Президентимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида олдимизда турган 5 та асосий вазифага тўхталар экан, “Таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз”, деди.

Сўнгги йилларда ёшлар замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. “Узлуксиз маънавий тарбия” концепцияси асосида Ватанга муҳаббат, азалий қадриятларимизга ҳурмат, катталарга эъзоз, бағрикенглик каби тушунчалар болалар онги ва қалбида мактабгача таълим ташкилотида тарбияланиш давридан шакллантирила бошлади.

Шу билан бирга, “замонавий мактаб” таълим концепцияси асосида мазмунан мутлақо янги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Уларда мамлакатимизнинг барча ҳудуди, жумладан, олис маҳаллалардан энг иқтидорли ва истеъдодли болалар сараланиб, ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар билан тизимли ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида барча ўқув даргоҳларидаги ёшлар баланси шакллантирилди. Бу жойлардаги ҳолатни билиш, муаммоларни аниқлаш, ўз вақтида тўғри қарорлар қабул қилиш, эҳтимолий муаммоли вазиятларни тахмин қилиш ва олдини олиш ҳамда ёшлар билан ишлаш тизимини мувофиқлаштириб бориш, фаолият самарадорлигини баҳолашга хизмат қилади.

Бугунги кунда 9,8 миллион ёш таълим-тарбия олмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини, 30 ёшгача аҳолининг эса ярмидан зиёдини ташкил қилади. Жумладан, 1 миллион 957 минг нафар бола мактабгача таълим ташкилотларида, 6,5 миллион нафар ўқувчи мактабларда, қарийб 403 минг нафар ўғил-қиз ўрта махсус профессионал таълим  ташкилотлари (касбҳунар мактаби, коллеж, техникум, лицей)да, 967,7 минг нафари эса олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Мазкур рақамлар ёшлар сиёсатида таълимнинг ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатиб турибди. Ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш, истеъдод ва қобилиятини аниқлаш ҳамда юзага чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавиятини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида барча таълим даргоҳларида ёшлар билан шуғулланадиган масъул раҳбарлар лавозими жорий этилди.

Хусусан, барча мактабларда директорнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, давлат олий ўқув юртларида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор ҳамда хусусий ва хорижий ОТМлар филиалларида ректорнинг ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга масъул маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди.

36 та олий таълим муассасасига академик ва молиявий мустақиллик берилиб, молиявий барқарорликни таъминлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, контракт асосидаги қабул параметрларини белгилашни мустақил ҳал этиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлашнинг янги тизими жорий этилиб, ҳар бир олийгоҳда “Талабаларни рағбатлантириш” жамғармаси ташкил қилинди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда қизлар учун алоҳида давлат грантлари асосидаги қабул кўрсаткичи ажратилди. 2021 йилдан эса эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 баробар оширилди. Натижада 5 минг нафардан ортиқ қиз олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичида давлат бюджети асосида ўқиш имкониятига эга бўлди.

Қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларга ўрнак бўлаётган яна бир ноёб тажрибаси — барча қизларнинг олий таълим магистратура босқичидаги ўқиши тўлови давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши бўлди.

Ёшлар ишлари агентлигига ёшлардан келиб тушаётган мурожаатлар орасида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир йигит-қизларнинг профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун тўлов-шартнома суммасининг бир қисмини тўлаб бериш бўйича илтимоси иккинчи ўринда турибди. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари бундай талабаларга “Ёшлар дафтари” орқали маҳалладаги ёшлар етакчиси томонидан кўмаклашиш тизимини йўлга қўйишга топшириқ берди.

Натижада ҳозирга қадар 45 минг 181 нафар талабанинг ўқиши учун 142,9 миллиард сўм тўловшартнома маблағи “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан қопланди. Бундан ташқари, талабаларга тўловшартнома асосида таҳсил олиш учун имтиёзли таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди.

Бугун давлат ёшларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароитни яратмоқда. Бундай юксак ишончни оқлаш, қадрлаш, яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва натижада мамлакатимиз тараққиётига билими ва меҳнати билан ҳисса қўшиш ҳар бир ўзбекистонлик йигитқизнинг фарзандлик бурчидир.

Дилнозахон КАТТАХОНОВА,

Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори