Ўтган йил 25 декабрь куни давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводини тантанали очиб берди. Ушбу завод нафақат мамлакатимизда, умуман, минтақамизда нефть, газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона бўлиб, мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланади. Қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Корхона йилига 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга.
“Uzbekistan GTL” заводи билан танишиш вақтида Президентимиз заводнинг бошқарув марказида ушбу мажмуани лойиҳалаш, қуриш, ишга тушириш ва бошқаришда фаол иштирок этаётган маҳаллий ёшлар билан учрашиб, самимий суҳбатлашди. Ушбу қоракўзлар ўзимизнинг маҳаллий кадрлар бўлиб, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти битирувчилари экани барчамизни қувонтиради.
Учрашувда соҳага тегишли қатор корхона, ташкилот ва олий таълим муассасаларига ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини таъминлайдиган таълим кластерини ташкил этиш топшириғи берилди. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан амалий ишлар бошланди. Жумладан, “Uzbekistan GTL” заводида олий таълим негизида таълим кластерини ташкил қилиш учун ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, талабалар амалиётини шу мажмуада ташкил этиш бўйича тизимда фаолият юритаётган раҳбар ходимлар ва профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ шу йилнинг 12-13 январь кунлари ушбу мажмуада бўлди.
Университет масъуллари ва профессор-ўқитувчилари корхонада бўлиб, унинг имкониятлари билан яқиндан танишди. Марказий лаборатория, бошқарув пульти ва бевосита ишлаб чиқариш жараёнидаги шароитни ўрганиб, бу ерда меҳнат қилаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Мулоқот жараёнида мегалойиҳа имкониятлари ва кадрларга қўйилаётган талаблар ҳақида сўз борди. Ёш мутахассислар олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш тизими бўйича қатор таклифлар билдирди.
Мана шу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, шу йил 7 июлда давлатимиз раҳбарининг “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифатини ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қарорнинг биринчи иловасида нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерининг тузилмаси келтирилган. Унда юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари қаторида Тошкент давлат техника университети ҳам борлиги жамоамизнинг барча профессор-ўқитувчиларини қувонтирди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклади.
Қарорга биноан, таълим кластери тузилмаси, таълим кластери фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби, 2022-2023 йилларда таълим кластерини комплекс ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда таълим кластерини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган. Кластер таркибига ишлаб чиқариш корхоналаридан “Uzbekistan GTL”, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, таълим ташкилотларидан Тошкент давлат техника университети билан бир қаторда яна 2 та олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, мактаб, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотларидан эса “UNG training” МЧЖ киритилган.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб таълим кластери таркибига кирувчи профессионал ва олий таълим муассасаларида нефть ҳамда газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендияларини жорий этиш кўзда тутилган. Қарорнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида илмий ёндашув асосида билим беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бу жараёнда илмий тадқиқот ташкилотларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини ишлаб чиқариш корхоналари докторантлари ва мустақил тадқиқотчиларига илмий маслаҳатчи сифатида бириктириш кўзда тутилган. Битирув-малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзуларини ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммолар асосида шакллантириш режалаштирилган.
Мажмуа билан ҳамкорликда Тошкент давлат техника университети томонидан “Суюқ углеводородларни олиш учун янги турдаги катализаторларни яратиш”, “Суюқ углеводородларни олишда оралиқ маҳсулотларни қайта ишлаш” ва “Қуйи молекуляр газларни термокимёвий қайта ишлаш” лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланган. Бугун Тошкент, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Устюртда яна 5 та кимё технологик кластерини ташкил этиш бошланган.
Мавжуд ва янги қувватларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифатини ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналари, таълим, илмий тадқиқот ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотлари билан биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилмоқда.
Ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилаётган, кўп йиллик тажрибага эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган ходимларни “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тавсияномаси асосида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, кейинчалик ўзи фаолият юритиб турган корхонада камида уч йил ишлаб бериш шарти билан олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида мақсадли ўқитиш тартиби жорий этилади.
Таълим кластеридан келгуси 5 йилда қатор натижалар кутилмоқда. Жумладан, 220 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчи, 3 мингдан ортиқ талаба ва магистрнинг корхоналарда стажировкаси ва амалиёти ташкил этилади. Етмиш нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи хорижий мамлакатларга малака оширишга юборилади. Шунингдек, 150 нафардан ортиқ ходим бакалавриат, 100 нафардан ортиғи магистратурада таҳсил олишга жалб этилади.
Ишлаб чиқариш корхоналаридаги 20 нафардан ортиқ мутахассиснинг илмий даража олиши таъминланади. Қолаверса, олийгоҳларда ўнга яқин ўқув лабораторияси, симуляцион хоналар ва тренажёрлар ташкил этилади. Амалиётчи мутахассислар билан ҳамкорликда ўттиздан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма, адабиётлар нашр этилади.
Бу эса ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини таъминлайдиган таълим кластерининг нафақат ўқитиш сифатини ошириш, балки ишлаб чиқариш билан узвий ҳамкорликда ишлаш, рақобатбардош ва сифатли кадрлар тайёрлаш, ёндашувни ўзгартириш зарурлигини кўрсатади. Ушбу таълим кластери хорижлик муҳандис-технологлар билан рақобатлаша оладиган, юқори салоҳиятли кадрларни тайёрлашнинг муҳим омили бўлади.