Қўқон шаҳридаги 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Гуллола Қодирова ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дониёр Темирбоев пора берувчи ота-оналарнинг фарзандларини мактабнинг 1-синфига қабул қилиш мақсадида жиноий режа тузишган. Д.Темирбоев 2020 йил 17 август куни Д. Таджиеванинг фарзандини 1-синфга қабул қилиш эвазига С. Мелибоев орқали пора тариқасида 150 АҚШ доллари беришни талаб қилади. Бундан ташқари, Г.Иргашеванинг фарзандини мактабга қабул қилиш учун 100 АҚШ доллари ва 300 000 сўмни пора тариқасида олганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда ушланган.
Мактаб директори Ш.Қодирова ўзининг ўринбосари Д.Темирбаев орқали берилган пулларни пора тариқасида олганда қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, Г.Қодировага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланди. Д.Темирбаевга эса 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.
Фарғона вилоятида таълим соҳасида тамагирлик, коррупция ҳолатлари кўп учрамоқда, дея хабар бермоқда Олий суд ахборот хизмати.