Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида талабалар тураржойлари хусусидаги янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«2022 йилда 60 та талабалар турар-жойида қурилиш, тендер, лойиҳалаштириш жараёнлари кетяпти. Шу ишлар доирасида айни вақтда 38 та талабалар турар-жойи қуриляпти.

Нега бу ётоқхоналар ўқув йили бошланишидан аввал фойдаланишга топширилмади?

Қурилиш билан боғлиқ жараёнлар бизга боғлиқ эмас. Ўзим ректор сифатида фаолият юритганимда бошимдан ўтказганман, қурилишни бошлаш учун унинг ҳужжатлаштириш ишларига қарийб қурилишга кетадиган муддатча вақт кетади. Мен буни танқид қилмоқчи эмасман. Чунки пухта бўлиши керак, у ижтимоий объект, асрлар давомида хизмат қилиши керак.

Шунинг учун 2022 йилда фойдаланишга топширилиши керак бўлган 30 минг ўринли 60 та ётоқхона айни вақтда қурилиш, лойиҳа ва тендер жараёнида.

Бу вазиятдан қандай чиқиш керак?

Президент топшириғи билан ижарада турувчи талабалар учун бюджетдан пул ажратилди. 2022 йилда бунинг учун 120 миллиард сўм ажратилди. Бугунги, 9 сентябрь ҳолатига кўра, шундан 15 миллиард сўми мақсадли йўналтирилди».

Вазир ижара масаласида яратилган имкониятлар ва бугунги ҳолат ҳақида ҳам изоҳ берди:

 «Илгари хонадон эгалари солиқчилар билан шартнома қилиши, яъни олган даромадидан солиқ тўлаши керак эди. Буни аксарият хонадон эгалари, ҳам ташвиш, ҳам харажат нуқтаи назаридан хоҳламади. 1 январдан бу жараён солиқдан озод этилган эди. Шунда ҳам хонадон эгалари хоҳлашмади. Шаҳарда уйлар кенгайди, лекин одамларнинг бағри торайди. Аввал ҳар бир хонадон 2-3 нафар талаба бўларди маҳаллаларда.

Шунинг ҳисобига ҳозир талабалар турар-жойи билан боғлиқ босим кучайди. Аҳоли истамаётган, ўзининг «комфорт» ҳаётидан чиқишни хоҳламаётган бўлса, давлат ўзининг фуқароларини ҳимоя қилади, деди Президентимиз. Шунинг учун ижара тизими жорий қилинди. Раҳбарият шунақа топшириқ берди, ҳозир шартномани талаб қилмасдан субсидия бериш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда».