Самарқанд вилоят прокуратураси ва халқ таълими бошқармаси томонидан ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ўқувчилари ўртасида “Энг яхши китобхон”, “Буюк аждодларимизнинг муносиб вориси” ҳамда “Ёш ҳуқуқшунос” йўналишида мактаб, туман-шаҳар ва вилоят босқичларидан иборат бўлган “Иқтидорингни намоён эт” кўрик-танлови ташкил этилди.

Танловга 30 мингдан ортиқ ўқувчилар жалб этилиб, жорий йилнинг май ойида ўтказилган мактаб ва туман-шаҳар босқичларидан сўнг танловнинг вилоят босқичида 48 нафар ўқувчи ўзаро беллашишди.

Танлов якуни бўйича ўтказилган тақдирлаш маросимида вилоят прокурори Равшан Машарипов, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари қатнашиб, 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган 9 нафар ғолибни ноутбук, телевизор, телефон, китоблар жамланмаси ва дипломлар билан тақдирлашди. Шунингдек, фаол иштирок этган 39 нафар ўқувчига фахрий ёрлиқлар, китоблар жамланмаси топширилди.

Босқичма-босқич ўтказилган мазкур кўрик-танлов натижасида 11 минг 500 дан ортиқ ўқувчининг фанларни ўзлаштириш даражаси яхшиланди. 45 нафар ўқувчи ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқарилди. Энг асосийси, танловга жалб этилган ўқувчиларда китоб ўқиш, билим олиш, турли соҳаларда юқори марраларни эгаллашга бўлган қизиқишлари янада ортди.