Президентимиз ўтган йили 20 декабрдаги Мурожаатномасида “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга — фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, дея таъкидлади. Бу давлатимиз раҳбарининг кеча ёки бугун пайдо бўлган хулосаси эмас. Жамиятимизнинг эндиги босқичдаги тараққиёти бевосита инновацион омилларга боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Бу эса, ўз навбатида, юқори сафарбарликни, савияли ва сифатли таълимни талаб қиладиган жараён. Шу боис, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилгани ҳам бежиз эмас.

Мурожаатномада таъкидланганидек, “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”. Ушбу ҳолатни инобатга олиб, давлатимиз раҳбари 2022 йил давомида тараққиётнинг ушбу муҳим омилларига узлуксиз катта эътибор қаратиб келди. Жумладан, ўтган йили 6 июлда Президентимизнинг “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларда мамлакатимизда инновацион тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновация ва технологияларни кенг жорий этиш, инсон капитали, илм-фан ва инновация соҳаларини ривож лантириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган эди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ёш олимлар сони 2018 йилдаги 6,5 мингдан 2022 йилда 10,8 минг нафарга етди, яъни бир ярим баробар ўсди.

Мамлакатимиз келажаги, эндиги тараққиёти бевосита инновацион омилларга, пировардида, сифатли таълимга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу туфайли фан, таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни жадал давом эттириш, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича қўйилган масалаларни биргаликда ҳал этиш кераклиги таъкидланди.

Бу ҳам ўз-ўзидан содир бўладиган ҳодиса эмас. Энг аввало, Президентимиз илгари сурган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун иқтидорли ёшларни танлаб, уларга катта эътибор қаратиш бўйича ишларни кучайтириш даркор. Ҳозирги кунда Президент мактабларида ўқиётган ёшлар айнан шу талабларга жавоб беради. 2023 йил учун режа тузилганда одамлардан тушган 20 мингга яқин таклиф муҳокама қилинган.

Бунда юртдошларимиз мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилиш, иш ўринларини сонини ошириш, тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратиш, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилиш масалаларини илгари сурган. Ҳақиқатан ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу масалалар аниқ, ўта зарур ва ўринлидир.

Қанчалик қийин бўлмасин, бу муаммолар қисқа вақтда ўз ечимини топиши шарт. Бунинг учун ўзимиздаги бир қатор камчиликларни тузатиш ва муаммоларимизни ҳал қилиш чорасини кўришимиз, буларни бартараф этиш учун тегишли “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, уларнинг бажарилишини кечиктирмаслигимиз лозим. Болаларимизни ёшлигидан асосан, ақлий меҳнат билан шуғулланиб, инновацион ғояларни ишлаб чиқадиган, уларни ҳаётга татбиқ қилиб, ўзини ҳам, жамиятни ҳам бойитадиган ишларни бажаришни ўргатишимиз керак.

Ақлий меҳнат билан шуғулланадиган боланинг мияси яхши ишлаши лозим. Бунга эришиш учун оила ва таълим муассасаларида болаларни парваришлаш, тарбиялаш ва ўқитиш жараёнидаги камчиликларни бартараф қилиш ҳаётий заруратдир. Бу хатоликларни тугатмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Тадқиқотларга кўра, айни пайтда инсонларнинг, айниқса, ёшларнинг интеллектуал қобилияти талаб даражасида ривожланяпти, деб бўлмайди.

Бу кўрсаткичнинг пасайиши, одамлар фаол умрининг қисқалигига таъсир қилувчи бир қанча омиллар мавжудлигига амин бўлдик. Биринчидан, мамлакатимизда таълим хизматлари сифатини ошириш учун ўқув-тарбия муассасалари ва педагоглар барчанинг эътибори марказида бўлиши керак. Бунга бир қанча давлатлар тажрибасини мисол келтириш мумкин.

Жумладан, Сингапур давлати жуда қисқа вақтда ўз “иқтисодий мўъжиза”сини яратди. Бу мўъжизанинг муаллифи Ли Куан Юдан “Қандай қилиб бунга эришдингиз?”, деб сўралганда у: “Мен давлат бюджетини таълимга йўналтирдим. Муаллимни энг қуйи  табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги мўъжизаларни қилганлар муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб берди. Бунинг учун улардан миннатдормиз”, деб жавоб берган.

Худди шундай Япония ҳам таълимни ривожлантириш эвазига жуда қисқа муддатда катта муваффақиятларга эришди. Шу тариқа таълим муассасасига, педагогларга эътибор мамлакатни шиддат билан жуда юксак даражага кўтарди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, бизда ҳам мутасаддилар, зиёлилар таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиши, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича масалаларни биргаликда ҳал этиши керак.

Иккинчидан, бутун эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратишимиз лозим. Ёшларга таълим бериш билан бирга, тарбиянинг ҳам уйғунлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мурожаатномада таъкидланганидек, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.

Таълим-тарбия берадиган педагоглар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Фарзандларимизга билим бераётган педагоглар меҳнати йиллар давомида беқадр бўлди. Улардан ўқитишдан ташқари барча ишларда жуда кўп фойдаланилди. Таъбир жоиз бўлса, муаллимлар педагог сифатида ҳақ-ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз соҳа ходимлари эди. Айниқса, оладиган ойлик маошига кун кўриш ҳам ўзига яраша заҳмат талаб қиларди. Шу туфайли иқтидорли ёшлар педагогика бўйича ўқиш учун олий таълим муассасасига ҳужжат топширмас, бу соҳада ишлашни асло хоҳламас эди. Натижада энг паст балл олган талабалар педагогика йўналишида ўқир эди.

Учинчидан, энди бундай номақбул тадбирларни бутунлай тўхтатиш вақти келгани ва ўқитувчилар қадрини ошириш лозимлиги борасида тегишли ишлар бажарилмоқда. Мамлакатимизда ўқитувчиларга вазифасидан ташқари иш юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тез орада қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳам ўқитувчилар мавқеи ошаётганидан далолат беради.

Мурожаатномада таъкидланганидек, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг иш шароитини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Конституцияда алоҳида белгиланиши таҳсинга лойиқ.

Тўртинчидан, билимларни ўргатиш билан бирга, улардан самарали фойдаланмаслик анъанасига ҳам барҳам бериш вақти келди. Боғчаданоқ ўғил-қизларнинг қобилиятига ташхис қўйиш, қизиқишини аниқлаб, шу йўналишга бош қариш мақсадга мувофиқ. Мактаб давридан бошлаб ўқувчилар салоҳиятидан самарали фойдаланиб, инновациялар яратиш, эгаллаган билимини айнан шу лаёқатга йўналтиришга ўргатиш керак. Ҳозир иқтидори, қизиқишидан қатъи назар, болалар бир хил дастур асосида ўқитилади. Бунинг ўрнига ўғил-қизлар қобилиятига мос соҳа ва йўналишлар бўйича ўқиса, ишласа, дарсга ҳам, ишга ҳам завқ-шавқ билан боради. Самарали ақлий меҳнати билан обрў орттиради.

Бешинчидан, мамлакатимизда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ўқувчилар зўр билимга эга бўлиши керак. Бунинг учун ўқитувчи ҳам билимдон бўлиши лозим. Энди ўқитувчиларни дипломи бўйича банд қилиш эмас, билими, маҳорати ва савиясини инобатга олиб ишга олиш зарур. Педагогнинг мавқеини кўтариш деганда масъулиятини ҳам ошириш назарда тутилади.

Замон талабига жавоб берадиган инноватор кадрларни тайёрлаш учун биринчи галда муаллимнинг ўзи ҳам янгиликка интилувчан бўлиши керак. Ривожланган давлатлар билан қиёсласак, мамлакатимизда ҳам ўқитувчининг қадрини муносиб даражага кўтариш зарурати пайдо бўлмоқда. Бу ишни қилмасдан туриб, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини таъминлаш, мамлакатимизнинг рақобатбардошлигини ошириш каби вазифаларни бажара олмаймиз.

Олтинчидан, ўқитувчилар ҳам эътиборга муносиб, ҳақиқий педагог бўлиши керак. Тиббиёт ходими саводсиз бўлса, беморни даволаш ўрнига яна касал қилади. Иқтисодчи саводсиз бўлса, корхоналар инқирозга учрайди. Муаллимнинг саводсизлиги эса келажакда юртга нафи тегадиган инсоннинг қобилиятини йўққа чиқаради. Эндиги вазифа, давлатимиз раҳбари айтганидек, ўқитувчининг ойлик маошини тегишли даражага кўтариш,  иқтидорли болаларни шу соҳа бўйича ўқитиб, муаллимликка тайёрлашдир. Энг юқори балл олган йигит-қизларни биринчи галда ўқишга қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Еттинчидан, таълим муассасалари нафақат давлатнинг, балки ҳамманинг диққат марказида бўлиши лозим. Биринчи галда ота-оналар катта эътибор қаратиши даркор. Чунки мактабда уларнинг келажаги тарбияланмоқда. Шунингдек, мактабга фақат моддий ёрдам эмас, балки маънавий кўмак, рағбат, меҳр бериб туриш ҳам ўқитувчига катта қувват бағишлайди. Муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйишга одатланишимиз лозим.

Ҳозир ўқимаган ўқувчига танбеҳ берса, ота-оналар келиб, педагоглар билан баҳслашаётган ҳоллар, афсуски, кам эмас. Фарзандининг тақдирига бефарқ бўлмай, таълим муассасаси билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Агар ота-оналарни ўқитувчининг дарс бериши, билими қаноатлантирмаса, буни ҳам очиқ айтиб, вазиятни ўнглаш чораларини кўриш зарур.

Саккизинчидан, таълим муассасалари битирувчилар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиши талаб этилади. Чунки улар нимага эришган бўлса, аввало, ўзи ўқиган мактабнинг беназир хизмати туфайлидир.

Аксарият йигит-қизлар ўқишни битириб кетгандан кейин йиллар давомида бирор марта таълим муассасасига бормайди, хабар олмайди. Собиқ ўқувчи катта тадбиркор ёки бошқа бирор касб соҳиби бўлса, ўқувчилар билан учрашиб, уларга муваффақият йўлини айт са, катта тарбия  дарсини ўтган бўлади. Ўқувчилар салмоқли натижага эришган кишиларни юзма-юз кўриб, уларнинг ҳаётига гувоҳ бўлади. Ўзлари ҳам ундан ўрнак олишга интилади ва бунга ҳаракат қилади.

Тўққизинчидан, ҳозир баъзи мактаблардаги эълонлар тахтасида собиқ ўқувчиларнинг муваффақияти ўрнак қилиб ёзиб қўйилади. Ушбу даргоҳни битирган шоирлар бадиий асарларини, олимлар эса илмий рисолаларини мактаб кутубхонасига топширган. Мактабларда собиқ ўқувчилар бурчаги, баъзиларида кутубхонанинг махсус бўлими ташкил қилинган.

Кимдир ўзи ўқиган мактабга таълим учун бирор ускуна ёки жиҳоз совға қилиб, савобга қолмоқда. Албатта, бунинг моддий жиҳатдан ташқари тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Собиқ ўқувчиларнинг ўзи ўқиган мактабига, ёрдам қилаётганини кўриб улғаяётган ўғил-қизларда ҳам худди шундай руҳият шаклланади. Бундай кайфиятни оддий тарбия дарсида сингдириш қийин. Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган яхши, деб бежиз айтилмаса керак. Шундай экан, ҳамма ўзи ўқиган мактабни бир зиёрат қилиб, моддий ва маънавий эътибор қаратса, янада юксалишга, жадалроқ тараққиётга бегумон эришамиз.

Таълим сифати, педагогнинг масъулияти Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилига айланиши учун ҳали анча иш қилиш лозим. Ўқув-тарбия соҳасидаги асосий вазифалар, уларнинг йўналиши бевосита ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун ўта зарур. Бунга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратишдек муҳим тадбирлар  Мурожаатномада ўз аксини топган.