Бунда ҳар бир соҳа кесимида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижадорлиги ортиб, вазирлик ва идораларнинг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги ортиб, фуқаролар билан доимий асосда ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Муҳими, ушбу очиқлик сиёсати, фаол фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролик назорати бугун олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам бош мезон бўлиб келмоқда. Жумладан, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси ҳам тўпланган тажриба ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилнинг 30 декабридан, 2022 йилнинг 15 январь санасига қадар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Ушбу муҳокамалар жараёнида барча юрдошларимиз, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат органлари фаоллигини янада ошириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан махсус видеоролик, инфографик маълумот ва слайдлар тайёрланиб, давлат ва нодавлат телерадиоканаллар, босма ва электрон нашрлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғибот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва унинг ҳамкорлари, яъни давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан давлат органлари масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, турли соҳа вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида конференциялар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Натижада, муҳокамалар давомида фақатгина электрон платформалар орқали 17 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Хусусан, кўплаб юртошларимиз ҳамда вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари томонидан электрон почта манзиллари ҳамда телефон қўнғироқлари орқали 1000 дан ортиқ таклифлар юборилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда ва қабул қилишда Ҳаракатлар стратегиясига нисбатан мамлакатимиз аҳолисининг иштироки сезиларли даражада ортди. Бу билан ҳужжатнинг янада халқчиллиги таъминланди. Энг муҳими, беш йил аввал Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган халқ билан мулоқот тизими изчиллик билан давом эттирилди. Чунки, айнан Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ишларни амалга ошириш жараёнида давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди. Йилдан-йилга шаффофлик ортиб борди, бу эса ўз-ўзидан аҳолининг давлат органларига нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириб, унинг фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлигини кучайтирди. Энг муҳими, фуқаролар томонидан давлат органлари олдига масала қўйиш имкониятлари янада кенгайди.

Шу ўринда, Тараққиёт стратегиясининг ҳар бир босқичини амалга оширишда жамоатчилик назорати иштирокининг кучайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Табиийки, бундай назоратни амалга ошириш учун кенг имкониятларнинг яратилаётгани эса алоҳида диққатга сазовор. Энг муҳими, ҳар бир мақсаднинг амалга оширилиш жараёни аҳоли томонидан доимий равишда кузатиб борилиши таъминланади.

Бугун ҳар бир фуқаронинг фикрини тинглаш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси саналади. Шу боисдан, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳаси бўйича таклиф билдирган барча фуқароларни улар томонидан берилган таклифларни амалга ошириш имконияти ва ҳолати тўғрисида хабардор қилиш мақсадида бугунги кунга қадар 2 мингдан ортиқ фуқарога таклифларининг келгуси тақдирини маълум қилишга қаратилган ташаккурномалар юборилди.

Айни кунда ушбу ташаббус изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 25 март куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Тараққиёт стратегияси лойиҳасида фаол иштирок этган бир гуруҳ фуқароларни тақдирлашга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳридан туриб таклиф билдирган, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бир гуруҳ фаол фуқаролар иштирок этдилар.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан ушбу ҳужжат том маънода халқ фикри ва таклифлари асосида шаклланган халқчил ҳужжат эканлиги эътироф этилиб, Марказ эксперт ва мутахассислари томонидан фуқароларнинг билдирилган барча таклифлари, хусусан бу йилги Давлат дастурига киритилмаган таклифлар, келгусида, албатта давлат аҳамиятидаги дастур ва стратегиялар ишлаб чиқилишида, айниқса ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланиш учун соҳалар кесимида тақсимланиб, тегишли вазирлик ва идораларга етказилаётганлигини маълум қилди.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Марказ фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан фаол ҳамкорликни давом эттириб, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг ҳар бир жараёнида жамоатчилик назоратини олиб боради ва мунтазам равишда фуқароларнинг таклиф ҳамда ташаббусларини тинглаган ҳолда уларни умумлаштириб, тегишли Давлат дастурларида акс эттириш чораларини кўришда давом этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати