Шунингдек, мажлисда Ассамблеяга аъзо давлатлар – Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон парламентлари раҳбарлари, Венгрия (кузатувчи мақомига эга) ва Туркманистон (фахрий меҳмон сифатида) спикер ўринбосарлари иштирок этди.

“Парламент дипломатияси – ишонч ва ҳамкорлик асоси” ялпи мажлис мавзуси бўлди.

Олий Мажлис Сенати Раиси ўз нутқида иштирокчилар эътиборини долзарб масалаларни ҳал этишда парламент дипломатияси механизмларидан фойдаланган ҳолда туркий тилли мамлакатлар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратди. 

Мажлисда “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги модел қонун лойиҳаси қабул қилинди, Ассамблея бош котибининг ўринбосарлари ва котибият комиссиялари раҳбарлари тасдиқланди, кузатувчи миссияларнинг 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, 2021 йил ноябрь ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайлови, шунингдек, 2022 йил июнь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган референдум бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Тадбир якунида Чўлпон-Ота декларацияси ва ТуркПА номини Туркий мамлакатлар Парламент ассамблеяси деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати