Оққўрғон туманида Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов турли тармоқларда фаолият юритаётган тадбиркорларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатлари ва таклифларини тинглади.
Мавжуд муаммоларни мутасадди бошқармалар раҳбарлари, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Тадбиркорлар иштирокидаги қабулда 100 га яқин ишбилармонларнинг мурожаати тингланди. Хусусан, ер ажратиш, кредит, электр таъминоти, солиқ имтиёзлари каби 10 га яқин масалалар кўриб чиқилди.
– Қурилиш учун гипс маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз, — дейди "Эркин дизайн" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Муродов. — Фаолиятимизни янада ривожлантириш учун қўшимча ер майдони керак бўляпти. Сабаби тайёрлаётган маҳсулотларимизни реклама қилиш мақсадида шоурум ташкил этиш ва мижозларга намойиш қилиш лозим бўляпти. Вилоят ҳокими мутасаддилар билан бирга ҳуқуқий маслаҳат берди. Масаламиз ижобий ҳал қилинадиган бўлди.
– Йўловчи ташувчи автомобилларга лицензия бериш билан шуғулланамиз, — дейди "Мустанг люкс" МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Алиқулов. — Охирги пайтларда йўловчи ташиш йўналишларида лицензиясиз таксилар кўпайиб кетди. Айрим фуқаролар билан гаплашганимизда 2 минг сўмлик жойга ҳатто 7 минг сўм пул олаётган таксилар борлигини айтишди. Ҳозир Оққўрғон туманида 9 та йўловчи ташиш йўналишлари бор. Бироқ юқоридаги каби муаммолар туфайли мижозларимиз белгиланган тўловларни ўз вақтида беришга қийналяпти. Қабул давомида туман ҳокими таъкидлашича, яқинда ҳудудда янги шоҳбекат очилиши ва мавжуд муаммоларни бартараф этилиши бўйича масъуллар жалб этиладиган бўлди.
Элбек ШОЙИМ,
журналист