Таҳлил Ўзбекистоннинг узоқ муддатли дастурлари ва стратегияларидаги мақсадларни инобатга олган ҳолда интеграциялашган глобал модель (International Futures, IFs) асосида, таълим соҳасидаги даромадлари ўртача даражадан юқори бўлган мамлакатларнинг параметрларидан фойдаланиб ўтказилди.
2030 йилгача Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олишни 50 фоизга етказиш, олий таълим муассасаларининг умумий сонини 200 тага, шу жумладан, нодавлат университетлар сонини камида 50 тага етказиш, ҳудудларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш кўзда тутилган.
ПМТИ мутахассисларининг тадқиқоти бу мақсадларга эришиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда:
- хусусий секторни ривожлантириш ҳисобига битта талабага тўғри келадиган умумий сарф-харажатларни 2 маротаба ошириш;
- илмий ва техник йўналишлардаги ОТМ битирувчиларининг улушини 30 фоизгача ошириш;
- таълимда сифат назоратини кучайтириш;
- олий таълим олган қизлар улушини ошириш.
Амалга оширилаётган ишларнинг барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларига таъсири шуни кўрсатадики, 2030 йилгача таълим даражасини оширишда (бошланғичдан олий таълимгача) сезиларли ижобий ўзгаришларга эришилади ва Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар даражасига етади.