Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ахборот хизмати маълум қилди.
Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган текширувлар давомида 6 та масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) масъул шахслари ва бошқалар 32,6 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғини бюджетдан қайтариб олгани, шунингдек, 195,9 миллиард сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, савдодан тушган маблағларни банкка топширмасдан жуда кўп миқдордаги савдо қоидаларини бузгани аниқланган.
Текширув хулосаларига кўра, ушбу ҳаракатлар оқибатида 42,5 миллиард сўмлик солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товланган.
Шунингдек, текширувда Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг айрим масъул шахслари мазкур корхоналарда ўтказилган аудит текширувлари далолатномаларини расмийлаштиришда 5,2 миллиард сўмлик солиқларни ҳисобламасдан расмийлаштиргани маълум бўлган. Бу эса давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.