Давлатимиз раҳбари бу борада Ўзбекистондаги имкониятлар таҳлилига ҳам тўхталди. Таъкидланганидек, хўраки узум бўйича экспорт салоҳиятимиз камида 600 миллион доллар, майиз 500 миллион доллар ва табиий вино 100 миллион долларга тенг. Европада 800 миллион, Хитойда 600 миллион, Россияда 300 миллион, Ҳиндистонда 250 миллион долларлик экспорт бозори мавжуд.
Таҳлилчилар фикрича, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олса бўлади. Шунингдек, узум данагидан олинадиган 1 килограмм ёғнинг жаҳон бозоридаги нархи 10-15 доллар бўлиб, бизда 1 йилда 1,5 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Яна бир таҳлил. 1 гектар ғалла майдонида 2 киши банд бўлиб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини доимий ва мавсумий банд қилиш ва 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин. Бундан ташқари, узум кўчати 4-5 йиллик бўлгунича оралиқ экин экиш орқали яна миллионлаб сўм даромад кўриш мумкин.
Йиғилишда узумчилик соҳасида йиллар давомида тўпланган тажриба йилдан йилга йўқолиб бораётгани танқидий баҳоланди.
Маълум бўлишича, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони кейинги йилларда 7 минг гектарга камайган. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Фарғона вилоятларида эса аксинча, токзорлар майдони кўпайган.