Бугун юртимизда илм-фанни ривожлантириш, пировардида, мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш учун барча соҳалар қаторида олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномасида ҳам соҳадаги ўзгаришлар тилга олиниб, олий таълим тизимининг келгуси тараққиёти учун долзарб бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг олий таълимда сифат босқичига ўтиш ҳақидаги талаби жуда ўринли бўлди. Бу борада барча олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ўз олдига тегишли вазифаларни қўйиб, ижросига киришгани шубҳасиз. Жумладан, Жиззах давлат педагогика университети жамоаси ҳам ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича зарур мақсад ва марраларни белгилаб олди.
Президентимизнинг ўтган йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтига Жиззах давлат педагогика университети мақоми берилди.
Ушбу тарихий ҳужжат университет фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, талабаларга муносиб шароит яратиш, ёш педагог кадрларни қўллаб-қувватлашда муҳим асосга айланди. Сўнгги йилларда мазкур олийгоҳ ўқишни ният қилиб, ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони бўйича энг олдинги ўринларни қайд қилиб келаётганини эслаб ўтиш жоиз.
Хусусан, жорий ўқув йилида қарийб 36 минг йигит-қиз ҳужжат топширди. Уларнинг энг билимли ва омадлилари 27 та кундузги бакалавриат, 11 та сиртқи таълим, 20 та магистратура бўлимида зарур мутахассисликни эгаллаш имкониятига эга бўлди. Ўтган ўқув йилида олийгоҳда ўқув жиҳозлари, лабораторияларга бўлган эҳтиёж тўлиқ ўрганиб чиқилди ва рўйхати шакллантирилди.
Биология ва кимё, технологик таълим йўналишларининг ўқув лабораторияларига Осиё тараққиёт банкининг 45 минг долларлик маблағи ҳисобидан махсус жиҳозлар келтирилди. Жорий йилги ўқув мавсумида ҳам ушбу ишлар давом эттирилади. Шунингдек, 2023 йилда университетнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан 600 ўринли талабалар турар жойи барпо этиш режалаштирилган.
Таълимда илғор хорижий тажрибалар
Жиззах давлат педагогика университети дунёдаги етакчи хорижий ОТМлар билан алоқа ўрнатиб, улар билан ҳамкорликни амалга оширишда яқин йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқди. Унинг негизида бир қатор самарали ишлар йўлга қўйилмоқда. Университетимизда Англиянинг “Norwich Institute for language education” ҳамда Портсмут университетлари, Франциянинг “INSHEA National Higher Institute for Training and Research on Special needs education” махсус имконияти чекланган Миллий илмий-тадқиқот институти, Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск, Томск шаҳарларидаги университетлари, Туркия, Жанубий Корея, Польша, Беларусь, Украина, Озарбайжон давлатларининг олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Бунинг натижасида профессорўқитувчиларимиз тажриба алмашиш мақсадида хорижда бўлиб қайтмоқда. Ўтган йил ҳисобидан 20 нафарга яқин ўқитувчимиз Россия Федерацияси, Англия каби давлатларда илмий педагогик стажировка ўтаб келди. Олийгоҳимизда таълимнинг тегишли йўналиш ва мутахассисликлари бўйича ўқувметодик адабиётлар яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб қилган ҳолда, фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Келгусидаги режаларимиздан яна бири истиқболли битирувчиларни хорижий олий таълим муассасаларига ва илмий-тадқиқот марказларига тегишлича бакалавриат, магистратура ҳамда докторантурада ўқишга юбориш орқали университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини янада ошириш, педагогик технологиялар ва ўқитиш услуб ларини такомиллаштиришдир.
Бугун олийгоҳимиз юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби, замонавий таълим технологиялари, инновацион таълим дастурлари, жумладан, етакчи хорижий университетлар билан 2+2, 3+1 каби қўшма дастурларини жорий этиш орқали ўзига хос хусусиятларга эга замонавий таълим муассасаларидан бирига айланмоқда.
Ҳавас билан экилган дарахтлар
Бугунги кунда яшил ҳудудларни сақлаш ва кенгайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ана шундай эзгу амаллардан. 2021 йилнинг ноябрида жамоамиз билан Куёвбоши маҳалласи ҳудудида жойлашган математика ва информатика факультетида “Университет боғи”ни ташкил этдик. Ўқитувчи ва талабалар саъй-ҳаракати билан боққа арча кўчатлари ўтқазилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йили 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видео селектор йиғилишида 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Мазкур акция доирасида Жиззах давлат педагогика университети томонидан ҳудудларда 11 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Шунингдек, университетимиз талабалари Жиззах шаҳридаги Боғишамол ҳудудида “Талабалар боғи”ни барпо этиш устида ҳам иш олиб бормоқда.
“Дунё яшиллиги ва тоза нафас учун менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида талабалардан иборат кўнгиллилар жамоаси ёрдамида Боғишамолда қад ростлаётган университетнинг янги биноси ҳамда бош биноси атрофига минг тупдан ортиқ терак, қайрағоч, бодом каби манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилди.
Иқтидорлилар қўллаб-қувватланмоқда
Мамлакат тараққиётини ёшларнинг ташаббускорлигисиз тасаввур қилиш қийин. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Олийгоҳда таҳсил олаётган қарийб 20 минг йигит-қиз орасидан 770 нафар иқтидорли талаба белгиланган мезонлар асосида саралаб олинган. Уларга юқори натижаларга эришган салоҳиятли профессорўқитувчилар бириктирилган.
Айни пайтда таълим муассасамизда 12 йўналиш бўйича илмийижодий тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Иқтидорли талабалар кўплаб халқаро ва маҳаллий олимпиадалар, турли кўриктанловларда иштирок этиб, салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, жорий ўқув йилида 13 нафар талабамиз давлат стипендияларини қўлга киритгани биз учун фахрдир.
Ижара муаммосига ечим
Бугун юртимиздаги деярли барча олий ўқув юртларида талабалар учун турар жой муаммоси мавжуд. Жиззах давлат педагогика университети бундан мустасно эмас. Айни пайтда муассасамизда кундузги таълимда таҳсил олаётган қарийб 11 минг талабадан 5 мингга яқини ижара хонадонларда истиқомат қилади. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида биз барча тьюторларни планшет билан таъминладик.
Натижада улар томонидан 2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 8 мингдан зиёд талабанинг тураржой манзили ўрганилиб, геолокацияси шакллантирилди. Жумладан, 6 минг 569 нафар талаба “яшил”, 1 минг 700 нафари “сариқ” ҳудуддаги хонадонларда яшаётгани аниқланди, Тьюторлар томонидан “қизил” ҳудуддаги хонадонларга жойлашган талабалар “сариқ” ва “яшил” даражадаги ижара хонадонларга ўтказилди.
Айни пайтда университетда 4+2 дастури асосида ўқиш йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлайди. Бўлажак педагоглар ҳафтанинг 4 кунида олий таълим муассасасида педагогика, психология, умумтаълим фанлари бўйича зарурий билимни ўзлаштирса, 2 кун эгаллаган билимини мактаб амалиётида қўллаш орқали касбий лаёқатга эга бўлмоқда.
Университетда “Мобиль методик гуруҳ”лар шакллантирилган. Улар умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг методик, ижтимоий-педагогик ва психологик компетентлигини ривожлантиришдан иборат. “Мобиль методик гуруҳлар” университетга бириктирилган Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларидаги бир нечта мактабда бўлиб, у ерда фаолият олиб бораётган она тили ва адабиёт, чет тиллари, тарих, математика, физика, кимё, биология ва география фан ўқитувчиларининг билимини диагностикадан ўтказиш ва яхшилашга кўмаклашди.
Ушбу диагностика натижасидан келиб чиқиб, ўқув йили давомида бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган машғулотларни ташкил этиш ҳамда ўқувчиларни олий ва касбий таълимга йўналтиришга қаратилган тарғибот ишларини йўлга қўйди. Ўқув даргоҳимизда ривожланган хорижий мамлакатлар университетлари тажрибасини ўрганган ҳолда “Регистратор офиси” ташкил этилди.
У фанларга талабаларни бириктириш ва уларнинг ўқув давридаги барча ўзлаштириш кўрсаткичларини қайд қилиш, ўқув фаолиятининг кредит-модуль тизимида ташкил этилишини назоратга олади. Ушбу марказлашган тузилма талабаларга ўқув жараёнини белгилаб олиш, фанларга ва имтиҳонларга регистрация жараёнини ташкил этиш, HEMIS, Moodle LMS таълим платформалари ва идоралараро ягона электрон ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланишда тегишли маслаҳат бериш, муаммоларни ҳал қилишда яқиндан кўмаклашади.
Муҳим янгиликларимиздан яна бири шуки, олийгоҳда ўтган йилнинг сентябрь ойидан халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўлими фаолият бошлади. Дастлаб бўлим томонидан халқаро рейтинг агентликлари қандай тартибда иш олиб бориши, улар университетларни қайси тартибда баҳолаши ўрганилди. Жиззах давлат педагогика университетига мос келувчи рейтингларни аниқлаш мақсадида бир қанча рейтинг агентликлари ва уларнинг ўлчов индикаторлари ўрганиб чиқилди. Университетимиз жамоаси ва талабалари томонидан амалга оширилаётган ҳар бир илмий ёндашув, ҳар бир тадқиқот, эришилган ҳар бир ижобий натижа тўғри йўлда эканимиздан далолат беради. Ниятимиз — ҳаракатдан, изланишдан тўхтамаслик. Ана шундагина юксак марраларни забт эта оламиз.