Брифингда соҳада муаммоли вазиятга учраган аҳоли саволларига жавоб берилди.

Савол: Эрта соат 7:00 дан кеч соат 18:30 гача ишлайди. Болаларни ўз фарзандидан ортиқроқ севиб ардоқлайди. Машғулот ўтади. Овқатлантиради. Ухлатади. Кийинтиради кузатади. Лекин бирор бир инсон нега тарбиячининг ойлиги 967 000 сўм, бу ойлик билан ҳозирги кунда яшаб бўладими, деб сўрамайди. Ҳолбуки тарбиячилар бошқа касб эгаларидан кўпроқ ишлаб, кам ойлик олади. Бу ойлик билан рўзгор тебратсинми, комунал хизматлар учун тўласинми, фарзандини ўқитсинми ёки кийим - кечакка етказсинми?

Жавоб: Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисининг ойлик иш ҳақи унинг маълумоти ва малака тоифасига қараб белгиланган.

2018 йил январь ҳолатига тарбиячининг ойлик иш ҳақи унинг маълумоти ва малака тоифасига мос равишда ўрта махсус бўлганда – 617 171 сўм, олий маълумотли бўлганда – 668 356 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 722 815 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 779 554 сўм ва олий малака тоифали бўлганда - 838 649 сўмни ташкил этган.

Президентнинг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3571-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 мартдан бошлаб тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақи 30 фоизга оширилди.

Бундан ташқари, Президент фармонларига мувофиқ 2018 йил январдан бошлаб ҳозирги кунга қадар, бюджет ташкилотлари ходмиларининг, жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг ойлик иш ҳақлари 5 марта оширилди.

Бугунги кунга келиб, 3-5 ёшли болалар гуруҳларида ишловчи тарбиячининг ойлик иш ҳақи ўрта махсус бўлганда – 1 111 444 сўм, олий маълумотли бўлганда – 1 203 660 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 1 301 738 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 1 403 920 сўм ва олий малака тоифали бўлганда 1 510 347 сўмни ташкил этмоқда; 

тайёргарлик гуруҳи (5-7 ёшли болалар гуруҳи) тарбиячисининг ойлик иш ҳақи олий маълумотли бўлганда – 1 727 603 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 1 850 054 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 1 975 627 сўм ва олий малака тоифали бўлганда – 2 095 874 сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларида йиллик иш ҳақи жамғармасининг 15% миқдорда Ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ташкил этилган бўлиб, ушбу жамғарма ҳисобидан ўрнак ва ташаббус кўрсатган ходимларга, жумладан, тарбиячиларга ҳам ойлик иш ҳақининг 50%гача бўлган миқдорда устамалар тўланади.

Мазкур устамалар билан қўшиб ҳисоблаганда тайёрлов гуруҳи 5-7 ёшли болалар тарбиячисининг ойлик иш ҳақи олий маълумотли бўлганда – 2 591 404 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 2 775 080 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 2 963 440 сўм ва олий малака тоифали бўлганда – 3 143 811 сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, Пандемия даврида Вазирлар Маҳкамасининг 21.09.2020 йилдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 575-сон қарорнинг 1-иловасига мувофиқ Мактабгача таълим вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси учун назарда тутилган маблағлари мақбуллаштирилган.