Мана, бир неча кунки, Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномасида илгари сурилган илғор ғоялар таъсири ва таассуроти билан яшаяпмиз. Таҳлилчилар эса унинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятига холис баҳо бериш ва глобаллашув давридаги долзарб жиҳатларини эътироф этиш билан банд.

Давлат раҳбарининг парламентга мурожаат йўллаш анъанаси бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Лекин Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси ўзига хос. Бизда нафақат Олий Мажлис, балки бутун халқимизга мурожаат қилинади. Унда ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари билан бирга одамларни ўйлантираётган муаммолар ечимига қаратилган истиқболли лойиҳалар хусусида ҳам сўз юритилади.

Бу галги Мурожаатнома олтита муҳим йўналишни қамраб олган. Аввалги Мурожаатномаларнинг ҳар биридаги фикрлар алоҳида шиор атрофида бирлаштирилгани диққатга сазовор. Жумладан, олдинги йилларда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, “Хомашёдан — тайёр маҳсулот сари”, “Янги Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган жамият ва халқпарвар давлат” сингари кўплаб бир-бирини тўлдирувчи ва ривожлантирувчи ғоялар илгари сурилган бўлса, бу сафарги Мурожаатнома бошидан охиригача “ Инсон — жамият — давлат” тамойилига қурилгани билан аҳамиятлидир.

Мурожаатномани муайян йилга мўлжалланган “йўл харитаси” десак, тўғри бўлади. Чунки унда барча соҳа ва тармоқларнинг келажаги, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий ривожланишнинг муҳим омиллари чуқур таҳлил қилинган. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмлари очиб берилган. Шу маънода, кириб келаётган йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея ном берилишида улкан маъно-мазмун мужассам.

Ўсиш, ўзгаришларнинг ҳақиқий пойдевори таълимда экани яна бир карра таъкидланди. Президентимиз юритаётган сиёсатдаги уйғунлик шундаки, инсонга эътиборни кучайтириш ва таълим сифатини ошириш масалаларини она тилига эътиборни кучайтирмасдан ҳал қилиб бўлмаслиги доимо асосий ўринда туради. Навбатдаги Мурожаатномада ҳам миллий ўзлигимизнинг тимсоли бўлган она тилимизга эътиборни янада кучайтириш зарурлигига урғу берилгани, уни мукаммал ўрганиш мажбурий экани қайд этилгани бежиз эмас.

Тил — миллат ғурури, келажаги. Усиз ҳеч бир миллат тўлақонли халқ бўла олмайди. Бошқача айтганда, одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини. Шунинг учун қарийб олти аср аввал Ҳазрат Навоий “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз”лиги ҳақида бонг урган. Ҳассос адиб Абдулла Қаҳҳор тилни бузганларни йўл қоидасини бузганлар каби қатъий жаримага тортишни таклиф этган.

Эркин Воҳидов “Қаердасиз, тил фидойилари?” дея бутун жамиятни уйғоқликка чорлаган бўлса, Абдулла Ориповнинг она тилини билмайдиганлар тўтидан фарқсиз экани хусусидаги назмий фалсафаси ўтли даъват сифатида хизмат қилиб келаётир. Бугун айримларнинг “Фарзандим чет тилни билади, бироқ она тилини билмайди”, деб юриши Янги Ўзбекистон фуқароларига умуман муносиб иш эмас. Албатта, хорижий тилларни ўрганиш замон талаби. Аммо бу она тилини инкор этишни англатмайди. Аслида, ўз тилини мукаммал билмаганларнинг ўзга тилларни яхши ўзлаштирганига ишониш мушкул.

Демак, бошқа тилларни камситмаган ҳолда, она тилимизни эъзозлашимиз, пухта билишимиз керак. Ҳеч бир тил бизнинг мамлакатда давлат тили ўрнида ишлатилмаслиги, ҳукмрон бўлмаслиги шарт. Президентимиз Мурожаатномасида ана шунга даъват этгани ҳаммамизга унутилмас сабоқ бўлиши даркор. Чунки биз ҳали ҳам ўз тилимизнинг қадрига етолмаяпмиз. Кўчаларга чиқсак, реклама ва эълонларни ҳали-ҳамон турли тилларда ўқиймиз. Ҳатто айрим нуфузли ташкилотларда муҳим ҳужжатларни бошқа тилда ёзиш урфдан тушмай келаётгани ачинарлидир. Ўйлаймизки, жамоатчиликнинг кучли назорати остида бундай камчилик ва нуқсонлар тез орада бартараф этилади.