“Бу — Иссиқкўл. У ерда сув билан осмон бир-бирига туташиб турарди. Ундан нарида ҳеч нима йўқ. Кўл ҳаракатсиз, шуъладор, кимсасиз. Фақат қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг оппоқ кўпигини аранг илғаб олиш мумкин,” деб ёзади Чингиз Айтматов “Оқ кема” асарида.

Ўқувчилик йилларим “Оқ кема”ни негадир қайта-қайта ўқирдим. Шу номдаги машҳур бадиий фильмни ҳам телевизордан берилганда ҳар сафар қолдирмасдан кўриб борардим. Ўзимча уларни таққослаган, таҳлил қилган бўлардим.

Мен Чингиз Айтматов асарларида тас­вирланган бадиий олам шайдоси эдим. Табиийки, бу оламдан топганларим  — Жамила, Саиджон, Дониёр, Илёс, Асал, Мўмин чол, унинг балиққа айланган набираси... Танабой, унинг оти — Гулсари каби қаҳрамонларгина эмас, кенг буғдойзорлар, дашту яйловлар, тоғу тошлар, ўру қирлар, гулу гиёҳлар ва яна афсонавий Иссиқкўл... барча-барчаси мен учун ғоятда қадрли эди. Бугун эса, мана, Иссиқкўлдаман!..

Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл халқаро форумининг 40 йиллик юбилей анжуманига таклиф хати келди. Худдики, менга бу хатни оқ кема етказди. Тўғри, мен Қирғизистонга — Бишкекка хизмат юзасидан уч-тўрт маротаба борганман. Иссиқкўлга эса йўлим тушмаган эди. Шунинг учун бўлса керак, таклиф хати олганимда ёш боладай хурсанд бўлиб кетганимни айтмайсизми...

Соат кечки бешлар чамаси Манас халқаро аэропортига қўндик. Бизни кутиб олган йигит ўзини Мирсаид деб таништирди ва дарҳол шаҳар марказидаги меҳмонхона томон машинани елдириб кетди. Уни қарангки, меҳмонхона номи “Оқ кема” экан. Бир қарашда кемани эслатиб юборадиган бинодаги ўзимизга ажратилган хоналарга жойлашдик.

“Ота бейит” — муқаддас зиёратгоҳ

Эрталаб хориждан келган меҳмонлар, қирғиз адиблари жам бўлиб, автоуловларга ўтириб, Чингиз Айтматов қабрини зиёрат қилиш учун “Ота бейит” зиёратгоҳига йўл олдик. “Ота бейит” миллий тарихий-мемориал мажмуаси — қирғиз халқи тарихининг энг фожиали саҳифаларини ўзида жамлаган зиёратгоҳ. Мажмуа Бишкек шаҳридан 30 чақиримча жанубда, Олатов этагида жойлашган. Халқ хотираси, миллий ўзликни англаш ва ўтмиш қурбонларига бўлган чексиз ҳурматнинг рамзи ҳисобланмиш “Ота бейит” сўзи “оталар қабри” маъносини англатади.

Мажмуа ходимининг ҳикоя қилишича, ушбу зиёратгоҳнинг ташкил топиши ХХ асрнинг энг мудҳиш сирларидан бири очилиши билан боғлиқ. 1938 йилнинг ноябрь ойида собиқ Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) томонидан 137 нафар миллат ойдини — қирғиз халқининг фидойи фарзандлари отиб ташланган. Жасадлар эса Чонтош қишлоғидаги ғишт заводининг эски хумига ташланиб, тупроқ билан кўмиб юборилган. Мустабид тузум бу жиноятни сир сақлашга уринган. Аммо бир қизалоқ бу қўрқинчли воқеаларни кўриб қолган. Унинг бу мудҳиш ҳодисаларга гувоҳ бўлганини отасидан бошқа ҳеч ким билмаган.

Бу сир орадан 53 йил ўтиб, 1991 йилда ошкор бўлди. Ўша машъум воқеалар гувоҳи бўлган Бубуйра Қидиралиева исмли аёл отасининг васиятига кўра, ­оммавий қабр жо­йини Қирғизистон давлат хавфсизлик ташкилотига маълум қилган. 1991 йил ­ёзида олиб борилган қазишма ишлари натижасида шаҳид кетганларнинг хоки ва шахсий буюмлари топилади. 1991 йил 30 август­да улар ушбу ҳудудда қайта дафн этилади. Шаҳид кетганлар сафида улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг отаси — Тўрақул ­Айтматов ҳам бўлган. Кейинчалик 2000 йилда бу ерда мемориал мажмуа барпо этилади.

 Шу маънода, “Ота бейит” шунчаки қаб­ристон эмас, балки тарихий ҳақиқат ва адолат тикланган маскандир. Қирғизистонга ташриф буюрадиган хорижий давлат раҳбарлари, дипломатлар ва расмий делегациялар ушбу мажмуага келиб, қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради. Бишкекка йўли тушган зиёли борки, бу жойни, албатта, зиёрат қилади. Шунингдек,
8 ­ноя­брь Қирғизистонда Тарих ва аждодларни хотирлаш куни этиб белгиланган. Шу муносабат билан бу ерда давлат даражасидаги тадбирлар ўтказилади ва ўтганлар ҳақига дуою хайрлар, тиловатлар қилинади. Биз ҳам бу масканни зиёрат қилар эканмиз, хаёлимиздан ўзимиздаги “Шаҳидлар хотираси” майдони, шўро қатағони қурбони бўлган ўзбекнинг гул фарзандлари ­Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Тавалло, Мунавварқори Абдурашидхонов сингари улуғлар ўтди.

Қирғизистон халқ шоири ­Хўжагелди Култегин 1991 йилга қадар Чингиз ­Айтматов ҳам отаси қабри қаерда эканини билмаганини, кейинчалик устоз адиб ҳам ўз васиятига кўра шу ерга қўйилганини изтироб билан ҳикоя қилиб берди. Форум аввалида ташкил этилган бу маҳзун зиёрат қалбимизни ўртагани рост. Бироқ бир таскин ҳам борки, бугун уларнинг қаб­ри топилди. Мустабид тузумнинг зулм­кор қилмиши фош бўлди. Мустақиллик неъматини асраб-авайлаш учун бундай азиз тупроқларни зиёрат қилиш энг улуғ ибратдир.

Қирғизистон дурдонаси

Айтматов асарлари орқали таниганим — Иссиқкўлни кўриш болаликдан катта орзум эди. Бугун буни ўз кўзларим билан кўриб турибман. Ёзувчи тасвирлаганича бор экан. Мусаффо осмон, у ер-бу ерида оппоқ парқу булутлар, оқ сочли тоғ чўққилари ва уларнинг бағрида сирли равишда мавжланиб турган зангори кўл... Йўғ-э, денгиз... Иссиқкўл денгизи! Ўзининг мўътадил, ёқимли иқлими, мусаффо ҳавоси ва қайноқ соҳиллари билан дунёга танилган, баланд тоғлар бағридаги улкан сув ҳавзаси бугунги кунда минтақамиз аҳолиси, хусусан, юртдошларимиз учун севимли дам олиш масканларидан бирига айланиб улгурди. Сафар давомида бир қанча ватандошларимиз билан суҳбатлашдик. Қирғизлар Иссиқкўлни “Қирғизистон дурдонаси” дейишади. Менга қолса бу жойни “Марказий Осиё дурдонаси” деб атаган бўлардим.

Иссиқкўл денгиз сатҳидан 1607 метр баландликда, Тяньшань тоғ тизмалари бағрида жойлашган. У дунёдаги энг йирик баланд тоғ кўллари рўйхатида ­Жанубий Америкадаги Титикака кўлидан кейин иккинчи ўринда туради. Узунлиги 182 километр, кенглиги қарийб 68 километрни ташкил этади. Ушбу улкан ҳавзанинг энг чуқур жойи 668 метрга етади.

Сув таркибида туз миқдори юқорилиги ҳамда улкан сув ҳажми сабабли Иссиқкўл қаҳратон совуқда ҳам музламайди. Иссиқкўл номи шундан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Унга юздан ортиқ катта-кичик тоғ дарёси қуйилса-да, бирортаси оқиб чиқмайди. Бу эса кўлнинг ўзига хос табиий софлиги, озодалигини ва сувининг ниҳоятда тиниқ бўлишини таъминлайди.

Хуллас, бу бетакрор табиат мўъжизасини кўриб, улуғ адиб Чингиз Айтматов анжуман ўтказиш учун бежиз Иссиқкўл бўйларини танламаганига амин бўлдим.

Дунё зиёлиларини бирлаштирган майдон

Иссиқкўл фақат сайёҳлик маскани эмас, балки дунё зиёлиларини бирлаштириб келаётган улкан маърифат-маънавият, фикр-мулоҳаза, таклиф-ташаббус майдони ҳамдир. Бундан роппа-роса 40 йил аввал, 1986 йилда дунёга машҳур қирғиз адиби ва мутафаккири Чингиз Айтматов ташаббуси билан биринчи Иссиқкўл халқаро форуми ташкил этилган эди. У пайтларда собиқ советлар мамлакати ҳукм суриб турган, қизил шўро таркибидаги республикалар бир қадаргина енгил нафас олишни бошлаган паллалар бўлган. Аммо жилов собиқ шўро ҳукумати қўлида бўлган. Шу маънода, бу форум Чингиз Айтматовнинг ҳақиқий маънодаги жасорати маҳсулидир.

Биринчи учрашувдаёқ форум дунёнинг энг таниқли шоир, ёзувчи, драматург, олим ва санъаткорлари бошини бириктирган. Айтматовнинг шахсий таклифи билан дунёнинг 17 машҳур зиёлиси анжуманда иштирок этган. Булар орасида Нобель мукофоти соҳиби Клод Симон, машҳур адиблар Артур Миллер, Жеймс Болдуин, Яшар Камол, машҳур актёр, драматург ва режиссёр Питер Устинов бўлган. Анжуман ҳақида Чингиз Айтматов “Биз Иссиқкўл қирғоқларида шунчаки дийдорлашиш учун эмас, балки сайёрамиз тақдири ҳақида фикр юритиш, янгича фикрлаш маданиятини яратиш ва инсониятни маънавий ҳалокатдан қутқариш йўлларини биргаликда излаш учун йиғилдик. Бу кўл дунё тафаккурини уйғотувчи бешикдир”,  деган эди.

Орадан 11 йил ўтиб, 1997 йилда яна Иссиқкўл форуми бўлиб ўтади. Бу тадбирга ҳам Айтматовнинг ўзи бош бўлади. Анжуманда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби, испаниялик олим ва ёзувчи Федерико Майор, машҳур сиёсатчи ­Михаил Горбачёв, атоқли шоир ва ёзувчилар Евгений Евтушенко, Мухтор ­Шаханов, ҳабашистонлик машҳур ­рассом ва ҳайкалтарош Афеверк Текле фаол иштирок этган. Ўзбекистондан Ўзбекис­тон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов, атоқли ўзбек адиблари Аҳмад Аъзам, Салим Ашур, Амирқул Карим қатнашган. 

2018 йил бўлиб ўтган Иссиқкўл хал­қаро форуми улуғ адиб Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган эди. Мазкур анжуманда дунёнинг 25 давлатидан 155 нафар таниқли ёзувчи, олим ва жамоат арбоби иштирок этган.

Қозоқ шеъриятининг ёрқин намоян­даларидан бири Ўлжас Сулаймонов, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим, таржимон Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист, айт­матовшунос олим Аҳмаджон ­Мелибоев, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев каби атоқли адиб ва олимлар иштироки ўз вақтида форум нуфузини оширишга хизмат қилган деб айтишимиз мумкин.

Биргаликда келажак сари

Жорий йилнинг 18-21 июнь кунлари Иссиқкўл халқаро форумининг навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Бу йилги тадбир “Дунё тамаддуни бурилиш палласида: биргаликда келажак сари” шиори остида иқлим инқирози, сув тақчиллиги, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва сунъий интеллект (AI) асрида умуминсоний қадриятларни асраб-­авайлашга бағишланди. Анжуманни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров очиб берди. Форум ҳамиша атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, адабиёт ва санъат намояндаларини ўз атрофида бирлаштириб келган. Анжуманда 17 мамлакатдан саксондан ортиқ вакил иштирок этди. Ўзбекистондан ҳам нуфузли делегация қатнашди.

Бу галги Иссиқкўл форумида қатор масалалар кун тартибига қўйилди. Ушбу юбилей форум якунида тадбирни ҳар тўрт йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказиш, ёш олимлар ва изланувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Чингиз Айтматов номидаги халқаро стипендия жорий этиш, БМТга Иссиқкўл форумига халқаро мақом бериш ҳамда уни глобал гуманизм, ядросиз ва хавфсиз дунё ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи ҳамкор тузилмалар қаторига киритиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат этиш каби ташаббуслар бўйича махсус резолюция қабул қилинди.

Нуфузли анжуманда адабиёт йўналишидаги Нобель мукофоти соҳиби, хитойлик машҳур адиб Мо Ян ҳам иштирок этиб, форумнинг тарихий мақомига юқори баҳо берди: “Айтматов асос солган бу форум инсоният ўзини англаши учун дунёга очилган бетакрор кўзгудир. Иссиқкўлнинг соф суви бизга глобал экологик ва технологик инқирозлар даврида қалбимизни тоза сақлашни эслатиб туради”.

Анжуманда бу каби фикр-мулоҳазалар кўплаб иштирокчилар томонидан айтилди. Ҳикматмонанд сўзларни тинглаб, бир мулоҳазага борасан киши: адабиёт доимо қалбларни бирлаштириб, қалқиб турган дунёда эзгулик мангу эканини эслатиб туради. Тинчлик, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлашни онгу шууримизга сингдиради.

Ана шундай хайрли эътирофлар кўнгилдан кечар экан, кечинмаларинг беихтиёр тилингга кўчади: адабиёт — буюк мўъжиза! Адабиёт — буюк қудрат! Яшасин адабиёт!..

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси