия ва рухсатномалар беришдаги ортиқча бюрократик жараёнларнинг қисқартирилиши Президентимиз томонидан олиб борилаётган иқтисодиётни либераллаштириш ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсатининг бир мисолидир.
Санжар Чулиев,
Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё
вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари