Ўзбекистон Президенти ҳузурида шу йил 27 сентябрь куни архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган тақдимотда бугун шиддат билан ривожланаётган архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро даражага олиб чиқишга доир устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, Тошкент архитектура-қурилиш институти фаолияти яқин кунларда трансформация қилинади. Университет даражасига кўтарилади, унга академик ва молиявий мустақиллик берилади. Олий таълим муассасаси муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологияси, менежмент ва рақамли қурилиш йўналишларига ихтисосл аштирилади. Ўқув, илмий ва маъмурий жараённи, молия-хўжалик фаолиятини бошқариш тўлиқ рақамлаштирилади.
Илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида институтни трансформация қилиш, таълим жараёнига инновацион технологияларни қўллаш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, таълим — илмфан — ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, таълим жараёнига инновацион ўқитишнинг шакл ва методларини, замонавий педагогик, ахборот технологияларини кенг жорий этиш, илмий салоҳиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Трансформация орқали муассасанинг олий коллегиал бошқарув органи сифатида кузатув кенгаши, маъмурий масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга коллегиал ижро органи — бошқарув кенгаши, устувор муаммоли масалаларни ўрганиш, уларнинг самарали ечимини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий жараённи тартибга солиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга коллегиал орган — университет кенгаши ташкил этилади.
Таълим тизими илғор хорижий таж рибани чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида жаҳонда тан олинган халқаро таълим стандартлари билан уйғунлаштирилади. Таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир кафедрага ишлаб чиқарувчи корхоналар бириктирилади. Олий таълим муассасаси ҳузурида технопарк ва илмий-тадқиқот ишланмалари билан шуғулланадиган марказлар ташкил этилади.
Уларда энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқиш, етакчи компаниялар иштирокида маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ўтказиш, илмий-тадқиқот натижаларини тижорийлаштириш мумкин. Муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига эҳтиёждан келиб чиқиб, меҳнат бозоридаги рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш йўлга қўйилади.
Таълим жараёни “фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграцияси” тамойили асосида ташкил этилиб, талабалар муҳандислик, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва илмий тадқиқот муассасаларига бириктирилади. Тақдимотда олий таълим муассасамизга халқаро тажрибага эга, малакали хорижлик мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий стажировкага юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бу борада университет Истанбул техника университети билан таълим ҳамкорлигини йўлга қўяди.
Соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизим шакллантирилади. Илғор муҳандислик билимлари асосида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлайдиган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади. Хорижий олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш ҳамда уларнинг битирувчиларига олий маълумот тўғрисида икки томонлама диплом беришга йўл очилади. Шу билан бирга, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологиялари, илм-фан ва техниканинг янги ютуқлари жорий этилади.
Талабаларнинг ижтимоий фаоллиги оширилади, иқтидори, истеъдоди ва ташаббус ларини рағбатлантириш ҳамда келгуси касбий фаолиятида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш тизими мустаҳкамланади. Муҳандислик ва технология бўйича аккредитация кенгаши (ABET), Миллий архитектура аккредитация кенгаши (NAAB) ҳамда халқаро эътироф этилган шу каби бошқа ташкилотлар аккредитациясидан ўтган хорижий олий таълим муассасалари дастури асосида ўқитиш босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Олий таълим муассасамизда таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бош лаб босқичма-босқич давлат тили ва бошқа хорижий тилларда, кредит-модуль тизими (ECTS, US credit, UK credit) асосида олиб борилади. Шунингдек, жорий ўқув йилидан фаолиятимизда “Рақамли университет” тизими жорий этилади. Асосий фаолиятидан ташқари уй-жой ҳамда саноат қурилиши бўйича объектлар ва комплексларни лойиҳалаш, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш, объектларнинг муҳандислик тармоқлари ҳамда тизимларини лойиҳалаштириш, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, тижорийлаштириш фаолияти билан хўжалик асосида фаолият кўрсатиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Молиявий мустақиллик, биринчи навбатда, ўзини ўзи бошқаришни таъминлаш бўйича жисмоний ва юридик шахслардан, жумладан, хориждан ўқув, илмий адабиётлар, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, ахборот технологиялари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини харид қилиш имкониятини беради. Олий таълим муассасасида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, олий таълимдан кейинги таълим бў йича докторантура ихтисосликлари очилади.
Илмий даражалар олиш учун нуфузли халқаро университетлар билан ҳамкорликда докторантура таълим дастурлари ташкил этилади. Келгуси йилдан технопарк фаолияти йўлга қўйилади ва унда илғор хорижий тажрибага асосланган технологик ва инновацион ғояларга йўналтирилган стартап лойиҳалар ривожлантирилади ҳамда амалиётга жорий этилади. Архитектура ва қурилиш соҳасида рақобатбардош энергиятежамкор қурилиш материаллари ҳамда дастурий хизматлар кўрсатишни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмалар рағбатлантирилади.
Ёш олимларни жалб этган ҳолда миллий ва хорижий ташкилотлар, жумладан, илмий ва таълим муассасалари буюртманомалари асосида технопарк фаолияти йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибага асосланган технологик ва инновацион ғояларга йўналтирилган стартап лойиҳалар ривожлантирилади.
Иқтидорли талабалар тараққий этган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малака ошириши учун шарт-шароитлар яратилади. Қурилиш соҳасида минтақавий ва халқаро эътиборга сазовор бўладиган юқори самарали қурилиш материаллари, ёнғин, сув ва акустика изоляцияс и, зарбли тест, структуравий таҳлил мониторинги, қурилиш материаллари синов лабораториялари (кластер) мажмуаси ташкил этилади. Университетга академик ва молиявий мустақиллик берилиши натижасида Осиё ва дунёнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари рейтингидан жой олишга эришилади. Тақдимотда кўрсатилган вазифалар бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилади.