Маълумотга кўра, 2025 йил якунларига кўра, такси агрегаторлари орқали амалга оширилган транзакциялар ва ҳайдовчилар фаолиятига оид муҳим кўрсаткичлар очиқланди.

Ўтган йил давомида жами 479 млн марта йўловчи ташиш хизмати кўрсатилган бўлиб, умумий айланма 9,6 трлн сўмдан ошди. Тўловлар таркиби ҳали ҳам нақд пул устуворлигини кўрсатмоқда:

  • Нақд тўловлар: 6,7 трлн сўм (70,2%);
  • Нақдсиз тўловлар: 2,8 трлн сўм (29,8%);
  • Ўртача чек қиймати: 20 082,5 сўм.

Ҳозирда 224 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинган.

Бугунги кунда агрегаторлар орқали 574,6 минг нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда.

  • Аёл ҳайдовчилар: Соҳада 4 726 нафар аёл фаолият юритмоқда.
  • Ёш тоифаси: Ҳайдовчиларнинг асосий қисми (59,1%) 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган шахслардир.

Даромадлар тақсимотига кўра:

  • 100 млн сўмдан ортиқ — 15,5 минг нафар;
  • 50–100 млн сўм — 36,9 минг;
  • 10–50 млн сўм — 143,8 минг;
  • 5–10 млн сўм — 71,8 минг;
  • 1–5 млн сўм — 146,7 минг;
  • 1 млн сўмгача — 159,7 минг ҳайдовчи.

Такси хизматида энг оммабоп моделлар учлиги:

  1. Cobalt – 23,7%
  2. Nexia – 20,7%
  3. Lacetti – 16,9%

Эътиборли жиҳати, бозорда электромобиллар улуши 1,9% ни ташкил этди. Автомобилларнинг ёши бўйича эса 3-5 йиллик машиналар (41,3%) кўпчиликни ташкил этади.

Тизимнинг шаффофлашиши натижасида 2025 йилда такси агрегаторлари томонидан жами 128,2 млрд сўм солиқ тўланган. Шундан 63,6 млрд сўми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳиссасига тўғри келади.

Маълумот учун: Соҳадаги бундай шаффофлик нафақат бюджет тушумларини таъминлайди, балки йўловчилар ва ҳайдовчилар хавфсизлигини оширишга хизмат қилувчи суғурта ва бошқа ижтимоий кафолатларни жорий этишга замин яратади.