Меморандумни Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси М.Матчонов ва Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори С.Маҳмудова имзолади.

– Бундай ҳамкорлик, айниқса, бизнинг тизимимиздаги мактаблар учун ҳар жиҳатдан фойдалидир, — дейди Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Севара Маҳмудова. — Бунинг натижасида жойлардаги “Баркамол авлод” болалар мактабларининг маданият ва санъат йўналишидаги тўгараклар ўқувчилари учун танловлар ташкил этилади.

Бўлиб ўтадиган форум, давра суҳбати, семинар ҳамда маҳорат дарсларига ижодий уюшманинг таниқли, эл суйган актёр ва актрисаларини жалб этиш назарда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, тўгараклар сони ва сифатини ошириш, уларда ўқувчилар қамровини янада кенгайтириш ва иқтидорли болаларни кашф этиш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.