Электр энергия ишлаб чиқариш соҳасида замонавий, юқори самарадор ва энерготежамкор технологияларни жорий этиш борасида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан навбатдаги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Навбатдаги инвестиция лойиҳаси «Толимаржон ИEС» АЖда амалга оширилади. Унга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий қуввати 900 МВт дан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш ишлари олиб борилади.

Лойиҳанинг бош пудратчилари этиб Испаниянинг «Intecsa Ingeniera Industrial S.A.» ва Япониянинг «Mitsubishi Corporation» компаниялари танланиб, ушбу компаниялар билан шартномалар имзоланди. Ушбу лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Иссиқлик электр станциялари» АЖ маълумотига таяниб.

Янги инвестиция лойиҳаси Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларини, Қарши магистраль каналидаги еттита насос станцияси ва республикамиз аҳолисини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида, йилига қўшимча 7,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 520 миллион куб/метр табиий газ тежалишига эришилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1 500 тоннага камаяди.