У пайтлар бошқача эди. Бизнинг авлод моддий фаровонликдан кўра билимни, олий маълумот олишни муҳимроқ ҳисобларди. Ўйлаб қарасам, бугун вилоятимиздаги кўплаб раҳбарлар –бизнинг авлод вакиллари. Турли соҳаларни бошқариш ва ривожлантиришда уларнинг ўрни сезиларди даражада. Албатта, бу ҳол кишини хурсанд қилади. Ахир XX аср 60-80 йиллари Наманганда таълим гуллаб-яшнагани ростда. Шаҳримиздаги 7-, 31-мактабларнинг довруғи бутун республикага ёйилганди.
Афсуски, сўнги йилларда мана шу ёрқин анъана анча-мунча сўниб қолгандек. Шаҳар мактаблари битирувчилари орзу-мақсадларини ўргансангиз, ҳозирги ҳолатда уларнинг аксарияти савдо соҳасини, ҳунар йўлини танлашмоқда. Инкор этмайман, савдо соҳаси ва ҳунар – бугун тирикчилик яхши ўтиши ва фаровон яшаш асоси. Фарзандларимиз ҳунар ўрганишлари – айни муддао. Лекин масалани бошқа жиҳати бор: айнан савдо соҳаси ва ҳунар йўлини танлаётган ўқувчилар мактабда ўқишни ташлаб қўйишмоқда. Уларда савдо-сотиқ ва ҳунар ўрганиш учун фанларни чуқур ўзлаштириш шарт эмас, деган нотўғри қараш шаклланган. Ҳатто ота-оналарда ҳам «Ўқиб олим бўлармидинг, бунинг ўрнига бозорга чиқ, ҳунар ўрган, беш танга пул топ!» - деган замон талаблари кўтармайдиган ақидалар мавжуд. Ҳолбуки, дунё жуда тез ўзгармоқда ва янгиланмоқда. Энди замон шиддатига мос бўлиш, ҳатто, ундан ўзиш учун ҳар қайси ўқувчи танлаган касб-кори, ҳунаридан қатъи назар мактабда яхши ўқиши шарт. Қўли гул заргар ёки ҳунарманд инглиз тилини билмаса, дунё кезолмайди ва ўзи тайёрлаган ноёб маҳсулотни дунё бозорида сотолмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан айни мана шу муаммога жиддий эътибор қаратилмоқда.
Аёнки, таълим ўз-ўзидан ривожланиб қолмайди, ўқувчи-ёшлар дабдурустдан фан сирларини ўзлаштиришга қизиқишмайди. Демоқчиманки, таълимни ривожлантириш ва ўқувчи-ёшларни билимга қизиқтириш – ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир. Шу маънода «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилоят Кенгаши таълим-тарғиботи масаласида кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Бу ўринда амалга оширилган ишлар ҳисоботини бериш шарт эмас. Биз учун муҳими – турли воситалар орқали мактаб ҳаётига кириб бориш ва таълим-тарбия жараёнини янгилашга муносиб ҳисса қўшиш!
Соҳамизнинг асосий мақсади – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат. Қувончли жиҳати шундаки, ватанпарварлик туйғусини шакллантирувчи тўгаракларимиз ва ўтказадиган тадбирларимизда, асосан, мактаб ўқувчилари иштирок этишмоқда. Ҳеч бир муболағасиз айтаман: бу ўқувчилар орасида истеъдодлар жуда кўп. Улар мамлакатимиз миқёсида ўтказилган турли мусобақаларда истеъдодларини намойиш этиб ишончимизни оқлашмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгашининг «Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2020 йилги календарь режаси»га асосан, 23-25 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган спортнинг техник ва амалий турлари таркибига кирувчи «Ракетамодел» спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақасида Наманган вилояти терма жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллади. Ёш ватанпарвар спортчиларимизнинг Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромида ўтказилган халқаро мусобақадаги ютуқлари ҳамон кўпчиликнинг оғзида. Шу кунларда Учқўрғон туманида халқаро мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган замонавий картодромнинг ишга туширилиши ёш ватанпарварларнинг қувончига-қувонч қўшмоқда.
Демак, биз танлаган йўл таълим равнақига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Зеро, таълим-тарбия жараёнини спорт соғломлаштириш ишларисиз, энг асосийси, ватанпарварлик туйғусини шакллантирмай туриб ривожлантириш – мушкул вазифа. Кун келади ва бугунги саъй-ҳаракатлармиз ўзининг самарасини беради, дунё янги Ўзбекистонни Учинчи Ренессанс даврида кўради. Ватанимизнинг янги Улуғбеклари, Навоийлари, Авлоний ва Беҳбудийларининг билими дунёга достон бўлади!
Аҳмаджон АЪЛОХОДЖАЕВ,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи
«Ватанпарвар» ташкилоти
Наманган вилояти кенгаши раиси.