Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда компания томонидан «Rinoksil Formula+» дори воситаси рекламаси тарқатилган бўлиб, унда Амир Темур, Жорж Вашингтон, Ибн Сино, Юлий Цезар, Алишер Навоий ва Наполеон Бонапарт каби тарихий шахслар образларидан фойдаланилган.

Рекламада мазкур шахслар гўёки ушбу дори воситасини қўллагани ҳақида тасаввур уйғотувчи саҳналар акс эттирилган.

Ваколатли орган қайд этишича, бундай ёндашув тарихий мерос ва машҳур шахслар хотирасига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳоланган ҳамда ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид деб топилган.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб, уни кўриб чиқиш якунлари бўйича «NIKA PHARM» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.