Иқтисодий тараққиёт, фаровон турмуш замирида илм-фан, таълим соҳаси ривожига қаратилган эътибор ётади. Юртимизда Учинчи Ренессанснинг рўёбга чиқиши ҳам айнан илм-фан тараққиётига, ёшларнинг билими, дунёқараши, интеллектуал салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Жумладан, олий таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини кўпайтириш, ихтисослашув соҳаларини кенгайтириш, ёшларнинг олий таълим билан қамровини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар айни шу эзгу мақсадга эришиш йўлидаги муҳим одим саналади. Бу йўналишда қабул қилинаётган қарор ва фармонлар хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида билим олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, гендер тенглик тамойиллари устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
“Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, мамлакатимизнинг камида 10 та университети 2030 йилга қадар халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида олий ўқув юртлари рўйхатининг дастлабки 1000 позициясига кириши кўзда тутилган. Бунинг учун албатта, олий ўқув юртларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичмабосқич ўтказиш, ўқув жараёнига замонавий кредитмодул тизимини жорий қилиш талаб этилади. Ушбу ташаббуслар самараси ўлароқ, ўтган йилларда миллий ОТМларимиз бирин-кетин халқаро нуфузли рейтингларга кириди ва натижалар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Замонавий шароитларда барча соҳалар каби олий таълим хизматлари бозоридаги глобаллашув, миллий олий таълим муассасаларининг байналминаллашуви жараёни улар рақобатбардошлигини оширишдаги бош тенденциялардан бирига айланиб бораяпти. Етакчи олий таълим муассасаларимиз халқаро таълим хизматлари бозорида ўзларининг рақобат мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Хорижий талабалар сонининг ортиши, аввало, таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб ўтиш билан боғлиқ ислоҳотлар натижасидир. Замонавий маконда глобал таълим хизматлари бозоридаги инфратузилманинг ривожланиши, THE, QS, ARWU, Webometrics каби глобал рақобатбардошликнинг тизимли институтлари фаолиятини ривожланиши абитуриентлар томонидан олий таълим муассасалари тўғрисида теран маълумотлар олиш ва танлаш имкониятини яратмоқда.
Халқаро рейтинг агентликлари томонидан шакллантириладиган етакчи университетлар рўйхати ҳар бир рейтинг агентлигининг услубиёти асосида университетларнинг академик, илмий, техник ва молиявий салоҳиятининг айрим жиҳатларини ёритиб беради. Уларнинг энг хусусиятли жиҳатларидан бири юқорида тилга олинган салоҳият элементларини умумий рейтинг кўрсаткичиларидаги вазнининг ҳар хил эканлигидадир. Қолаверса, аксарият рейтинг агентликлари дунё университетлари рейтинг кўрсаткичи бўйича етакчи университетларнинг чекланган сонини эълон қилади.
Мазкур ижобий ўзгаришлар, бир томондан, олий таълимда кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатдан юксалишини таъминласа, иккинчи томондан, соҳада рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан, олий таълим муассасаларининг халқаро миқёсда ўз нуфузини оширишга хоҳиш-истаги ва режали чораларини реал воқеликка айлантираётир.
Халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига кириш масаласига жиддий ёндашиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2022 йилда “UI GreenMetric” рейтингида университетимиз дунёнинг кучли 500+ ОТМлари қаторидан ўрин олди. Times Higher Education (THE) Халқаро рейтинг агентлиги томонидан эьлон қилинган жаҳоннинг нуфузли университетлари (THE Impact Rankings 2022) рейтингида эса топ 1001+ университетлар рўйхатига киритилди, умидли таълим муассаси сифатида янги турдаги мақомга (reporter) эга бўлди. Reporter мақоми рейтингга кириш учун фаол ишлари билан Times Higher Education рейтинг агентлигини эътирофига сазовор бўлган олий ўқув юртларига берилади. Мазкур рўйхатдаги олий таълим муассасалари дунёнинг нуфузли олийгоҳлари сафига кириш учун номзод сифатида тан олиниб, мазкур йўналишда Times Higher Education уларга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканлигини англатади.
Мазкур халқаро рейтинг агентлиги 2004 йилдан бошлаб дунё университетлари рейтинги билан шуғулланиб келади. Унинг бу борадаги асосий ҳамкорлари Thomson Reuters – етакчи халқаро ахборот агентлиги ҳамда Elsevier – йирик илмий нашриёт компанияси ҳисобланади. THE агентлиги асосан Thomson Reuters маълумотларига таянган ҳолда 400 та энг илғор дунё университетларининг рейтингини тузади ва ҳар йили сентябрь – октябрь ойларида рейтингни янгилаб туради. THE методологиясининг ўзига хослиги шундаки, танланган индикаторлар текшириш учун жуда қулай ва осон бўлиб, мавҳум ҳолатлар учрамайди.
Ушбу ташкилотлар рейтингларида юқори ўринга эга бўлиш учун дунё университетлари ўртасида соғлом рақобат мавжуд. Чунки дунё ёшлари айнан халқаро жамоатчиликда ижобий имижга эга муассасада таълим олишни истайди. Бундай университетларга талабнинг ошиши уларнинг молиявий барқарор ривожланишига замин яратади. Мазкур нуфузли агентликлар рейтингида биринчи мингталикка кирган ОТМларнинг дипломи бутун дунёда тан олинади.
2023 йилда Times Higher Education (THE) Халқаро рейтинг агентлиги томонидан эьлон қилинган жаҳоннинг нуфузли университетлари (THE Impact Rankings 2023) рейтингида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети топ 600+ университетлар рўйхатига киритилди. Иккинчи йилдаги иштирокнинг ўзидаёқ қарийб 400 ўринга юқорилаш мисли кўрилмаган ижобий натижадир. Айниқса, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор (SDG5) бўйича дунёнинг топ-20 университети қаторидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ҳам ўрин эгаллагани мисли кўрилмаган натижадир.
Ушбу рейтингдан ўрин эгаллаш йўлида университетимиз 17 йўналишдаги Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs) орасидан бештасида иштирок этди. Университет Сифатли таьлим таъминлаш (SDG4) бўйича сараланган 1500 дан зиёд дунё университетлари орасида фахрли 200+ натижани қайд этди. Қашшоқликка барҳам беришга кўмаклашиш (SDG1) ва Тинчлик ва адолатли таълимни кафолатлаш (SDG16) кўрсаткичларида 200+, Муваффақиятли ҳамкорлик бўйича (SDG17) эса 800+ натижани қайд этди. Бу энг аввало, университетда таълим ва тарбия жараёнининг тўғри йўлга қўйилгани, жамоанинг тизимли ва самарали фаолияти натижасидир.
Аммо эришилган бу ютуқ ва қўлга киритилган натижалар бугун бизни тўлиқ қониқтирадими? Албатта, йўқ. Маълумки, инсон табиати, унинг руҳияти доимо ўзгаришга, такомиллашувга мойил. Шу маънода, Ўзбекистон тарихида биринчи марта кучли 600 таликка киришимиз етарли эмас, чунки университетнинг салоҳияти, таълим сифати янада яхши кўрсаткичларга эришиш учун ҳам етади. Йилдан йилга халқаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб боряпти, хорижлик талабалар оқими ошяпти, илмий салоҳиятимиз янада яхшиланяпти.
Бир сўз билан айтганда, тамаддуний ҳодисалар ҳар қандай халқнинг илм-маърифат тизгинини маҳкам тутиб, аниқ мақсадлар сари якдил одимлашидан бошланади. Қачонки миллат тарихий тараққиёти давомида илм-фанни, инсоний қадриятларни ривожлантириш йўлидан изчил борса, Ренессанс ҳодисаси юз беради. Янги Ўзбекистон эса айнан ана шу йўлдан бормоқда.
Нозлия Нормуродова,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили
ва адабиёти университети проректори,
филология фанлар доктори