Ушбу саволни бугунги жамиятга қараб эмас, бир лаҳзагина ўзимизга қарата берсак, унинг жавоби янада оғирлашади.

Яшаш фақат кун ўтказишдан иборат эмас, у маъно излаш, қадриятларга суяниш, ўзликни сақлаш, шунингдек, фарзанд тарбиясида, меҳнатда ва муносабатларда ўз изини қолдиришдир. Ахир инсон ҳаёти унинг қандай вақт ўтказгани эмас, балки нима учун яшагани билан белгиланади. Хўш, биз бу тушунчаларни қаердан ўрганганмиз?

Бир пайтлардаги оддий ўзбек хонадонларини эслайлик. Кечқурун оила даврасида, чой устида дилдан суҳбатлар бўларди. Катталар ҳаётидан мисоллар келтирар, кичиклар эса тингларди. Бу шунчаки вақт ўтказиш эмас, балки тарбия ва маърифат эди. Биргина оддий гап ёки насиҳат кимнингдир бутун ҳаётига таъсир қилиб, уни ўзгартириб юбориши мумкин эди.

Яна бир мисол: илгари китоб ўқиш фақат билим олиш воситаси эмас, балки атрофдагиларнинг ҳурматини қозонишга сабаб бўладиган омил эди. Қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам китобхон ва зиёли одамга алоҳида эҳтиром кўрсатиларди. Чунки у илғор фикрловчи ҳамда билимли инсон сифатида қадрланарди.

Бугун-чи?

Бугун ўша чой устидаги суҳбатларнинг ўрнини телефон эгаллади. Бир хонадонда ўтирган одамлар бир-бири билан эмас, экран билан “суҳбатлашмоқда”. Улар бир-бирини эшитмайди, лекин тармоқ орқали бошқаларни кузатиб, аксарият ҳолларда бекорчиликдан уларнинг ортидан ғийбат қилади.

Тўйларимизга назар ташлайлик. Илгари тўйда қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар дийдорлашиб, дилдан самимий суҳбат қурар, ёши улуғларнинг дуоси олинарди. Асосийси, тўйга элга дастурхон ёзиб сийлаш ва дийдор воситаси деб қараларди. Бугун-чи? Бугун тўйларимизни янгича удумлар ўйлаб топиладиган беллашув майдони десак ҳам бўлади. Энг ёмони шуки, буни катталаримиз, қуда-андаларнинг ўзи бошлаб беряпти: кимдир узук таққан, кимдир қудасининг бўйнига пулдан “маржон” осган, яна биров умра зиёратига йўлланма совға қилган.

Бу қатордан ёшлар қолиб кетса бўлмас! Улар ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган удумларни ўйлаб топишмаса, замон замон бўлмай қоладигандек: қайсидир куёв ўз жуфти билан оққуш рақсига тушмоқда, бошқа бир келин куёвга атаб қўшиқ куйламоқда, айримлари эса ҳамманинг кўз ўнгида торт туфайли калтакланмоқда. Ҳозир эса тўй кўп ҳолларда шунчаки кўз-кўз қилиш маросимига айланиб бормоқда: ким нима кийди, қандай видеолар олинди, ижтимоий тармоққа қандай жойланди — шулар муҳимдек. Тўйнинг моҳиятида яшаш эмас, балки уни намойиш қилиш асосий ўринга чиққан. Унутмайлик, тўй одамлар учун қилинса, қадрият, камера учун қилинса, томошага айланади.

Маҳалладаги муносабатлар-чи? Илгари қўшнининг дарди ҳам, қувончи ҳам умумий бўларди. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақлга амал қилиниб, ҳаддидан ошиш, кибрга берилиш ёки кўз-кўзлаш ҳолатлари кузатилса, қўни-қўшнилар дакки берарди. Натижада бугунгидек кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янги удумлар урчимасди.

Бугун эса бир-бирини танимайдиган қўшнилар кўп. Лекин шу инсонлар тармоқ орқали бошқа бировнинг ҳаётини соатлаб кузатиши мумкин. Афсуски, бу парадокс ижтимоий ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Бундай ўзгаришларни фақат “замона зайли” деб тушунтириш осон. Лекин бу ерда яна бир чуқур жараён турибди: одамлар аста-­секин жамият иштирокчисидан томошабинга айланиб бормоқда.

Нил Постман бир пайтлар медиа жамиятни кўнгилочар шаклга буриб юбораётганини таъкидлаган эди. Бугун биз бу фикрнинг тасдиғини ўз ҳаётимизда кўряпмиз: ҳатто жиддий мавзулар ҳам қисқа, таъсирли, лекин юзаки форматга айланиб қолмоқда.

Ги Дебор эса жамият томошагоҳга айланади деган эди. Буни тушуниш учун узоққа бориш шарт эмас: ижтимоий тармоқларда ҳар ким ўз ҳаётининг борини эмас, балки унинг фақат энг чиройли парчасини намо­йиш этади. Бошқалар эса шу парчани яхлит ҳақиқат деб қабул қилади.

Бунинг психологик таъсири ҳам жуда оғир. Ёшлар орасида тез машҳур бўлиш истаги кучайиб боряпти. Сабр, меҳнат ва билим каби қадриятлар орқага суриляпти. Чунки улар тез натижа бермайди-да. Лекин экрандаги муваффақият осон ва тез қўлга киритилгандек кўринади. Ёшлар орасида тез машҳурликка интилиш шунчаки орзу эмас, балки атроф-муҳит таъсирининг самараси. Чунки улар кўраётган дунёда меҳнат жараёни эмас, фақат натижада эришилган ютуқ намойиш қилинади.

Яна бир оғриқли ҳолат: китоб ўқиш камаймоқда, бироқ ахборот истеъмоли ортиб бормоқда. Яъни инсон кўп нарса кўряпти, лекин кам нарсани англаяпти. Бу эса фикр­лаш тарзининг юзакилашувига олиб келади. Қисқа қилиб айтганда, китоб инсонни тафаккур қилишга ундаса, ижтимоий тармоқ уни шунчаки реакция билдиришга ўргатади. Фикрлаш секин жараён, реакция эса тезкор бўлгани учун кўпчилик вақтдан ютдик деб ўйлаб, ҳақиқий яшаш бахтини бой бермоқда.

Энг даҳшатлиси шундаки, туғилиши билан онаси томонидан қўлига телефон бериб овутилаётган бугунги авлоднинг соғлиғи ва келажаги хавф остида. Чунки телефон билан овунаётган ёш авлод орасида “рақамли аутизм” (экран олдида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш натижасида жонли мулоқот кўникмаларининг йўқолиши, эмпатиянинг пасайиши ва атроф-муҳитга қизиқишнинг камайиши билан тавсифланувчи ҳолат), кўз нурининг хиралашиши каби ташхислар сезиларли даражада ортиб бормоқда. Энди тасаввур қилиб кўринг: агар бу ҳолат давом этса, келажак авлод қандай аҳволга тушади? Бу ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат.

Экран орқали овутилаётган бола жим бўлиши мумкин, лекин у одатдагидек ривожланмайди. Ахир жонли мулоқот, ҳиссий алоқа ва атроф-муҳитни ўрганиш бола учун асосий эҳтиёж ва руҳий озуқа-ку! Агар бу эҳтиёж экран билан алмаштирилса, натижада мулоқотдан қочадиган, эмпатияси паст ва диққати тарқоқ авлод шаклланади.

Шу ўринда юқоридаги саволни яна так­рорлаймиз: агар шу тарзда давом этсак, келажагимиз қандай бўлади? Қадриятлар қаерга йўқолади? Миллий руҳни ким сақлаб қолади? Лекин энг муҳим бурилиш бу саволларни ўзимизга беришдан бошланади: мен ўзи нима қиляпман? Фарзандимга нимани кўрсатяпман — экранними ёки китобни? Мен суҳбатни танлаяпманми ёки сукутни? Ўз ҳаё­тимни яшаяпманми ёки фақат бошқаларникини кузатяпманми?

Чунки жамиятни четдан кимдир келиб ўзгартириб бермайди. Уни ҳар куни ўз танловларимиз орқали ўзимиз шакллантирамиз.

Бунинг ечими катта эмас, лекин жуда муҳим: оилада жонли суҳбатни яна тиклаш —
муҳим ислоҳот. Китобни қўлга олиш — эзгу кураш. Фарзандга вақт ажратиш — келажакка киритилган сармоя. Мазмунли фикрни бўлишишнинг ўзи ҳам бир маърифатдир.

Яна ўша саволни берамиз, лекин бу сафар у юракка яқинроқ жаранглайди: биз ҳақиқатан яшаяпмизми ёки фақат томоша қиляпмизми?

Агар фақат томошабин бўлиб қолсак, бизнинг ўрнимизга ким яшайди? Агар биз қадриятларимизни асрамасак, уларни ким сақлаб қолади?

Бунинг жавоби оғир. Лекин у мавжуд. Ва у ҳар биримизнинг кундалик танловимиз ­замирида яширинган.

Аҳрор ЖАББОРОВ,

Журналист