Мажлисда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижроси ва II чоракда кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Тошкент вилояти бўйича бюджет даромадларига 2020 йилнинг I чораги учун белгиланган 765 млрд. сўм прогноз амалда 795 млрд. сўмга (104%) бажарилиб, қўшимча 30 млрд. сўм тушум таъминланган. Жорий йилнинг I чорагида тушумлар миқдори 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 158,6 фоизга ошган.
Шу билан бирга, мажлисда ушбу йўналишда учраган муаммолар тўғрисида сўз юритилди. Хусусан, биринчи чорак бўйича умумий прогноз бажарилган бўлса-да, қўшилган қиймат солиғига белгиланган 219 млрд. сўм прогноз 14,7 млрд. сўмга таъминланмаган.
Бундан ташқари, вилоятнинг барча ҳудудларида тушумларнинг ўсиш суръати бирдек таъминланмаганлиги сабаблари кўриб чиқилди. Жумладан, Бекобод туманида жорий йил I чорак якунида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 млрд. сўмга (11 фоизга) кам тушум таъминланган. Бунга тумандаги “Далварзин пахта тозалаш заводи” АЖ томонидан бюджетга 2020 йил I чорагида ўтган йилга нисбатан 2,6 млрд. сўм, қолаверса, 2019 йил охирида бошқа ҳудудга кўчиб кетган “Зафар қурилиш инвест” МЧЖ, “Бекобод Ёдгор курилиш” МЧЖ, “Садақайрағоч” МЧЖ ҳисобига камайиб кетганлиги умумий ўсиш суръатига салбий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, вилоятда иккинчи чоракда қандай муаммолар кутилаётганига ҳам эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида айрим соҳадаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти мажбурий тартибда вақтинчалик тўхтатилганлиги ва айрим соҳадагиларида эса айланма (реализация) ҳажми камайганлиги сабабли дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 9,7 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари ҳисобига II чоракда бюджетга ўртача 260 млрд. сўм (шундан маҳаллий бюджетга 133,4 млрд. сўм) тушумлар йўқотилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, сенаторлар Сирдарё вилоятида бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижроси ва II чоракда кутилаётган натижаларни ҳам муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, Сирдарё вилояти бўйича бюджет даромадларига 2020 йилнинг I чораги учун белгиланган 151,0 млрд. сўм прогноз амалда 167,7 млрд. сўмга (111,1%) бажарилиб, бюджетга қўшимча 16,7 млрд. сўм тушум таъминланган. Вилоятда бюджет олдидаги боқиманда қарздорлик 2020 йил 1 апрель ҳолатига 26,0 млрд. сўмни ташкил этиб, чорак бошига нисбатан 0,4 млрд. сўмга камайтиришга эришилган.
Бундан ташқари, январь-март ойларида Давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш юзасидан ҳудудий молия органлари томонидан 2364 та ҳолатда 2077 млн. сўм бюджетга қўшимча хисобланиши мумкин бўлган манбаларни аниқлаган ҳолда ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига 80 маротаба ёзма равишда мурожаат қилинган. Вилоят маҳаллий бюджети харажатларининг 2020 йил I чоракда 289,2 млрд. сўми молиялаштирилган.
Бунинг баробарида, сенаторлар биринчи чорак ижросидаги муаммоларни ҳам кўриб чиқди. Жумладан, I чорак бўйича умумий прогноз бажарилган бўлса-да, йирик солиқ турлари даромадлари бўйича Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиғига белгиланган 740,0 млрд. сўм прогноз 326,4 млрд. сўмга таъминланмаган.
Республика бюджетидан Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 351,9 млрд. сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати