Биринчи куни ИҲТТ бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва инспекция ҳузурида ташкил этилган Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириши миллий маркази фаолияти билан танишди.
Хусусан, марказдаги босмахона, чоп этилган қўлланмалар, студия ва бу ерда тайёрланган видеодарслар ҳамда тестларни тажрима қилиш ва экспертизадан ўтказиш учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
– Бугун мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини мунтазам ошириб бориш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқитиш методикаси ва таълим натижаларини баҳолаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича катта ислоҳотлар бошланган, – деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. – Бироқ шу кунга қадар мамлакатимизнинг таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этмагани мавжуд ҳолатни халқаро даражада баҳолаш, бошқа давлатлар билан таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятини чеклаб келаётган эди. Президентимиз ташаббуси бу борада ҳам илк қадамлар қўйилди. Хусусан, 2018 йилда инспекциямиз ҳузурида Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил қилиниб, унга умумтаълим муассасаларининг халқаро тадқиқотларда иштирокини таъминлаш вазифаси юкланди.
Қайд этилганидек, ўтган даврда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) ўртасида келишувга эришилиб, Ўзбекистон илк маротаба PISA, TALIS, PIRLS ва TIMSS халқаро дастурларида иштирок этмоқда.
2021 йили юртимиздаги 83 та мактабда PISA тадқиқотининг тажриба-синови ўтказилди. Энди танлаб олинган 202 та таълим муассасасида бу йил апрель-май ойларида асосий синов жараёнини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўз навбатида, PISA дастурининг ташаббускори мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик ишларини эътироф этар экан, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди.
– Кўриб турибманки, инспекция Ўзбекистонда таълим мазмунининг марказида турибди. Жумладан, ўқувчиларнинг яхши ўзлаштириши, ўқитувчиларнинг малакаси оширилиши ҳамда илғор мамлакатларнинг энг яхши тажрибаларини жорий қилиш йўлида сезиларли ишлар йўлга қўйилган, – деди Андреас Шляхер. – Хусусан, миллий марказда PISA тадқиқотларига тайёргарлик жараёнини кўриб мамнун бўлдим. Материалларни таржима қилиш, чоп этиш ва жойига етказиш учун барча шароит яратилган. Юртингиз илк маротаба PISA жараёнида иштирок этаётгани қувонарли. Бироқ жараён натижа эълон қилиниши билан тўхтаб қолмайди. Шу асосда соҳани такомиллаштириш билан боғлиқ хулосалар қилиш, зарур ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим.
Учрашув якунида кўтарилган масалалар бўйича муҳокамаларни янада кенгроқ даврада, мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида давом эттиришга келишиб олинди.
Бугун пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида “Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро анжумани бўлиб ўтади.