Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз, унда азалдан илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратилиб келганлигини гувоҳи бўламиз. Ўша даврларда жамиятда илм-фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига қўшган ҳиссаси барчамизни бирдек фахру-ғуруримизга сабаб бўлиб келмоқда.
Тарихдан яхши маълумки, диёримиздаги биринчи Ренессанс даври - Сомонийлар даврига тўғри келиб, ушбу даврда буюк аждодларимизнинг яратган илмий-фалсафий асарлари ва оламшумул кашфиётлари ислом цивилизациясига тамал тоши бўлди. Ренессанснинг иккинчи даври эса – Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Моварауннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилади.
Ўзбекистонда янги уйғониш - Учинчи Ренессанс даври бошланди. Макур ҳолатни бугунги кунда мамлакатимизда, шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврида биз ўзимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, бой тарихий-маънавий ҳамда илмий меросимизнинг асл мазмун-моҳияти мағзини чақиш ва уни рўёбга чиқаришга интилган бўлсак, эндиликда халқимиз жипсланиб “миллий юксалиш сари” ғоясини собит қадамлик билан амалга оширишга киришди.
Бу даврда жамиятимизда ижтимоий тафаккурнинг юксалиш тенденцияси қарор топиши, унга хос ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларнинг мужассамлиги эътироф этилмоқда. Миллий руҳ ва умуминсоний қадриятлар уйғун бўлган ижтимоий тафаккур – мамлакатимиз барқарор ривожланишининг ўзан мезон ва мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги даврни миллий тикланишдан миллий юксалиш сари деб эълон қилганлигининг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассам. Негаки, кейинги 10 йиллигимиз асл юксалиш ва тараққиёт даври бўлиши муқаррар. Зеро охирги йилларда қабул қилинган ва албатта қилинажак қонунлар, фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тараққиётнинг янги уфқларига асос бўлади.
“Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак. Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур жиҳатларни “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, “Ҳалоллик вакцинаси”, “Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди!”, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз”, “Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз” каби тамойилларни амалиётга татбиқ қилинаётганлиги билан изоҳлашимиз мумкин.
Қолаверса, бугунги кунда халқимизни илм-маърифатига қизиқиши ва эътиборининг кучайиши ва бунинг учун давлатимиз томонидан керакли муҳим шарт-шароитларнинг яратилиши, Ўзбекистонни ривожланиш тарихидаги илк инқилобий янги уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс даврини янада жадалашишига хизмат қилмоқда.
Хазрат ЖАББОРОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра доцети в.б,
психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)