Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 28 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларга тўхталиб, таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар бошланганини ҳамда уларга шахсан ўзи раҳбарлик қилишини маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари “Таълим-тарбия — бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи, шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз”, дея таъкидлади.

Йиғилишда мактабда замонавий билимларни эгаллаган рақобатбардош ёшларни тарбиялаш вазифасини амалга ошириш мақсадида туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиши ва ­“ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги” бошлангани эълон қилинди.

Эътибор берадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида ёшлар таълим-тарбияси тўғрисида қайта-қайта тўхталиб ўтмоқда. Ўтган

5 йил давомида ёшлар билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилди ва улар билан ишлашнинг вертикал тизими яратилди, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.

Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Бугунги кунда, “Ортида алоҳида цивилиза­цион лойиҳаси бўлмаган мамлакатлар ёрқин келажакка эга бўлмайди”, деган фикр мутахассислар орасида бот-бот такрорланаётгани бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги замонда геосиёсий кучлар ўртасидаги рақобат ўз чўққисига чиқди ва ёшлар геосиёсий таъсир объектига айланиб бўлди. Шунинг учун ёшлар онгини ўзгартиришга уринилмоқда, деб кўп айтилмоқда.

Бу нима дегани? Бугунги кунда интернет тармоқларидаги ахборот оқимлари орқали ёшлар онгини замонавийлаштириш баҳонасида уларни миллий ижтимоий-маданий ва маънавий қадриятлардан “озод этиш” мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яъни оила, ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, Ватан, ватанпарварлик, меҳр, эзгулик каби қадриятларимизнинг асоси бўлган тушунчалар секин-аста, билинтирмасдан йўқотилиб, ўрнига глобализмнинг “ҳаётда фақат сен ва дунё бор” тушунчаси ва бу ­билан боғлиқ қадриятларни сингдиришга кучли ҳаракатлар бўлмоқда.

Анъанавий оммавий ахборот воситалари ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Жамоатчилик, шу жумладан, ёшлар фикрини телевидение, радио ва газеталар ўрнини эгаллаётган интернет шакллантирмоқда. Энг ёмони, бундай хуружларнинг оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тониш, ҳамма нарсага лоқайд бўлган манқурт шахсга айланишида намоён бўлади.

Шу сабабли баъзи ёшларимиз ўртасида, “Бу менинг ҳаётим, ота-онамнинг бунга аралашишига ҳаққи йўқ”, деган қадриятларимизга ёт тушунчалар ўрин олмоқда.

Бундай вазиятда нима қилиш керак?

Мудофаа вазирлиги фахрийси, кўп йиллар тарбия соҳасида хизмат қилган офицер сифатида ўз шахсий фикрларимни билдирмоқчиман.

Аввало, тезкорлик билан ташаббусни қўлга олиб, ёшлар онги эволюцияси жараёнини ўз фойдамизга ўзгартиришимиз лозим. Бунинг учун ёшлар тарбияси жараёнини янги шаклда бошлаш керак. Ва бу ишда фақат ҳимояда эмас, ҳужумкор равишда ишларни ташкил этиш талаб этилади.

“Таълим тарбиясиз, тарбия таълимсиз бўлмайди”, деган қоидага риоя этган ҳолда, биринчи ўринда мактабларда ўқувчи-ёшларни тарбия қилишни уларнинг ёшларига мутаносиб равишда, яъни бошланғич синфлар, ўрта синфлар ва катта синфлар тизимини яратиш мақсадга мувофиқ.

Бунинг учун бугунги кунда “Сен ватанпарвар, қадриятларимизга содиқ бўлишинг керак” каби  ғоялар остида олиб борилаётган оммавий тадбирларга таянган усуллардан болаларимизни ижтимоийлаштириш, яъни мактаб социумида ёшларни тизимли ноформал уюшмалар таркибида уюштирган ҳолда, “жамоа таркибида ва жамоа орқали тарбия” усулига ўтиш маъқул. Чунки четдан шиддат билан кириб келаётган ёт ғоялар ёшларни эгоист ва манқурт этиб тарбиялашга йўналтирилганини билганимиз ҳолда, биринчи ўринда, болаларни ижтимоийлаштириш зарур.

Ижтимоий жамиятда ҳар бир шахс ўзининг мажбуриятларига эга бўлиб, уларни бажариш орқали ушбу халққа қандайдир фойда келтириши кўзга тутилади. Бунинг учун шахс жамият талабларига тўғри келадиган маънавий қадриятлар ва хислатларга эга бўлиши керак.

Ушбу тарбия тизими орқали ўқувчилар ўз жамоалари мақсади ва вазифалари йўлида қад­риятларимиз ва жамоа аъзоси сифатида қабул қилган мажбуриятларига қатъий риоя этиб, ўқиши ва яшаши орқали ёшларни ижтимоийлаштириш таъминланади. Бугун олиб борилаётган оммавий тарбиявий ишларимиз эса бу тарбия тизимини тўлдириб, бойитиб боради.

Ўқувчилар биринчи синфдан бошлаб охирги синфгача ўзларининг ноформал жамиятларида унинг вазифалари ва талаблари ҳамда ўз мажбуриятлари асосида ўқишни ва яшашни ўрганишлари келажакда уларнинг юртимизнинг фаол аъзоси ҳамда ­жамият мақсадлари йўлида фидойи инсон бўлишига хизмат қилади.

Мудофаа вазирлиги фахрийлари томонидан 2021 йилда тажриба сифатида юқорида кўрсатилган тарбия тизими бўйича Тошкент шаҳридаги бир нечта мактабда иш олиб борилди. Эътиборли жиҳати, ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан ушбу тизим болалар тарбияси ва ўқишига жуда яхши ижобий таъсир кўрсатгани эътироф этилди.

Абубакр НАВРЎЗОВ,

Мудофаа вазирлиги фахрийлари ишлари бўйича

Марказий кенгаш раиси, истеъфодаги полковник