Бугун бу манзара тамомила ўзгарди, шароит ва имкониятлар замони келди. Масалан, назарий билим олаётган талабаларнинг амалиётда кўникмасини мустаҳкамлашига, бу орқали моддий эҳтиёжи таъминланишига, шартнома пулини йил давомида бўлиб тўлашига шароит яратилди. Бу шартнома асосида таълим олаётган талабага катта имконият, дегани.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оила фарзандлари, эътиборга муҳтож ёшларнинг таълим олишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги томонидан эълон қилинган “Талабага мадад” лойиҳаси юртимиздаги кўплаб ёшларнинг орзулари ушалишига чин маънода мадад бўлмоқда. Лойиҳа доирасида иқтисодий муаммоларга дуч келаётган, боқувчисини йўқотган, ота-онасида (ёки уларнинг бирида) ногиронлиги бўлган, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиси, ёш оилалар, “ижтимоий ҳимоя” ягона реестрига киритилган оила фарзандлари каби тоифаларга мансуб талаба-ёшларнинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилмоқда.
Бунда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи кундузги, сиртқи, кечки ва махсус-сиртқи таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида таҳсил оладиган талаба-ёшларнинг умумий тўлов-шартнома суммасининг 50 фоизгача бўлган миқдори тўлаб берилади. Лойиҳа ёшларни хурсанд қилмоқда.
Сардор Тўйчиев, Тошкент кимё технологиялари институти 3-курс талабаси:
– Ота-онамиз бизнинг олий маълумот олиб, бирор касб этагидан тутишимизни, жамиятда ўз ўрнимизни топишимизни жуда хоҳлайди. Болалигимиздан таълим-тарбиямизга жиддий эътибор қаратиб, фанларни ўзлаштиришимизни назорат қиларди. Астойдил ўқидим, бироқ имтиҳон натижаларига кўра, институтга шартнома асосида қабул қилиндим. “Ўқиб, келаси йил қайта топшираман” десам, шаштим пасайишидан чўчидим. Ўқишни бошладим. Биринчи йил ота-онамнинг ёрдами билан шартнома пулини тўладик.
Дадам — деҳқон, онам — уй бекаси. Пандемия оиламизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Маҳалладан “Ёшлар дафтари”га киритишди. Шу орқали моддий кўмак олиб турдик. 2-курсга ўтгач, маблағ йўқлигидан иш қидира бошладим. Савдо мажмуасидан иш топдим. Дарсдан сўнг ишга югураман. Қувонарлиси, бахтимга шартнома пулини йил давомида бўлиб тўлашга имконият берилди. Бу йил ҳам ёзги таътил давомида ишлаб, бироз пул жамғардим.
Синглим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Иккаламизнинг ўқишимиз учун пул топиш оиламиз учун осон эмас. Шундай кунларнинг бирида курсдошларимдан эҳтиёжманд талабаларга давлат томонидан шартнома пули тўлаб берилаётгани ҳақида эшитдим. Йўл-йўриғини сўраб олгач, онлайн ариза юбордим. Орадан ҳеч қанча ўтмай, менга Ёшлар ишлари агентлиги Бекобод тумани бўлимидан телефон қилишиб, шартномам учун пул ўтказилишини, сертификатни олишга боришим зарурлигини айтишди. Тўғриси, кутилмаган хабардан қувониб кетдим.
Институтга кирганимдан инглиз ва корейс тилларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат бошладим. Чунки тил билиш орқали ўз йўналишим бўйича дунёнинг етакчи университетларида ўқишни давом эттиришим, тажриба тўплашим, бу орқали юртимиз кимё саноати ривожига ҳисса қўшишим мумкин. Сертификат олган куним корейс тилидан имтиҳоним бор эди. Имтиҳонда берилган 50 та саволдан 48 тасига тўғри жавоб бердим ва Корея Республикасининг Тошкентдаги таълим марказида бир йил давомида бепул ўқиш имтиёзини қўлга киритдим. Марказда астойдил тил ўргансам, келаси йил институтни битиргач, магистратурани шу давлатда ўқишни ўз олдимга мақсад қилдим.
Бу йўлда менга давлатимиз томонидан ўз вақтида берилган имконият қанот бўлди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби, эътиборга муносиб жавоб қайтариш учун ҳам астойдил изланаман.
Моҳинур Абдуҳакимова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 4-курс талабаси:
— Оилада тўрт фарзандмиз. Университетга кириш учун тайёргарлик кўриб юрган йилларим отам вафот этди. Тўрт фарзандни тарбиялаш, ўқитиш ёлғиз онамнинг гарданида қолди. Томорқада етиштирилган сабзавотни сотиш эвазига кун кўрдик. Онам ортганини оз-оздан йиғиб қўярди. Вазиятимиз маълумлиги учун астойдил ўқидим, имтиҳонларга пухта ҳозирлик кўрдим. Афсуски, билимим етмади, контрактга тушдим. Ўқимайман деб қатъий туриб олдим, лекин онам: “Қиз боласан, келаси йил киролмасанг ёки яна контрактга кирсанг, бир йил ютқазасан”, деб ўқитиш пайига тушди. Қариндош-уруғлар ҳам қараб турмади. Коллежда компьютер графикаси бўйича ўқиганим қўл келиб, бир фирмага ишга кирдим. Тушгача ўқиб, тушдан сўнг ишлаб, шартнома пулини тўлашга ҳаракат қилдим.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Талабага мадад” лойиҳаси эълон қилиниши мен каби талабаларга чин маънода мадад бўлди. Онлайн ариза топширдим. Аризам кўриб чиқилиб, шартнома пули давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Онамнинг қувончини бир кўрсангиз эди!..
Бу таълим олишимиз, етук кадр бўлиб етишишимиз учун берилган имкониятлардан биридир. Бу имконият биз — ёшларга, шунингдек, оиламизга катта мадад бўлди. Мен тақдиримизга бефарқ қарамаган Президентимизга, барчага миннатдорлик билдираман.
Б.Юнусова ёзиб олди.