Маънавий генофонд ҳимояси
Глобаллашув шиддати ва ахборот технологиялари инсониятга беқиёс имкониятлар тақдим этиш билан бирга кутилмаган маънавий хатарларни ҳам етаклаб келмоқда. Инсоният ўз қўли билан яратган технологик воситаларнинг салбий таъсиридан хавотирга тушаётган ҳозирги даврда миллий ўзликни ва аждодлар меросини асраш шунчаки ўтмишга эҳтиром эмас, балки миллат сифатида яшаб қолишнинг бош шартига айланди. Мазкур жараённинг асосий мезони бўлган маънавий генофонд эса миллат тили, тарихи ва эътиқодини бирлаштирувчи яхлит тизим сифатида намоён бўлмоқда.
Биологик генофонд инсоннинг жисмоний соғломлигини таъминласа, маънавий генофонд унинг шахс сифатидаги қиёфаси ва миллатнинг дунё харитасидаги ўрнини белгилайди. Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия — ё ҳаёт, ё мамот масаласидир. Ушбу қимматли ўгит XXI асрнинг рақамли оламида янгича мазмун касб этиб, жамият олдига ахборот оқими фильтрсиз кириб келаётган бир шароитда, ёш авлодда мафкуравий иммунитетни қандай шакллантириш лозим деган стратегик саволни қўймоқда.
Бу саволга жавоб излашда, энг аввало, ижтимоий тармоқлар гирдобига тушган бола шуурининг ҳимоясизлигига илмий нуқтаи назардан эътибор қаратиш лозим. Замонавий тадқиқотлар ўсмирларнинг бир кеча-кундузда ўртача 5 соатдан 9 соатгача вақтини виртуал оламда ўтказишини ва бу жараёнда уларнинг онгига 200 дан ортиқ мафкуравий хуруж таъсир кўрсатишини тасдиқламоқда. Ачинарлиси, ота-оналарнинг атиги 15 фоизи фарзанди интернетда айнан нима билан банд эканини тўлиқ англайди. Назоратсиз виртуал мулоқот таъсирида ўсмирларда ҳаётдан қониқмаслик ва руҳий тушкунлик ҳиссининг 35 фоиз ошиши эса жамият учун жиддий сигнал.
Шунингдек, виртуал таҳдидларга қарши энг самарали қалқон — оиладаги рақамли гигиена ва жонли мулоқот уйғунлиги. Бу борада рақамли гигиена шунчаки тақиқ эмас, балки ахборотни саралаш маданияти бўлиб, у кунига атиги 15 дақиқалик самимий суҳбат орқали ҳам мустаҳкамланиши мумкин. Илмий хулосаларга кўра, ота-она билан юракдан қилинган мана шу қисқа мулоқот боланинг ёт ғояларга нисбатан мафкуравий чидамлилигини 40 фоиз оширади. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек, “Қалб озуқаси бошқа, тана озуқаси бошқа”. Фарзанднинг жисмоний эҳтиёжларини қондириш тана озуқаси бўлса, унинг қалбини илм, одоб ва меҳр билан тўлдириш руҳий-маънавий озуқадир.
Шу боис, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар марказида турган “Инсон қадри учун” тамойили, аввало, оиладан бошланиши, “оила — мактаб — жамият” занжири эса мустаҳкам бирликка айланиши шарт. Бугунги олий вазифамиз ёшларни нафақат технологияни эгаллаган мутахассис, балки маънавий генофондимизни асровчи, ўз илдизларига содиқ ва ички қалқони мустаҳкам комил инсонлар қилиб вояга етказишдан иборат.
Миллий иммунитет пойдевори
Маънавий генофондни асрашда Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги ўлмас ўгитлар фундаментал аҳамиятга эга. Мутафаккир қарашларига кўра, комил инсон тарбиясида оила ва мактаб муштараклиги миллат учун энг мустаҳкам мафкуравий қалқондир. Фарзанд камолоти ўз- ўзидан шаклланадиган жараён эмас. Шу боис, уни фақат таълим муассасалари зиммасига юклаш кутилган натижани бермайди. Бу мақсад йўлида бутун бир жамиятнинг бирдамлиги ва маънавий масъулияти талаб этилади.
Тарихий ворислик занжирига назар ташласак, миллий тарбия моделининг юксак намуналарини кўрамиз. Хусусан, Имом Бухорий волидаси фарзандининг камолоти учун нафақат моддий имкониятларини сафарбар этган, балки унинг ҳар бир сабоғини оналик меҳри ва юксак зийраклик билан кузатиб борган. Соҳибқирон Амир Темур шахсиятида ҳам оилавий муҳит ҳал қилувчи омил бўлган. Амир Тарағай ўғлини ёшлигидан илм мажлисларига олиб бориб, унда теран фикр ва юксак маънавиятни шахсан шакллантирган.
Бу анъанавий масъулият Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросида ҳам яққол кўринади. Унинг Ҳумоюн Мирзога ёзган мактубидаги: “Хатни мажмалла (чигал) ёзасан... Сўнгида бепарволик қилма” деган ўгити шунчаки имловий танбеҳ эмас, балки шахсий жавобгарлик ва мукаммалликка интилишнинг олий ифодаси.
Бугунги шиддатли ахборот асрида аждодларимиздан мерос қолган тарбиядаги зийраклик самарали мафкуравий ҳимояга айланмоқда. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, ота-онасининг эътиборини ҳис қилган ёшларда ўзликни англаш даражаси юқори, ташқи салбий таъсирларга берилувчанлик эса сезиларли даражада паст бўлади. Демак, тарихий тажрибамиз бугуннинг энг қудратли ҳимоячисидир.
Миллий анъаналаримизда тарбиянинг иккинчи даражали жиҳатлари бўлмаган. Фарзанднинг мутолааси ва ҳар бир қадами доимий диққат марказида турган. Виртуал чегаралар бузилган бугунги даврда ушбу қадриятни тиклаш миллатнинг маънавий юксаклиги ва жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳақиқий ота-она фазилати
Инсоният тарихи ва шарқона қадриятлар оиланинг ҳақиқий қудрати унинг иқтисодий ҳолати билан эмас, балки авлодлар ўртасидаги маънавий ворислик кўлами билан ўлчанишини кўрсатади. Қадимги Хитой мутафаккири Конфуций таълимотининг тамал тоши — “сяо” (фарзандлик эҳтироми) тамойили айнан шу муносабатларни тартибга солади. Мутафаккир таъкидлаганидек, агар ота-онанинг масъулияти фақат моддий таъминот билан чекланса, фарзанд онгида ота-она шахси шунчаки “иқтисодий ресурс” сифатида муҳрланади. Бу эса вақт ўтиши билан инсоний муносабатларнинг маънавий илдизидан узилишига ва оилавий меҳр ўрнини манфаат устуворлиги эгаллашига олиб келади.
Ҳақиқий бой ота-она фарзандига моддий мерос эмас, балки юксак маънавий оламни инъом эта олган инсондир. Бироқ бугун кўпчилик ота-оналар фарзандига “китоб ўқи”, деб, ўзи ижтимоий тармоқлар гирдобидан чиқа олмаётир. Педагогиканинг олтин қоидаси шундаки, бола сўзингизни эмас, ҳаракатингизни такрорлайди. Бинобарин, боланинг қўлига бемақсад телефон тутқазиш унинг фикрлаш қобилиятини чеклаб, виртуал йўқлик асирига айлантириш демакдир.
Ҳозирги “альфа” авлод учун энг катта хавф — айнан маънавий бўшлиқ. Нейробиологлар ушбу ҳолатни икки гормон мисолида асослаб беради. Жонли мулоқот натижасида ишлаб чиқариладиган окситоцин — ишонч гормони инсонда хавфсизлик ҳиссини шакллантиради. Виртуал ўйинлар таъсиридаги дофамин — вақтинчалик лаззат гормони эса қарамлик ва бефарқликни келтириб чиқаради. Статистикага кўра, оилада меҳр етишмовчилигини ҳис қилган болаларнинг виртуал олам асирига айланиш эҳтимоли тўрт баробар юқори бўлади.
Бинобарин, ҳақиқий маънавий генофонд ҳимоячиси фарзандига вақтинчалик моддий лаззат эмас, балки гаджетлар бера олмайдиган жонли меҳр ва юксак инсоний фазилатларни тақдим этади. Зеро, ота-онанинг шахсий намунаси ҳар қандай виртуал жозибадан кучлироқ.
Фикр ва ахлоқ мувозанати
Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, мактаб шунчаки билим маскани эмас, балки фарзанд шахсияти ижтимоий муҳит билан илк бор юзма-юз келадиган катта ҳаёт майдонидир. Ижтимоий психологиядаги эмпатик муҳит назариясига кўра, оила ва мактаб ўртасидаги узвийлик болада нафақат академик кўникмаларни, балки когнитив мослашувчанликни — ўзгарувчан вазиятларда мустақил қарор қабул қилиш салоҳиятини шакллантиради.
Тадқиқотлар маънавий қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд муҳитда улғаяётган ёшларнинг мафкуравий таҳдидларни саралаш ва уларга нисбатан шахсий иммунитетни намоён этиш кўрсаткичи 40 фоиз юқори бўлишини тасдиқлайди.
Бугунги юксак технологиялар асри ёшлардан нафақат интеллектуал салоҳият, балки мустаҳкам маънавий пойдеворни ҳам талаб этмоқда. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия уч асос — бадан, фикр ва ахлоқ мувозанатига таяниши лозим. Бу тамойил замонавий педагогиканинг “шахсга йўналтирилган таълим” концепцияси билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Зеро, одоб билан безатилмаган интеллект, руҳий тарбиядан маҳрум қуруқ билим инсоннинг ўзлигини англашига хизмат қилолмайди. Аслида, ҳақиқий маърифат шунчаки формулалар тўплами эмас, балки қалбнинг эзгулик нури билан йўғрилишидир.
Мактаб даргоҳидаги тарбия жараёни ота- она ва педагогнинг мақсадлари муштарак бўлгандагина кутилган самарани беради. Шу маънода, “келажак соати”нинг ташкил этилиши ота-оналарга фарзандининг иқтидори ва қизиқишини бевосита кузатиш имконини бермоқда. Бундай очиқ мулоқотлар ота-она масъулиятини ошириш баробарида оиладаги тарбиявий муҳитни таълим жараёни билан жипслаштиради. Натижада боланинг ички дунёсини ёт таъсирлардан асровчи мустаҳкам маънавий қалқон вужудга келади ҳамда ўқувчининг ўз иқтидорига мос касбий йўналишни танлашига замин яратади.
Бола тарбиясига лоқайдлик шунчаки шахсий хато эмас, балки миллат келажаги олдидаги масъулиятсизликдир. Абу Наср Форобий таъкидлаганидек, “Тарбия оқилликни вужудга келтиради”. Ахлоқий пойдевори бўлмаган билим жиловланмаган вайронкор куч каби хавфли. Технократик кўникмалар Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятлар билан уйғунлашмас экан, таълим ўз ҳаётий моҳиятини йўқотади.
Маънавий генофондни асраш ва жамият барқарорлигини таъминлаш йўлида тарбиядан тежалган ҳар бир сония — бой берилган бутун бир истиқбол демакдир.
Сабоҳат ЖУМАНИЁЗОВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази етакчи мутахассиси