Тадбирли, уддабурон, ўзи ва атрофдагиларнинг молиявий шароитини яхшилашга ҳисса қўшадиган инсонларга нисбатан “тадбиркор одам-да”, деган сўзни доим ишлатиб келамиз. Аммо кейинги йилларда тадбиркор тушунчаси нафақат тор доирадаги, балки дунё талаблари даражасидаги, ўзбек маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқадиган, кенг турдаги фаолият билан шуғулланиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ишбилармонларга нисбатан қўлланила бошланди. Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик йўналиши том маънода янги босқичга кўтарилди.
Ишбилармон кишига эмин-эркин ишлаши учун шароит яратиб берилса, унинг фаолияти кенгайиб бораверади. Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорларга ана шундай шароит билан бирга, кенг имкониятлар, соҳа ривожи учун катта шароитлар яратилмоқда. Натижада “тадбиркор бўламан”, деган инсонлар сони ортиб, улар орасида хотин-қизлар, ёшлар сафи ҳам тобора кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол. Энг муҳими, бугун катта-кичик давлат ташкилотлари тадбиркорларни эшитяпти, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиб, ечимини беряпти.
Бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда. Жорий йил 6 ноябрь куни янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида миллий иқтисодиёт, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантиришда хусусий секторни рағбатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз”, деди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, бу борада бошланган ислоҳотлар қисқа вақтда янада фаоллашди, асло сустлашмади. Хусусан, мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси арафасида Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқоти катта воқелик бўлди, десак муболаға эмас. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилган ушбу ҳодисада 600 га яқин тадбиркор, вилоят ва туманлардаги студияларда эса жами 10 000 га яқин ишбилармонлар иштирок этди.
Кичик ва ўрта бизнеснинг сўнгги йиллардаги ўсишини таҳлил қиладиган бўлсак, бугун тадбиркорлик субъектлари мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг таянч омилига айлангани рост. Президентимиз бу борадаги кўрсаткичга алоҳида тўхталиб, “кейинги беш йилда 1,5 миллион тадбиркор фаолиятини ташкил этдик. Аввал 400 мингта эди. Улар 5 миллион халқимизга иш беряпти”, дея таъкидлади.
Биргина мисол, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулотининг 53,9 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилгани ҳолда, мазкур соҳанинг улуши қурилишда 72,4 фоиз, йўловчи ташиш соҳасида 93,9 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғида 97,0 фоизни ташкил этди.
Ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 2 триллион сўм маблағ қолди.
Пандемия даврида маҳаллий тадбиркорларга қўшимча шароитлар яратилгани яна алоҳида эътирофга лойиқ. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси 50 фоизгача камайтирилди ёки 111,5 минг сўмга туширилди. Ушбу имтиёз мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 239 мингта якка тартибдаги тадбиркорга деярли 160,0 миллиард сўм маблағни тежаш имкониятини берди.
Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2020 йилнинг 1 октябрига қадар кечиктирилди. Тижорат банкларининг тўлови кечиктирилган кредитлари миқдори 19,6 триллион сўмни ташкил этди. 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди.
Кредит олиш осонлашди
Сир эмас, тижорат банкларининг кредитлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бири саналади. Банкларнинг узоқ муддатли кредитлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларининг инвестицион харажатлари молиялаштирилса, қисқа муддатли кредитлари тадбиркорлик субъектлари айланма маблағларини тўлдиришнинг муҳим молиявий манбаи бўлади. Бироқ кредит олишдаги сарсонгарчиликлар одамларни узоқ йиллар қийнаб келгани рост. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кредит ажратиш тизимининг соддалаштирилиши натижасида минглаб инсонлар ўз тадбиркорлик фаолиятига эга бўла бошлади.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда кичик тадбиркорлик субъектлари, жумладан, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 281 мингдан ортиқ лойиҳага жами 48,4 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2018—2020 йиллар давомида жами 15,7 триллион сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу орқали 633 мингдан зиёд оилалар тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига замин яратилди. Бошқача қилиб айтганда, республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг хонадоннинг 94 таси ушбу дастурлар доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Ҳисоб-китобларга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитларнинг 2,5 триллион сўми (41 фоизи) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, 3,6 триллион сўми (59 фоизи) ўзини-ўзи банд қилувчи жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Марказий банкнинг расмий маълумотига кўра, 2020 йилда хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қарийб 17 мингта лойиҳасини молиялаштириш учун 2,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилган.
Эътиборлиси, тадбиркорлик субъектларини кредитлаш жараёни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 майдан бошлаб, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун бериладиган компенсацияни, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолинган ҳолда тақдим этиш йўлга қўйилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш, тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликларни кредит шартномалари сонидан қатъий назар бериш жорий этилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни молиявий манба билан таъминлаш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратиши белгиланди.
Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларини кредитлаш борасида бир қатор долзарб муаммолар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлаш жоиз. Банклар томонидан ажратилган кредитларнинг ўз вақтида қайтмаётгани мавжуд муаммолардан бири. Таҳлилларга кўра, биргина акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан берилган кредитларнинг умумий ҳажмида муаммоли кредитларнинг улуши 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 15 фоизни ташкил этди. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 12 май куни ўтказилган йиғилишда муаммоли кредитлар масаласининг жиддийлигига тўхталиб, “Соҳалар кесимида саноатда — 3 триллион сўм, савдо ва хизмат кўрсатишда — 2,1 триллион сўм, қишлоқ хўжалигида 1,8 триллион сўм, қурилишда — 978 миллиард сўм, транспорт ва коммуникацияда — 547 миллиард сўмлик муаммоли кредитлар вужудга келган. Агар бу пуллар иқтисодга қайтса, қанча фойда бўларди? Бу пуллар қайтиши ҳозир иқтисодиётимизга ҳаводек зарур. Бу йил иқтисодиётимизга мисли кўрилмаган пул сарфладик”, дея таъкидлади.
Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш борасидаги долзарб муаммолардан яна бири — бу тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкалари юқори эканлигидир. 2020 йилда тижорат банклари томонидан миллий валютада берилган кредитларнинг ўртача йиллик фоиз ставкаси 22,3 фоизни ташкил этди. Бу эса, сезиларли даражада юқори бўлган фоиз ставкаси ҳисобланади. Масалан, 2020 йилда миллий валютадаги кредитларнинг ўртача йиллик фоиз ставкаси Россия Федерациясида 6,8 фоиз, Қозоғистон Республикасида 11,8 фоизни ташкил этган. Республикамиз тижорат банклари томонидан миллий валютада берилаётган кредитларнинг фоиз ставкаларини юқори эканлиги қуйидаги икки сабаб — Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг юқорилиги ҳамда тижорат банклари томонидан жалб қилинаётган ресурсларнинг қиммат экани билан изоҳланади.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда ана шу масалаларга эътибор қаратиб, энг долзарб муаммоларни тизимлаштирган ҳолда, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини эълон қилди. Дастур банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солиш, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта — сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизимининг йўлга қўйилиши, Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан, банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиётинг бекор қилиниши каби муҳим масалаларни қамраб олади.
Шунингдек, учрашувда жорий йил 1 октябрдан бошлаб илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилиши ҳам таъкидланган.
Мазкур масалалар бугунги кунда қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланиб, имтиёзлар ошиб бораётгани юзлаб, минглаб тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмоқда. Эндиликда, одамлар кичик ва ўрта бизнесда ишни қўрқув билан эмас, балки қатъий ишонч ва катта мақсадлар билан бошлаяпти.
Илҳом Алимардонов,
ТДИУ Рақамли иқтисодиёт факультети декани,
иқтисодиёт фанлари фоктори.