Ишхона офисларига лифт вақтни тежаш мақсадида ўрнатилса, турар-жой бинолари учун аҳолига енгиллик яратиш мақсад қилинади. Албатта, шу шарт билан кўпчилик харидорлар  бинонинг энг юқори қаватидан бўлса ҳам турар-жой харид қилиши табиий. Аммо лифтга ишониб келгандан сўнг унинг ишламай қолиши роса алам қилса керак.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республикамиз бўйлаб кўпқаватли хонадонлардаги лифтларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати бўйича мониторинг кузатувларини бошлади. Илк объект сифатида Жиззах шаҳри танланди.

Шаҳарнинг 12 мингдан ортиқ аҳолиси истиқомат қилувчи «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғинида тўртта тўққиз қаватли турар-жой биноси мавжуд бўлиб, уларга жами саккизта лифт хизмат кўрсатади. Аммо ушбу улкан турар-жойлардан бирининг бирорта ҳам лифти неча йиллардан буён ишламайди. Аҳоли ушбу ноқулайликлардан анчадан бери азият чекиб келмоқда. Шу ўринда бир савол туғилади: эски лифтлар қачон янгисига алмаштирилади?

Ушбу саволга мутасаддиларнинг жавоби ҳамда муносабатини кутиб қоламиз.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси матбуот хизмати