Олмазор туманидаги "American Daycare" нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган бу воқеа ҳақида «Millar» кўрсатувида батафсил маълумот берилди.
Ҳодиса 22 январь куни кундузги уйқу вақтида юз берган. Жабрланувчи боланинг онаси сўзларига кўра, тарбиячи боласининг ухламаганидан ғазабланиб, унга қўл кўтарган ва натижада боланинг бурни қонаган. Боғча маъмурияти вазиятни яширишга уриниб, боланинг юз-қўлларини ювиб, кийимларини алмаштирган ҳолда онасига топширган. Бироқ содир бўлган қўпол муносабат фош бўлгач, муассаса раҳбарияти тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан қатъий назоратга олинган. Шу билан бирга, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.