Янги Ўзбекистон чин маънода ёшлар мамлакати. Бу юртда улғаяётган йигит-қизлар орзуси ва ўз олдига қўйган мақсади бисёр. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллабқувватлови эса уларга ушбу эзгу мақсадини амалга оширишда кўмак беради. Жумладан, Президентимиз раислигида бу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ҳозир Самарқанд давлат чет тиллар институтида бу борада қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ишга муҳтож йигит-қизларни аниқлаш ва уларни ишга жойлаштириш, давлат ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринларини аниқлаб, улар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, ўқув муассасамиздаги тил ўқитиш марказлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш каби чора-тадбирлар билан “Йўл  харита”мизни белгилаб олдик. Муҳими, талабаларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Институтда талабаларнинг бандлиги ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳамкор ташкилотлардаги бўш иш ўринларини аниқлаш билан шуғулланувчи бандлик, яъни коворкинг маркази ташкил этилиб, унга бириктирилган ходимларга келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.

Институтда фаолият кўрсатиб келаётган хорижий тилларни ўқитиш марказлари, ўқув курслари ҳамда тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш соҳалари фаолиятини кенгайтириш орқали талабалар учун янги иш ўринлари яратилмоқда, ҳамкорликда иш олиб бораётган умумтаълим муассасалари ва таълим ташкилотларида, шунингдек, туризм соҳаси ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида мавжуд иш ўринларини аниқлаш ва уларга ишга муҳтож талабаларни жойлаштириш, уларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, мунтазам сўровномалар ўтказиш, институт расмий веб-сайтида бўш иш ўринлари платформасини очиш ва доимо бўш ўринларини эълон қилиб бориш каби ишларни йўлга қўйиш ҳам институт бандлик марказининг асосий вазифалари сирасига киради.

Мазкур марказнинг факультетлараро ўтказган сўровномаси натижаларига кўра, институтда таҳсил олаётган талабалардан 843 нафарининг ўқишдан бўш вақтда ишлашга эҳтиёжи мавжуд. Март ойи ҳолатига кўра, 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талабани институтимиздаги бўш иш ўринларига, ўқув ва тил ўқитиш марказларига ҳамда умумтаълим муассасаларига, шунингдек, ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирдик. Қолган 643 нафар ишга эҳтиёжманд талабамизни иш билан таъминлаш борасида режаларни белгилаб олганмиз.

Айни пайтда институт қошида “Smart English”, “IELTS” ўқув марказлари, ҳудудий тил ўргатиш маркази, унинг Нарпай ва Пайариқ туманларидаги филиаллари фаолият юритиб келмоқда. Хорижий тилларни ўргатиш учун етарли билим ва кўникмага эга ҳамда чет тилини билиш даражаси камида B2 ва C1 бўлган 150 талабамизни педагогик фаолиятга жалб этишни режалаштирганмиз.

Шундай салоҳиятга эга яна 170 нафар талабамиз Самарқанд вилоятида хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари  ва IТ паркларга ишга жойлашади. Олий таълим муассасасининг ички имкониятидан фойдаланиб, бўш хоналарни талабаларга пулли ўқув курслари ва тўгараклар, жумладан, IТ, спорт, тикувчилик учун бериш орқали 40 нафар талаба иш билан таъминланади. Шунингдек, ёшларни турли лойиҳаларга жалб қилиш, тегишли муассасаларга таржимонлик хизмати кўрсатишга жалб этиш орқали 47 нафар талаба дарсдан бўш вақтида даромад топиш имкониятига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари вилоят ва шаҳар ҳокимлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари биргаликда олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиб, 100 минг нафар талабани иш билан банд қилиши зарурлигини таъкидлади. Бу жараёнда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этилиши кераклиги айтилди.

Мазкур топшириққа биноан, ҳар ҳафта институтимизда Самарқанд шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда карьера кунлари ўтказиб келинади. Унда олтмишдан ортиқ давлат ташкилотлари, мактабгача, умумий ўрта ҳамда олий таълим муассасалари, турли корхона ва идоралар қатнашяпти. Иш берувчилар талабаларни ишга жойлашиш бўйича шартлар билан таништириб, вакант иш ўринлари тўғрисида маълумотларни ҳавола этмоқда.

Институтимиз хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ҳам етакчи бўлишга интилмоқда. Бугунга қадар юзга яқин нуфузли хорижий олийгоҳ билан халқаро алоқаларни изчил давом эттириб, талабаларни иш билан таъминлаш борасидаги вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Германиядаги “The Simson Private Academy” ва “Globalconsalt” бандлик фирмалари билан бирга немис тили бўйича камида В1 халқаро тил билиш даражасига эга битирувчиларни дастлаб амалиётга юбориш, сўнг иш билан таъминлаш бўйича келишиб олинди. Ҳамкорларимиз уч ой ўқитиш, йўлкира, яшаш, овқатланиш бўйича барча зарур сарф-харажатни қоплаш, 1000-1800 евро атрофида ойлик маош беришни зиммасига олди.

Бу йил 29 март куни Германиянинг “The Simson Private Academy” агентлиги раҳбарияти, Германиянинг Тюрингия вилояти малакали ишчиларни ёллаш агентлиги ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда битирувчиларни касбий қайта тайёрлаш марказини ташкил этишга келишилди ва бу борада ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик мақсадига кўра, немис тили бўйича B1 даражага эга бўлган битирувчилар Германиянинг нуфузли фирмаларида турли соҳалар бўйича дастлаб 6 ой стажировка ўтайди. Дуал таълим сифатида битирувчилар бир вақтнинг ўзида касб ўрганади ва немис тилини пухта ўзлаштиради. Бу эса битирувчиларнинг келажакда халқаро стандартлар бўйича касб эгаллашига имконият яратади.

Умуман олганда, бу каби истиқболли режалар келгусида талабаларнинг ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишида муҳим ўрин эгаллайди. Зеро, таълимга қаратилаётган эътибор ва ажратилаётган сармоя ҳеч қачон бесамар кетмайди. Шижоатли ўғил-қизларимиз берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиб, эл корига ярайдиган фарзандлар бўлиб етишишига ишонамиз.