Ҳакимжон Йўлдошев олган суратлар

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” республика танлови нисбатан ёш бўлсада, қисқа вақт ичида ўзининг мақеига эришди, мазмуни, қамрови билан жамоатчилик эътиборига тушди. Кеча  иккинчи бор ўтказилган танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Иштирокчилар Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан ташкиллаштирилган тадбирнинг анъанавий тус олаётганидан мамнуният изҳор қилдилар.

Танлов якунларига бағишлаб ўтказилган тадбир аввалида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва туман ҳокимларининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчилари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, ОАВ ходимлари томонидан Адиблар хиёбонида Алишер Навоий пойига гул қўйиб, улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатилди.

Бу йилги республика танлови учун 3 йўналиш белгилаб олинди ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳоланди. Тадбирда “Давлат тили устуворлигини таъминлаган энг намунали ҳудуд (маҳаллий ижро этувчи туман/шаҳар ҳокимликлари)”, “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим (вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари)” ва “Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа (илмий ташкилотлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари)” йўналишида таъсис этилган мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Ғолиб совриндорлар қимматбаҳо совға ва пул мукофотларини қабул қилиб олдилар.

– Мазкур танлов, аввало, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш учун фидойилик қилаётган жонкуярларни бир тадбир атрофида бирлаштириш, уларнинг фикр ва ғояларини оммалаштиришга хизмат қилишга йўналтирилди, – деди Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев. – Шунингдек, юртимизда давлат тилини кенг тарғиб этиш ва ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, адабий тил меъёрларига риоя этилишини таъминлаш каби муҳим жиҳатларни ҳам қамраб олиши кўзда тутилган.

Тақдирлаш маросимида мумтоз куй-қўшиқлар, она тилимизни улуғловчи шеърлар янгради. Шунингдек, йиғилганлар эътиборига Муқимий номида Ўзбек мусиқали драма театри актёрлари ижросида “Бахши” спектаклидан парча ҳавола этилди.

Ғолиблар билан танишинг:

“Давлат тили устиворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” йўналиши бўйича 1-ўринга Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов ҳамда маслаҳатчи Улуғбек Халиловлар сазовор бўлди.

Танловининг “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” йўналиши бўйича ғолибликни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (маслаҳатчи Гуллола Исакова) қўлга киритди.

“Ўзбек тилини ривожлантириш учун энг яхши илмий-амалий лойиҳа” йўналишида Муҳаммадқосим Мамасаидов тақдим қилган иш энг юқори ўринга лойиқ топилди.

Нодир Маҳмудов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.