Тадбирда ПА Раиси Д. Пачеко, Иттифоқ Бош котиби М. Чунгонг, Парламентларнинг аёл аъзолари форуми бюроси раҳбари Р. Ал-Мансурий ва Парламентларнинг ёш аъзолари форуми кенгаши раҳбари С. Ал-Базар, шунингдек, миллий парламентлар раҳбарлари иштирок этди.

Видеоконференцияда коронавирус инфекциясига қарши курашиш вазияти, пандемия натижасида юзага келган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиш йўллари ва жаҳон мамлакатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳар бир давлатнинг бу йўналишдаги тажриба ва ютуқлари ҳамда вакциналардан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш тўғрисида ахборот алмашилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ПАдаги доимий делегацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Нарбаева нутқ сўзлади ва мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда коронавирусга қарши аҳолини эмлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Видеоконференция иштирокчилари томонидан пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган тезкор қонуний чора-тадбирлар, бутун жаҳон аҳолисининг вакцина олиш имкониятларини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир формати вакилларга ўзларини қизиқтирган саволлар бериш ва кун тартибини муҳокама қилишда фаол иштирок этиш имконини берди. Ушбу тадбир жаҳон парламентлари аъзоларининг ҳуқуқий хабардорлиги даражасини оширишга, шунингдек, ушбу соҳада илғор тажриба алмашишга хизмат қилади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Ассамблея 2021 йил 28 май кунигача давом этади.