Китобда маънавият ҳодисаси тарих ва бугун, Янги Ўзбекистонни янада ривожлантириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш жараёнида инсон, халқ ва жамият тараққиёти, миллий ҳамда умумбашарий қадриятлар таҳлил қилиниб, замонавий билимлар асосланган ҳолда ёритилган. Китоб 15 минг нусхада “Маънавият” нашриётида чоп этилиб, барча таълим муассасалари, кутубхоналар, вазирлик ва идораларга бепул тарқатилади.

– Бугун дунёнинг катта-катта ҳудудлари маънавиятсизлик оловида ёняпти. Уларнинг алангаси жуда баланд ва бошқа мамлакатлар маънавиятини ҳам хавф остига қўймоқда. Ана шу оловни денгиз билан ўчириш мумкин бўлса, бу китоб денгиздан бир томчи. Президентимиз ташаббуси, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида чоп этилган бу тўплам ҳайрли ишларимизнинг навбатдаги маҳсулидир, – деди фалсафа фанлари доктори, профессор Қиёмиддин Назаров.

Тақдимот ОАВ ходимларининг касб байрами арафасида ташкил этилгани муносабати билан йиғилганлар юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка етказишда журналистларнинг ўрни ҳақида ҳам сўз юритдилар. Журналистларнинг Ватанимиз Мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларни миллий ва халқаро даражада кенг жамоатчиликка етказиш, холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш борасидаги шарафли ва масъулиятли фаолияти эътиборга лойиқлиги қайд этилди.

Сўзга чиққанлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркилгини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, соҳанинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани  алоҳида таъкидланди.

Тадбирда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни миллий ва халқаро даражада кенг жамоатчиликка етказишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол журналистлар ҳамда соҳа фидойилари бўлган фахрий журналистларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири