Уч таниқли жадидшунос олимнинг “Жадидлар фаолияти — ибрат мактаби” (“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 28 декабрь) мақоласида кўтарилган масала биз, ХХ аср ўзбек адабиёти тадқиқотчиларини бир неча йилдан бери безовта қилиб келаётган муҳим халқаро аҳамиятга молик масаладир.
Шу кеча-кундузда, дунёда тарихнинг магистрал йўлидан бораётган инсониятни чалғитувчи бир-биридан қабиҳ ғоялар, маслаклар, ҳатто урушлар авж олиб бораётган бир пайтда ўзбек олимларининг ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати ва адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ҳақидаги таклифи замирида катта мақсад ва маъно бор.
Бу феноменал ҳодиса АҚШ, Германия, Франция, Япония, Туркия олимлари томонидан ўтган асрнинг 50-йилларидаёқ ўрганила бошлангани тасодифий ҳол эмас.
Чор Россияси исканжасида яшаган, ижтимоий ва маданий тараққиётдан анча орқада қолган Туркистондан бир гуруҳ ёшларнинг отилиб чиқиши, халқни маърифатни эгаллаб, қуллик кишанларини парчалаб ташлашга чақириши фавқулодда буюк бир воқеа эди.
1917 йил февраль инқилобидан кейин қисқа муддат бўлса-да, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг барпо этилиши, Октябрь тўнтаришидан кейин эса янги илм-фан ва маданиятнинг майдонга келишида жадид оталаримизнинг хизматлари оз эмас.
Фидойи зотлар
Совет давлатининг 1919 йилдан 1937 йилгача бўлган даврда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий сингари буюк жадидларни отиб ташлагани, ўзбек халқини доҳийсиз қолдиргани тасодифий эмас.
Чунки улар — бу фидойи зотлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш учун бор кучларини сафарбар этиш ва шу йўлда ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр эдилар. Бундай фидойи кишилар қатл қилинганидан кейин ҳам уларнинг руҳи янги авлодни миллат ва Ватан манфаати йўлида курашга даъват этиб туради.
Биз, шўро даври фуқаролари, давлат ва хусусий архивлардаги жадидчиликка оид материалларни куйдирган ва куйдираётган пайтимизда хорижий олимлар Москва, Ленинград, Қозон, Тошкент, Самарқанд, Душанбе сингари шаҳарларга бориб, хусусий архивлардаги кўплаб ноёб материалларни олиб кетган. (Хорижий олимларнинг айтишича, Қозон университетининг асосий кутубхонаси ва Татаристон давлат архивида ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Туркистонда нашр этилган китоб, рисола ва газеталарнинг аксар қисми на ўзбек, на хориж олимлари томонидан ўрганилган).
Улар хизмат қилган ва хизмат қилаётган университетларнинг кутубхоналарида Ўзбекистондаги жадидчиликка оид шундай материаллар борки, кўриб, ҳайратга тушасиз. Ўзбекистондаги “яширин бизнес” билан шуғулланган кимсалар нафақат хориждаги музейларнинг санъат асарлари билан, балки шу кутубхоналар фондининг ноёб китоблар, ҳужжатлар ва қўлёзмалар билан ҳам бойишига ўз “ҳисса”ларини қўшган.
Сўнгги кунлардагина рухсат берилган
Агар мамлакатимизда халқаро жадидчилик академияси ташкил этилса, ўзбек жадидшунослари олдида янги изланишлар майдони очилган, халқаро илмий алоқалар яхши йўлга қўйилган, изланишлар ва олиб борилган тадқиқотлар натижалари ўзбек ва инглиз тилларида нашр этилиб, Халқаро жадидчилик академияси жаҳоннинг нуфузли илмий марказларидан бири сифатида фаолият олиб борган бўларди.
Ўзбекистонда жадидчиликни ўрганишга СССРнинг сўнгги кунларида рухсат берилган. Ўзбек адабиётшунос олимлари ўтган давр мобайнида “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” (Б.Қосимов ва бошқалар), Б.Дўстқораевнинг “Ўзбек журналистикаси тарихи” дарсликлари, А.Бобохонов ва М.Махсумовнинг “Абдулла Авлоний”, Б.Қосимовнинг “Миллий Уйғониш”, Ш.Ризаевнинг “Жадид драмаси”, Ҳ.Болтабоевнинг “Фитрат ва фитратшунослик”, каминанинг “Чўлпон” ва “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, С.Мирвалиевнинг “Абдулла Қодирий” сингари монографияларини нашр эттирдилар.
Жумладан, А.Алиев, Ш.Юсупов, С.Қосимов, Ш.Турдиев, С.Аҳмедов, Д.Алимова, С.Холбоев ва бошқа олимларнинг рисола ва мақолалари чоп этилди. М.Беҳбудий, Мунавварқори, А.Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Тавалло, Ҳожи Муин ва бошқа жадидларнинг бир, шунингдек, кўп жилдлик асарлари халққа тақдим этилди.
Шараф билан бажарилган муқаддас бурч
Шу йилларда етишиб чиққан фидойи олимлар устоз жадидлар хотираси олдидаги муқаддас бурчини шараф билан бажарди.
Афсуски, улар жадид адабиётининг пешқадам намояндалари тўғрисида ўнлаб монография, рисола ва мақолалар ёзгани, телекўрсатувлар тайёрлаганига қарамай, айрим кишилар ҳали ҳам жадидларни Ўзбекистон халқ ёзувчилари, Ленин комсомоли мукофоти совриндорлари билан адаштириб юради.
Айниқса, айрим газета ва журналларнинг 1912 йилда туғилган ва шўро даври ўзбек адабиётининг вакили бўлган Усмон Носирни ўқувчиларга жадид шоир сифатида тақдим этиб келиши ачинарли ҳолдир.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг жадид адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлганлиги эса бутунлай унутиб юборилди. Ҳолбуки, Ҳамза жадид драматургиясининг кўзга кўринган намояндаси бўлибгина қолмай, биринчи ўзбек романи — “Янги саодат”нинг муаллифи ҳамдир.
Бу асарнинг жадид адабиёти намунаси эканлиги унинг қимматини асло туширмайди. Аксинча, жадид ёзувчиларининг, айниқса, Ҳамзанинг 1914 йилдаёқ биринчи ўзбек романини ёзиб, миллий адабиётимизни янги адабий жанр билан бойитишга интилгани, асардаги бош қаҳрамонлар образи орқали жадидчилик ғояларини ёрқин ифодалагани таҳсинга сазовор.
“Тазкираи Қайюмий” сингари манбаларни, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти ва Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи фондларини ўрганиш шундан шаҳодат берадики, ҳали жадидшунос олимлар назарига тушмаган жадид шоирлар, жадид маърифатпарварлар оз бўлмаган.
Бизга номаълум бўлган бир неча жадид шоирларнинг номини Ҳамид Олимжон ва Отажон Ҳошимнинг жадид адабиётига бағишланган мақолаларида учратиш, шу шоирлар асарларидан олинган парчалар асосида улар ижоди ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Айтмоқчимизки, жадид муаллимлар, шоирлар ва журналистлар жадид адабиёти ва журналистикасига бағишланган дарсликлардан ўрин олган жадидларга қараганда кўп бўлган. Улар кўп бўлгани ва жадидчиликнинг турли соҳаларида фаолият олиб боргани сабабли шу йиллардаги жамиятни ларзага келтирган.
Жадидчилик ўз-ўзидан дунёга келмаган. Колониал зулм ХVII-ХIХ асрлардаги ижтимоий-маданий таназзул, айниқса, рус мустамлакачилиги даврида маърифат ва маданиятдан орқада қолган, ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлари топталган, оғир иқтисодий ҳаётни бошидан кечирган ва кечираётган Туркистон халқининг сабр косасини тўлдириб юборди. Аммо уни зулмга қарши бош кўтаришга даъват этувчи доҳий ҳали туғилмаган эди.
Янги савдогарлар авлоди
Шу йилларда янги савдогарлар авлоди шаклланди. Бу авлод вакиллари Туркистон ва Россиядан узоқда жойлашган мамлакатларга бориб, уларда истиқомат қилаётган халқнинг — дини, миллати ва менталитети қандай бўлишидан қатъи назар, Туркистон аҳолисига қараганда бир неча баравар яхши яшаётганини, маданият ва маърифат меваларидан баҳраманд бўлаётганини ўз кўзлари билан кўрди. Сайёҳ савдогарлар ва сайёҳ маърифатли кишиларнинг матбуотда эълон қилинган саёҳатномалари шу даврдаги тарихий шароитнинг “қўнғироғи” сифатида зиёлиларни мудроқ уйқудан уйғотиб юборди. Ортиқ “айиқлар уйқуси” билан яшаш мумкин эмас эди.
Миллат мунавварлари ватандошларининг қўшни халқлардек фаровон ва маданий турмуш кечиришлари учун уларни уйғотиш, улар яшаётган ғариб кулбаларга маърифат ва тараққиёт нурларини олиб кириш лозим, деган қарорга келди.
Жадидларнинг акалари
Жадидчилик ҳаракати шу тарзда бошланди. Жадид мактаблари пайдо бўлди, газеталари нашр этила бошлади. Жадид театри майдонга чиқди.
Айниқса, жадид театрининг туғилиши жадидчилик ва тараққийпарварлик ғоялари халқнинг ҳар бир қатламига етиб боришига имконият берди. Бу тарихда бўлмаган улкан ва буюк ҳаракат эди! Бу ҳаракатнинг доҳийлари ва уларнинг сафдошлари эса ўз ҳаётини ватандошларининг эркин, фаровон ва бахтли яшаши йўлида фидо қилган кишилар эди.
Биз “жадидчилик” деганда, аввало, М.Беҳбудийни кўз олдимизга келтирамиз. Аммо Беҳбудийдан олдин ҳам дунёда фан, техника, санъат деган феноменлар борлигини билган, Тошкентдаги рус гимназияси тўғрисида шеър ёзибгина қолмай, ёш ватандошларини билим олишга даъват этган, гимназиянинг кимё ва физика лабораторияларини тасвирлабгина қолмай, замонавий техникани эгалламай туриб, мустамлакачилик кишанларини парчалаш мумкин эмаслигини англаган, Суворов ҳақидаги спектаклни кўриб, шундай санъат кошонаси Тошкентнинг Эски шаҳарида ҳам бўлишини орзу қилган Фурқат ва Муқимий сингари шоирлар ҳам бўлган.
Улар жадидларнинг акалари. Маърифат тароналарини биринчи бўлиб шу шоирлар авлоди куйлаган. Шунинг учун ҳам жадидчилик тарихи ёзила бошлаганда, бу тарихнинг биринчи боби ХIХ асрнинг иккинчи ярмида дунёга келган ўзбек маърифатпарварлик адабиётига бағишланган бўлса, айни муддао бўларди. Зеро, Фитратсиз Беҳбудийни, Муқимийсиз Таваллони тасаввур қилиш қийин.
Шояд, ширин орзуларимиз рўёбга чиқса
Туркистондаги жадидчилик ҳаракатини Татаристон, Озарбайжон ва Туркиядаги жадидчилик ҳаракати билан қиёсий ўрганиш, улар ўртасидаги ижодий алоқа ва ҳамкорлик саҳифаларини нурлантириш қандай муҳим аҳамиятга эга бўлса, бу масалалар устида хорижий олимлар билан бирга ишлаш, жадид адабиёти намояндаларининг асарларидан иборат “Туркистондаги жадид адабиёти” туркумини ва “Туркистон жадидлари” биографик китоблар туркумини яратиш ундан-да катта аҳамиятга молик.
Камина юқорида баён қилинган фикрлар билан “Халқаро жадидчилик академияси”ни ташкил этиш ғоясини тўла қўллаб-қувватлаш билан бирга барпо этилиши мумкин бўлган академиянинг раҳбарияти ва илмий ходимлари олдида қандай муҳим вазифалар турганини ҳам айтиб ўтишни лозим, деб ҳисоблади.
Шояд, ширин орзуларимиз рўёбга чиқса. Шояд, уч жадидшунос олимнинг “Халқаро жадидчилик академияси”ни барпо этиш ҳақидаги таклифи илмий жамоатчиликка ҳам, жадидчилик даври ва жадидлар фаолиятига катта қизиқиш билан қараётган муҳтарам Президентимизга ҳам манзур бўлган бўлса...
Наим КАРИМОВ,
академик