Агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган график асосида туман, шаҳар давлат хизматлари маркази ходимлари вилоятдаги ҳар бир маҳалла ва мактабларда масофадан туриб хизматлардан фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини олиб бориш назарда тутилган.
Ҳозирга қадар графикда кўрсатилган 669 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 245 тасида тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, 6800 га яқин аҳоли қамраб олинди. Шунингдек, вилоятдаги 608 та мактабларнинг 160 тасида тарғибот тадбири ўтказилиб, бунда 7500 нафар ўқитувчи ва ўқувчиларга электрон хизматдан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар вилоятдаги барча мактаб ва МФЙларда тушунтириш ишлари амалга ошириш белгиланган.
Бу ўз навбатида, МФЙ ҳамда мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларнинг масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланишларига замин яратмоқда. Энди бевосита рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йил давомида фуқаролар 4033 та хизматдан марказларга келмаган ҳолда фойдаланган. Ҳозирга келиб, тарғибот тадбирлари ўзининг ижобий самарасини бериб, ортда қолган 1ой давомида аҳоли 2000 мингга яқин хизматлардан электрон тарзда фойдаланган.
Албатта, кенг кўламли тарғибот тадбирларининг амалга оширилишидан кўзланган асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қамраб олиш ҳамда ўзларига қулай бўлган вақтда давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланишларига кўмаклашишдан иборат. Ҳозирда давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар сони 150 тадан ошганини инобатга оладиган бўлсак, кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам марказ учун ҳам фуқаролар учун айни муддаодир.
Хизматлар сонининг ортиши ортиқча навбатлар ҳосил бўлишига олиб келади. Агарда маҳалла ёки мактабларда олиб борилаётган тарғиботларни тўғри ташкил этишга эришиладиган бўлса, ортиқча навбат кутишлар, фуқароларнинг вақти ва нақдини тежалишига эришган бўламиз.