Ҳар сафар бугунги ҳаётимиз ҳақида ўйласам, хотин-қизлар, ёшлар билан гаплашсам, улар ўз оиласидаги, шахсий ҳаётидаги яхши ўзгаришларни мароқ билан айтиб берса, хаёлимдан шу гап ўтади: “Барча орзу-ниятларимиз, интилишимиз, эзгу амалларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз — ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид билан боқиб турган халқимиз учундир. Бу борада ижтимоий йўналишдаги ислоҳотларимиз алоҳида аҳамиятга эга, албатта”. Ҳа, бу Президентимиз қатъий таъкидлаган гаплар. Юртимизда амалга оширилаётган катта ва халқчил ислоҳотларнинг бош асоси.

Яна ҳар сафар янги қиёфа касб этган жамиятимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида мулоҳаза юритганимизда, аёл зотини улуғлаш Аллоҳга хуш ёқувчи амаллардан эканига ишонамиз. Бежиз эмас, муқаддас Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири — “Нисо”, яъни “Аёллар”, деб аталади. Бу сурада Яратганнинг ўзи инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади.

Шундай экан, янги Ўзбекистонда хотин-қизлар сиёсатига дахлдор ҳар бир саъй-ҳаракатни фақат олқишлаш мумкин. Бугун ким билан суҳбатлашманг, у хоҳ уйда ўтирган она бўлсин, хоҳ тадбиркор, хоҳ ижтимоий ҳимоядан баҳраманд аёл бўлсин, барчаси шу фикрни айтади.

Мана шу одил йўл янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўртинчи йўналиши — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш мақсадларида ҳам ўз аксини топган. Эътибор берсак, шу йўналишдаги 34 та мақсаднинг ҳаммасида фаровон оила, соғлом фарзандлар тарбияси, хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси, одамларимиз турмуш шароитини яхшилаш асоси бўй кўрсатади.

Бундан англашиладики, биз тўғри ва мақсадли йўлдамиз. Энди вазифамиз катта марраларни забт этиш. Демак, янги ва ҳаётий эҳтиёж билан йўғрилган ислоҳотларни амалга оширишга ҳуқуқий асос ҳам яратишимиз керак. Шу маънода, “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” қадам қўйганимизнинг ўзи катта натижа эканини эътироф этиш ўринли бўлади.

Мушоҳада қилиб кўрсак, замонлар оша инсоният яшаш тарзи ва тутумлари ўзгара борганини кўрамиз. Бу табиат кучи, тамаддун эҳтиёжи. Шунга монанд жамиятдаги қонунлар, яшаш формуласи, қарашлар ва мақсадлар ҳам такомиллашиб бораверади. Бугун ҳам шундай. Халқимиз янги давр, янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Ҳаётимизни ўзимиз орзу қилгандек яхши томонга ўзгартириш мақсадимиз бор. Бу йўлда ўтган 6 йил давомида кўп яхши ютуқларни қўлга киритдик, албатта. Лекин ислоҳотлар тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳаётий зарурат, табиат қонуни шуни талаб қилади.

Конституциявий ислоҳотлар ҳам бизни эзгу мақсадлар сари бошлайдиган муҳим қадам, ҳал қилувчи аҳамиятга эга жараёндир. Айтиш жоизки, қонун устувор давлат, оила ва маҳалла институтининг ўрни барқарор жамият доим гуллаб-яшнаган, дунёда обрў билан ўз мавқеига эга бўлган. Шундай экан, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий муҳитни яратишни тақозо этмоқда.

Бугун Конституциявий қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик, халқимиз муҳокамасида бўлиб турибди. Бу қонун лойиҳаси юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Эътиборли жиҳат, мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашда, яъни Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда миллий қонунчилик, қадриятлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси инобатга олинди. Энг муҳими, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар назардан қолдирилмади. Демак, биз ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлатни барпо этиш йўлидамиз.

Яна бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмайлик. Конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий, экологик ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади. Унда асосий кафолат — фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида намоён бўлади.

Мен бугун давлат хизматчисиман. Шу билан бирга, аёлман. Аёл сифатида муносиб яшашга, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишга, фарзандларим камолини, бахт билан кафолатланган ёруғ келажагини кўришга ҳақлиман. Шу боис, янгиланаётган Конституциямизнинг ана шу жиҳатларига бефарқ бўлолмайман.

Конституциявий қонун лойиҳасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши айтилмоқда.

Бу — энди ҳеч бир аёл қалбида эртанги кунига нисбатан шубҳа-гумон, ҳадик бўлмайди, дегани. Ҳар бир она соғлом фарзандни дунёга келтиради, дегани. Соғлом фарзандлар эса бизнинг, ватанимизнинг қудратли эртаси, дегани.

Нима учун шундай хулосага келяпмиз? Сир эмас, шу пайтга қадар кўп ташкилотлар хотин-қизларни ишга олишга шошилмаган. Аёлларга нисбатан “Ҳомиладор эмас эканми, шундай бўлса, бугун ишга кириб, эртага “декретга” чиқиб олади, ортиқча пул тўлаганимиз қолади”, деган қараш борлиги ҳам очиқ ҳақиқат-ку! Олий таълимни тугатиб келган қизларга эса, “Ҳа, бу ишга кириши билан эрга тегиб кетади, кейин иш бермайди”, деган яширин важлар ҳам учраб туради.

Энди мана шу номақбул амалиётга конституциявий даражада барҳам берилиши, албатта, ўзбекистонлик аёлларни, уларнинг яқинлари ва фарзандларини ҳам хурсанд қилиши табиий.

Конституцияда мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади, дейилмоқда.

Янги Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганига ҳам бир неча йил бўлди. Пахта даласидан бери келмайдиган ёш авлод бугун фақат билим эгаллаш, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш билан машғул. Кўча супуриш, дарахтларни оқлашга вақт сарфлаб, кунни надомат билан ўтказиб келган ўқитувчи-мураббийларнинг ҳозир ўз масъулиятидан бошқа ўйи йўқ.

Бугун эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва асосий вазифасини Конституция мақомига кўтариб чиқиш арафасидамиз. Бу асос бизни кўп ёруғ манзиллар сари элтиши, иштиёқ билан киришганимиз — Учинчи Ренессанс ҳодисасига кенг ҳуқуқий йўл очиши шубҳасиз.

Конституциямизга оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилмоқда.

Жумладан, “Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дейилади. Бу ўзгартириш жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, замирида халқимизга хос миллий-ахлоқий қадриятларни улуғлаш туйғуси мужассам.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бир жинслилар никоҳига йўл қўйилаётган бугунги давр миллат маънавияти, улуғ қадриятларимизни конституциявий қонунимиз ҳимоя қилиши лозимлигини кўрсатмоқда. Қолаверса, бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири оилавий келишмовчиликлар, эр томонидан аёлга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни бартараф этишга айнан шу ўзгартириш орқали ечим топиш мумкин. Яъни никоҳ икки томоннинг қатъиян тенг ҳуқуқлилигига асосланиши қонун орқали мустаҳкамланиши, фуқароларнинг қонун олдидаги ўз мажбурият ва вазифаларини жисмоний шахс сифатида ҳис этишига туртки бўлади.

Бугун ҳар бир оила давлатимиз ­эътиборида. Ўзгаришлар шукуҳини ўз ҳаётида сезмаган бирор-бир фуқаро йўқ. Зеро, мақсадимиз ҳам шу — ­Президентимиз таъбири билан айтганда, янги Ўзбекистонни ўз ҳаётидан рози, бахтли инсонлар мамлакатига, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий маконга айлантириш. 

Шундай экан, бошланган бу ишларимиз энди конституциявий даражада мустаҳкамланади ва шу ҳуқуқий асос билан янги мақсадларимизни амалга оширамиз.

Конституциявий қонун лойиҳасида давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаши кўзда тутилган.

Бу оиланинг жамият ва давлат ривожидаги фаол ўрнини тўғри баҳолаш имконини беради. Демак, соғлом ва мустаҳкам муносабатларга таянган ­оилалар замонавий барқарор жамият пойдевори сифатида фаровонлашади. Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон миллий қадриятларни асраб-авайлайди, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳнинг униб-ўсиши, гуллаб-яшнаши учун хизмат қилади.

Мамлакатнинг порлоқ келажаги ­оиладан қўр олади. Боиси, бу муборак ошёнда соғлом фарзанд камол топади, топиши керак. Шу ҳақиқат бизнинг Конституцияда ўз аксини топаётгани ҳам барчамизни қувонтиради. Яъни Асосий қонунимизда бола манфаатлари алоҳида эътиборга олинган.

Жумладан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз болаларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълими, соғлом, тўлақонли ва уйғун камол топиши тўғрисида қайғуриши шартдир.

Ўйлаб қарасак, бугунги таҳликали замонда фарзандларни соғлом тарбиялаш, ҳеч кимдан кам қилмасдан вояга етказиш ҳаммамиз учун ғоят муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Глобаллашув шиддати ота-оналар, тажрибали устозларни ҳам шошириб қўяётгани бор гап.

Яна бир гапни айтмасак бўлмас. Дунё барига гувоҳ: оч-юпун болалар камми, уларнинг ота-оналари фарзанди оч қолмаслиги учун ҳар тақдирга тайёр. 

Шундай мураккаб шароитда ўзимиздаги шароитни, тинчлик-омонликни, хотиржамликни кўриб, фақат шукр қиламиз. Эндиги навбат эса бу муҳитни — келажак тарбиясини Конституция моддалари билан мустаҳкамлашга келди.

“Болалар манфаатлари, болаларнинг тўлақонли, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишидир”.

Давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши, дейилмоқда. Шу ўринда давлатнинг боши — фарзанд, деган мақол ёдга тушади. Бунда “давлат”ни бойлик маъносида ҳам, ўз фуқароларининг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил мамлакат сифатида ҳам қабул қилгимиз келаверади. Хуллас, болаларимизнинг ёруғ кунлари, фаровон ҳаёти ҳам Конституция мақомида кафолатланмоқда.

Қонун лойиҳасидаги қувонарли жиҳатлардан яна бири, маҳалла институтини такомиллаштириш, унинг давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашдир.

Киритилаётган ўзгартишга мувофиқ, маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва ўз ваколати доирасида мустақилдир. Давлат маҳаллалар фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунчиликда берилган ваколатларни амалга ошириши учун кўмаклашади.

Аҳолининг турмуш шароити, ижтимоий аҳволи чуқур ўрганиладиган, ўз навбатида, ислоҳ этишга кўмаклашиладиган жой маҳалладир. Маҳалланинг мустақиллиги, ҳокимият органлари тизимига кирмаслиги унинг жамият ҳаётида мустақил институтлигини яна бир бор исботлайди.

Бугунги кунда аҳолининг кўплаб муаммоси маҳалланинг ўзида ечим топмоқда. Бунда маҳаллага берилаётган ваколат ва имкониятлар муҳим асос бўлаётир. Хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси вакили ҳисобланган хотин-қизлар фаолларининг “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизимда самарали иш олиб боришида ҳам катта маъно бор. Чунки хотин-қизлар муаммоларини, уларнинг орзу-ўйлари, режаларини, аввало, маҳаллаларда янги иш бошлаган хотин-қизлар фаоли билади ва биринчи бўлиб ёрдамга келади.

Шу тариқа, давлатнинг икки қаноти бўлмиш оила ва маҳалла ҳар томонлама ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши келгусида кучли стратегик позицияга эга ҳокимият ривож топишига асос бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямизда “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотлар натижасида келгусида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бўлган ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайиб, бу борада мустаҳкам тизим яратилади. 

Зуҳра МИРҒОЗИЕВА,

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари,

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи