Унга кўра:

республикадаги барча олий таълим ташкилотлари таркибида уларнинг белгиланган штатлари доирасида Таълим инспекцияси бошлиғи тавсиясига асосан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган 3 нафар ходимдан иборат таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари ташкил этилади;

бўлим бошлиғининг ойлик иш ҳақи олий таълим муассасаси декани лавозими маошига, бош мутахассисларининг ойлик иш ҳақи – олий таълим муассасаси декани ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.

Бўлимларга эса:

олий таълим ташкилоти таълим олувчилари билимларининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқлигини ўрганиб бориш ва таҳлил қилиш;

таълим сифати мониторингини юритиш;

олий таълим ташкилотида ички баҳолаш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш;

профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлиги бўйича рейтингини шакллантириб бориш;

ички баҳолаш натижаларини ва таълим сифатига таъсир этган омиллар тўғрисидаги маълумотларни олий таълим ташкилоти ректорига ҳамда Таълим инспекциясига тақдим этиш вазифалари юкланади.

Ушбу қарор билан:

Таълим инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 156 нафардан иборат янгиланган ташкилий тузилмаси;

Таълим инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бошқармалари ходимларининг чекланган сони тасдиқланади.

Таълим инспекциясига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилади:

таълимга оид ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш;

таълим сифатини ички баҳолаш тизими, шу жумладан сифат менежменти тизимини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва жорий қилишга кўмаклашиш;

илмий-методик ва ахборот-консалтинг хизматларини кўрсатиш;

уларнинг ходимларини таълим сифатини таъминлаш масалалари бўйича малакасини ошириш;

намунавий тест топшириқлари асосида таълим олувчилар ўртасида диагностик тест синовлари ўтказиш;

ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, журналлар, ахборотномалар ҳамда бошқа адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш ва реализация қилишни ташкил этиш;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хизматлар.

Таълим инспекцияси икки ой муддатда:

илғор хориж тажрибаси асосида таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини лицензиялаш бўйича тўлов ва муддатларни таълим турлари хусусиятларини инобатга олиб табақалаштирилган ҳолда белгилаш;

нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи молиялаштирадиган давлат таълим муассасаларини аттестациядан ўтказганлик учун таълим турлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда янги йиғим миқдорларини тасдиқлаш;

бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифалари юкланади.

Эслатиб ўтамиз, муҳокама шу йилнинг 29 августигача давом этади.