Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 минг эмас, қарийб икки миллионга яқин (1 миллион 951 минг) киши урушда иштирок этган. Ўша йиллари юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этгани инобатга олинса, ҳар уч кишидан бири Ватан ҳимояси учун жангга кирган.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Шон-шараф” давлат музейида ташкил этилган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилганларни эъзозлаш – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири” мавзусидаги семинарда шу каби кўплаб муҳим маълумотлар келтириб ўтилди.
Семинар уруш қатнашчиларини хотирлаб, уларга бугунги озод ва обод юрт, тинчлик ва фашизм устидан қозонилган буюк ғалаба учун миннатдорлик сифатида гул қўйиш маросимидан бошланди.
Тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 апрель санасидаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғриси”ги қарорининг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимиз қаҳрамонлигини кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни ота-боболаримизга муносиб, бугунги тинч, осойишта ҳаётини асраб-авайлаб, янада мустаҳкамлашга қодир, Ватанга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги фикрлар айтилди. Бундан ташқари, сўзга чиққанлар ўша давр даҳшатлари, ўзбек миллатининг ушбу даврдаги қаҳрамонликлари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уруш қатнашчиларига берилаётган эътибор, хизмат бурчини адо этаётганда ҳалок бўлган ички ишлар ходимлари, давлат чегарасини мустаҳкамлаш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчилар номини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзолари ҳолидан доимий хабар олиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Аҳамиятлиси шундаки, семинарда ўрганишлар орқали уруш даври билан боғлиқ бир қатор янги маълумотлар аниқлангани маълум қилинди. Жумладан, ўша даврда қулоқ сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳаракатдаги армияга сафарбар этилиб, уруш даврида 396 минг эмас, 538 мингдан зиёд ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган.
Бундан ташқари, олиб борилган илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакилларининг сонига ҳам ойдинлик киритилди. Илгари бу кўрсаткич 120 минг деб қайд этилган бўлса, янги маълумотларга асосан Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицеримиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланган. Хусусан, илгари 280 нафар ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари сони аслида 301 нафар экани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги “Шуҳрат” орденига сазовор бўлгани ўз тасдиғини топиб, тарихий ҳақиқат юзага чиқди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири