Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган “Мамлакатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлажак очиқ мулоқоти доирасида тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штаб фаолияти натижалари” мавзуидаги брифингда ана шу масалалар ҳақида сўз борди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимларига махсус Штабга келиб тушган мурожаатлар ҳамда уларнинг ечимлари бўйичи маълумот берилди.

— Тарихда биринчи бор ўтказиладиган Президентимизнинг тадбиркорлар ва инвесторлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик ишлари давом этяпти, — деди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. — Ишбилармонлар ва аҳоли мурожаатлари 20 июлдан 10 августга қадар куну тун ва дам олиш кунларисиз ишлаган колл-марказлар, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимиз орқали қабул қилинди. Айни пайтда келиб тушган барча мурожаатлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ташкил этилган масус Штабда жамланиб, тегишли вазирлик-ташкилотлар билан биргаликда доимий равишда муҳокама қилиб борилмоқда. Муаммоларнинг ечимлари бўйича ҳам ишлар ташкил этилди.

Брифингда айтилишича, шу кунга қадар Штабга 15 300 та мурожаат келиб тушган. Шундан 13 941 таси индивидул муаммолар, 1 234 таси тизимли масала ва таклифлар ҳамда 128 таси бошқа мурожаатлар ҳисобланади. Бугунги кунга келиб 12 401 та масала ижобий ҳал қилинган ва бу 81 фоизни ташкил этади. 2 980 та муаммо ҳал этиш жараёнида.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда энг кўп — Тошкент шаҳридан 1 564 та, Сурхондарё вилоятидан 1 395 та, Тошкент вилоятидан 1 357 та, Қашқадарё вилоятидан 1 288 та, Фарғона вилоятидан 1 257 та мурожаат ва таклифлар келиб тушган.

Ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан қабул қилинган масалаларни тизимлаштириш, тасдиқлаштириш ҳамда аниқланган муаммоларнинг ечимини ишлаб чиқиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири