2017 йилда мамлакатимизда 5211 та боғча фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 19 минг 316 тага етди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида оилавий боғчалар ташкил этилиши ва бу соҳага кўплаб имтиёзлар берилиши туфайли 13 мингдан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори соҳани янада юксалтиришда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш ва босқичма-босқич изчил ривожлантиришдан мақсад болаларни мактабга сифатли тайёрлаш, энг муҳими, соҳадаги ислоҳотларни кенг қамраб олиб, устувор натижаларга эришишдир. Бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Ёш авлодни янги Ўзбекистоннинг муносиб, фидойи фарзандлари қилиб тарбиялаш ўқитувчилар ҳамда тарбиячиларнинг шарафли вазифасидир.
Ўтган йил 15 май куни мамлакатимиз етакчиси раҳбарлигида мактаб таълим тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги етти йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ етти баробар оширилган. 2025 йилда ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида соҳага 60 триллион сўм ажратилиб, мактаблардаги ўқув ва тарбия ўринлари бир миллионга, боғчаларда эса 1,5 миллионга яқинлашди. Жорий йилдан бошлаб мактаб директорлари, ўринбосарлари билан бир қаторда боғча раҳбарларининг ҳам иш ҳақи оширилади.
Тизимда фаолият юритаётган 38 минг
900 та мактабгача таълим ташкилотида болаларга қизиқарли ўйинлар асосида берилаётган сабоқлар илм дунёсининг янги-янги эшикларини очмоқда. Масалан, мактабгача таълимни кенгайтириш ва болаларни инновацион усуллар билан ўқитишга асосланган “Ақлвой” ижтимоий лойиҳасини таҳлил қилиб кўрайлик. Унинг доирасида мактабгача таълим ташкилотлари етишмайдиган ҳудудларда болажонларга қувонч ҳадя этиш мақсадида мобил боғча хизмати йўлга қўйилди.
Бугун 102 та автобус 216 та маҳаллага бориб, 9500 ўғил-қизни билимларнинг сирли ва мўъжизавий олами сари етаклаётгани қувонарли воқеа, албатта. Бу ташаббус малака ошириш ҳамда билимнинг илк пойдеворини қўйишда муҳим аҳамият касб этиб, мобил автобуслар орқали бошланғич таълимнинг дастлабки сабоқларини ўқитишда тарбиячилар учун ишончли таянч ва самарали ёрдамчи бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.
Шунингдек, 50 та “Илк ривожланиш маркази” 5200 кичкинтойнинг ҳаётида янги саҳифа очиб, уларнинг тафаккурини янги билим ва тушунчалар билан бойитиб бормоқда. “Илк қадам” давлат таълим дастури ЮНИCЕФ, Сингапур, Буюк Британия олий ўқув юртлари, хусусан, Кембриж университети тажрибаси асосида янада такомиллаштирилди.
1746 та давлат мактабгача таълим ташкилотида “Турон кичкинтойлари” театр жамоалари ташкил этилди. Улар болаларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, фикрлаш қобилиятини ошириш, нутқ маданиятини шакллантириш, кичик, болаларбоп саҳна асарларини намойиш этишда катта имкониятлар эшигини очади.
Ҳозир каттаю кичикда экологик тушунча ва маданиятни шакллантириш долзарб масала бўлиб турибди. Ушбу кечиктириб бўлмас вазифани амалга ошириш мақсадида 3385 та давлат мактабгача таълим ташкилотида “экологик йўлакча” ва “экологик бурчак”лар ташкил этилгани ва табиатни асраб-авайлаш ҳақида сабоқлар берилаётганини эътироф этиш мумкин.
Мактабгача таълим ташкилотларида 3-7 ёшли болалар орасида соғлом турмуш тарзи, хавфсиз ҳаёт, тўғри овқатланиш маданияти асосларини шакллантириш мақсадида “Саломатлик алифбоси” дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.
Бугун “Янги авлод” боғчаларини ташкил этишга жадал киришилди. Улар давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, илғор хорижий тажриба асосида турфа ақлий ўйинларга асосланган таълим-тарбия жараёнини амалга оширади. Келажакда “Янги авлод” боғчалари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида тарбиячи-педагоглар ва соҳа мутахассислари учун махсус қўлланмалар ҳамда “Янги авлод” энциклопедияси фундаментал илмий-оммабоп нашри ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Президентимиз ўтган йили Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида “Ҳаммамизга аёнки, келажак — замонавий билим билан қуролланган касб-ҳунар эгалариникидир. Биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Шу боис, ёшларимизни давр билан ҳамнафас бўлиб, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашимиз керак”, дея алоҳида таъкидлаган эди.
Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув ўқитувчи ва мураббийларнинг фаолияти мезонига айланди. Чиндан ҳам биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса, бутун жамият ўзгаради.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мактабгача таълим ва умуман, ўқитиш тизимидаги изчил ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилади.
Шунингдек, ёш тоифалари бўйича миллий тарбия модели яратилади. Болалар замонавий компетенцияга эга мутахассис, миллий қадриятларга содиқ инсон этиб тарбияланади.
Ҳабиб АБДИЕВ,
Мактабгача таълим ташкилотлари директор
ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг
малакасини ошириш институти проректори