Даҳадан ўтган Тошкент йўли кўчасининг икки ёнида икки, уч ва тўрт қаватли замонавий бинолар қад ростлаб, кўча кўркига кўрк қўшиб турибди. Қорасувга ёндош маҳаллаларда эса ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилди. Дарвоқе, Ўрта Чирчиқ туманининг янги маъмурий маркази ҳам айнан Қорасув даҳаси яқинида жойлашган. Эътиборли жиҳати, айнан мана шу ҳудуд мебелсозлик билан, қўли гул ҳунармандлари билан бутун Ўзбекистонга, Марказий Осиёга таниляпти. У ердаги Қорасув, Тинчлик ва Файзобод маҳаллалари чинакам ҳунармандлар, ҳақиқий мебелсозлар масканига айланиб улгурган.
Эсаётир янги ҳаёт насими
Бундан ўн беш йиллар бурун қорасувликлар ҳам ёндош маҳаллаларда яшовчи тумандошлари каби деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланарди. Аҳоли, жумладан, ёш йигит-қизлар ҳам зовур бўйларида сигир боқиб, далада кетмон чопиб, шунинг ортидан тирикчилик ўтказарди. Мебелсозлик борасидаги имконият ва салоҳият уларга ҳам сирли, бамисоли очилмаган қўриқ эди.
Мана, ўн-ўн беш йилнинг нари-берисида аввал битта, кейин учта, сўнгра тўртта мебель дўкони очилди. Қўни-қўшнисининг даромадидан ҳаваси ортган миришкору чорвадор қорасувликлар хонадонларини янгидан тиклаб, мебелсозликка ихтисослаштирди. Кейин фақат олиб-сотарлик, чайқовчилик билан эмас, мебелни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариб, харидорларга маҳсулотни биринчи қўлдан етказиш ҳаракатига тушдилар.
Шу зайл бирин-кетин қўш қаватли дўкон ва цехлар, иморатлар қад ростлади. Кечаги деҳқон ва чўпонлар бугун ҳунармандга, ишбилармонга айланди, тадбиркор бўлди. Чорва эса рўзғорнинг баракаси, ҳали ҳам оғилда бир бош сигир, бир бош бузоқ бор, томорқа ҳам энди жўяк олинган оддий ер эмас, замонавий иссиқхона.
Қорасувликларнинг турмуши мана шу тарзда ўзгарди. Бу ердан эсган янги ҳаёт насими Тошкент вилоятига, бутун Ўзбекистонга овоза бўлаётир.
Албатта, бу борада Президентимизнинг 2021 йил 21 июндаги “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим дастуруламал вазифасини ўтамоқда.
Аҳоли турмуш даражаси ва янги қурилаётган уй-жойлар сонининг ошиши натижасида мебелсозлик саноати маҳсулотларига талабни қондириш, республика ҳудудидаги мебель ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган ушбу муҳим ҳужжат мамлакатимиздаги минглаб мебелсозлар қатори қорасувлик тадбиркорлар учун ҳам кўнгилдаги гаплар бўлди.
Ҳозирги кунда Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув, Тинчлик ва Файзобод маҳаллаларидаги хонадонларда ишлаб чиқариш майдонлари кичик, уларни кенгайтириш имконияти мавжуд эмас. Қолаверса, электр таъминотида узилишлар бўлиб туради. Ишлаб чиқариш жараёнидаги ускуналар шовқини атрофда яшовчи аҳоли учун ноқулайликлар туғдираётгани ҳам ҳақиқат. Шунингдек, тайёр маҳсулотни сақлаш учун шароит етарли эмас, юк машиналари ҳаракатланишида ҳам ноқулайликлар юзага келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида эса шу каби қатор муаммоларга барҳам берилиши кўзда тутилган.
— Президентимиз қарори ижросини таъминлаш учун Ўрта Чирчиқ туманида 25 гектар ҳудудда кластер усулида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини ташкил қилиш мўлжалланган, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Маҳмуд Пўлатов. — Ушбу кичик саноат зонаси ташкил этилгач, мебелчи тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилади, улар фаолиятини янада кенгайтириш учун шарт-шароит ҳозирланади.
Мазкур қарор ижроси доирасида 2021 йил 15 июндан бошлаб 2021–2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.
Бинобарин, 2024 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларини барча давлатларга, жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдоридаги харажатлар ҳам Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳисобидан тўлаб берилади.
Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун
“Жаннат макон” ёрлиғи остида мебель ишлаб чиқарувчи ва гилам савдоси билан шуғулланувчи “Қорасув мебель савдо” оилавий корхонаси нафақат Ўрта Чирчиқда, балки пойтахт ва ёндош вилоятларда ҳам оғизга тушган. Маҳсулотларини ҳатто қорақалпоқ элигача етказиб беради. Бу корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар анча харидоргирлиги ва юқори сифати билан донг таратган. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Умумхалқ байрамлари арафасида тез-тез ўтказиб туриладиган турли акция ва чегирмалар пайтида келсангиз, пулингиз ўзингиз билан қайтади, деяверинг.
Мана, ўн йилдан ошибдики, Раҳмон Отақулов раҳбарлигидаги ишбилармон ва ҳунармандлар жамоаси мебелчилик билан шуғулланади. 3,5 гектар майдонда ишлаб чиқариш заводи фаолият юритмоқда. Россиядан келтирилган ёғоч маҳсулотлари шарқона нақш ва зийнат билан чирой очади, ватандошларимизнинг хонадонини безаб, кўзларини қувнатмоқда.
Мебелчилик қорасувликлар турмушини фаровон, рўзғорини тўкис қилаётгани рост. Юқорида санаб ўтганимиз – Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув, Тинчлик ва Файзобод маҳаллаларида 1 минг 540 та хонадон мавжуд бўлса, шулардан 107 тасида кичик мебель цехлари фаолият юритади. Уларнинг 84 таси масъулияти чекланган жамият, оилавий ва хусусий корхона шаклидаги тадбиркорлик субъекти бўлса, 23 таси якка тартибдаги тадбиркордир. Ушбу митти фабрикаларда салкам мингга яқин ишчи меҳнат қилади, ҳар бирининг ойлик иш ҳақи ўртача 4–5 миллион сўм. Хонадонлардаги ушбу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми эса 4,7 миллиард сўмни ташкил этади.
— Қорасув маҳалласи мебель ва мебелсозлари билан довруғ қозонди, — дейди ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Нуриддин Мавлонов. — Маҳаллада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини оширишда ҳам мебелчилик драйвер соҳа ҳисобланади.
Ҳоким ёрдамчиси ростини айтди. Маҳалланинг Темирчи кўчасидаги ҳар уч хонадоннинг бирида кичик мебель фабрикаси бор. Унда мебель маҳсулотларининг ўнлаб турлари тайёрланади.
— Очиғини айтсам, тўрт йил аввал ҳам қурилиш соҳасида ишлардим, қурилиш фирмам бор эди, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Жасур Бегматов. — Қўни-қўшнилар, ёр-биродарларнинг мебелчиликдан мўмайгина даромад топаётгани менинг ҳам ҳавасимни келтириб, ичимни қизитди, шу боис қурувчиликни ташладим, мебелсоз бўлдим. Қаранг, мебелчининг даромади ҳам нақдда.
Ушбу хонадондаги митти цехда 8 киши меҳнат қилади. Ишлаб чиқариш жараёни қишин-ёзин давом этади. Маҳсулотлар, асосан, буюртма асосида тайёрланади. Сифат эса нархга, нарх ҳам сифатга яраша.
Шу кунларда Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув маҳалласи ва унга ёндош маҳаллаларда мебель ишлаб чиқаришга мўлжалланган комплекс қад ростламоқда. 7 гектар ҳудудда барпо этилаётган ушбу комплексда 16 миллиард сўмлик жами 16 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу маблағларнинг 12 миллиард сўми банк кредити ҳисобига амалга оширилади. Пировардида эса 1050 та янги иш ўрни яратилади.
Ушбу комплекс қуриб битказилса, мебель ишлаб чиқариш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, соҳада банд бўлган аҳоли сони икки мингдан ортади, хонадонларнинг ўртача ойлик даромади 18–20 миллион сўмга етади. Айниқса, 20 дан зиёд янги савдо дўкони очилиб, мебель ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар кўпаяди.
Бугун замон – тез, фурсат ҳам шунга яраша. Бунда ғалаба қозонган эса замон ва маконни жиловлай олган ишбилармон бўлади. Не бахтки, Ўзбекистон ана шундай ишбилармонлар, музаффар инсонлар мамлакатига айланмоқда. Улар янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун одимлашдан ҳормайди, чарчамайди.
Отабек ИСРОИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси