Юртимизда ушбу ҳақиқатни чуқур ҳис этган, тош ва бронзадан инсон қиёфасини жонлантира олган санъат усталаридан бири — Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Илҳом Жабборовдир.

Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳар­ларидаги Амир Темур, Фарғонадаги Аҳмад Фарғоний, Урганчдаги Жалолиддин Ман­губерди, Бухородаги “Кўҳна ва боқий Бухо­ро” мажмуаси, пойтахтимиздаги “Эзгулик” стеласи, “Мустақиллик” монументи, Хотира майдонидаги “Мотамсаро она”, “Бахтиёр она” ҳамда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкаллари айнан Илҳом Жабборов муаллифлигида яратилган монументал асар­лар сирасига киради.

Моҳир ҳайкалтарош Амир Темур, Жало­лиддин Мангуберди, Аҳмад Фарғоний каби буюк шахсларнинг сиймосини нафақат шун­чаки ҳукмдор ёки олим, балки миллатни эз­гуликка, адолат ва фаровонликка етаклаган кучли ирода эгалари сифатида гавдалантира олган. Биргина Амир Темур ҳайкали қиёфа­сида ирода, салобат, куч ва қатъият ҳамда инсонпарварлик хислатлари намоён бўлган­дай таассурот уйғотади. Юртимизда Илҳом Жабборов ясаган ҳайкалларни кўрган, аммо муаллиф шахси, ижоди ва бошқа асарлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган за­мондошларимиз ҳам топилади. Шу боис, бу борада тўлиқроқ маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

* * *

Илҳом Жабборов ўз соҳасида маҳобат­ли ва дастгоҳли ҳайкалтарошлик мактаби­ни яратган, тарих саҳифаларини мувозанат билан баён этган уста ҳайкалтарошлардан. Отаси Жаббор ота ва онаси Ризвон ая асли Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида яшаган. Йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан оила Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманига кўчиб келган.

Бу йил 80 ёшни қарши олган таниқли ҳайкалтарош 1945 йил 30 июнда Ўрта Чир­чиқ туманидаги Тўқай қишлоғида туғилган. Қишлоғидаги 8 йиллик мактабни битир­ганидан сўнг 1961 йилда пойтахтга келиб, Республика рассомлик билим юртида таҳсил олади. Ўқишни тамомлагач, йўлланма билан Наманган театрига ишга боради. 1966 йилда билимини янада такомиллаштириш мақсади­да Тошкент театр ва рассомлик санъати инс­титутининг ҳайкалтарошлик факультетига ўқишга киради.

Илҳом Жабборов беш йил давомида та­ниқли ҳайкалтарош Анвар Аҳмедов каби устозлардан сабоқ олиб, билимини мустаҳ­камлайди. Институтдаги таълим унинг ижод йўлида санъатнинг назарий ва амалий то­монларини ўрганишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади. У 1995 йилда ўзи таълим олган Республика рассомлик билим юртида иш бошлайди. 1997 йилдан эса Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва ди­зайн институтида ҳайкалтарошлик устахона­си раҳбари ҳамда олим сифатида фаолиятини давом эттиради.

1997 йилда Ўзбекистон Бадиий акаде­мияси академиги этиб сайланиши Илҳом Жабборов шахсининг эътирофи бўлди. У фаолиятини нафақат шахсий ижодий йўл, балки юртимизнинг маданий меросини ав­лоддан авлодга етказувчи вазифа сифатида кўра билди ва йиллар давомида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва ди­зайн институтида ёшларга устозлик қилиб келди.

Ҳайкалтарошнинг эркин ва баракали ижод қилишида, шубҳасиз, умр йўлдошининг ҳам ҳиссаси катта. Таниқли ҳайкалтарошнинг рафиқаси Татьяна опа — театршунос. Улар 57 йилдан буён фарзандлари ва неваралари даврасида бағрибутунликда ҳаёт кечирмоқ­да. Қизлари Лейла ва Нафиса ҳам тасвирий ва амалий санъатга болалигиданоқ меҳр қўй­ган. Шу боис, улар ҳам отаси сингари санъ­атнинг бадиий рангтасвир йўналишида фао­лият юритмоқда. Бугун улар кўплаб халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритмоқда.

— Ҳар бир миллатнинг дунёдаги қиёфа­си, аввало, унинг маданияти, санъати ва маъ­навий моҳиятида намоён бўлади, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов. — Айниқса, ҳайкалтарошлик миллат хотирасини тошга, бронзага муҳрлаш имконияти билан бошқа санъат турларидан кескин ажралиб тура­ди. Ҳайкалтарошлик инсон вужудини тош орқали шакллантириш санъатидир. Илҳом Жабборов ўзбек реалистик ҳайкалтарошли­гини яратган мураббийлар сафида туради. Бу мактабнинг асосий қоидаларидан бири инсон қиёфаси орқали миллат қиёфасини ифода қи­лишдан иборат.

Илҳом ака бир неча йирик ва жамоатчи­ликка мўлжалланган ҳайкалларга муаллифлик қилган. У ясаган тимсоллар жамият, тарих, санъат ва маданиятимизга хизмат қилувчи муҳим манбадир. Унинг тасвирий санъатдаги ўрни ҳайкалтарошликнинг замонавий босқи­ чини белгилаб берган ижодкор сифатида бе­ниҳоя муҳим. Устознинг санъати халқ билан сўзлашади, миллатнинг ўтмиши ҳақида ҳикоя қилади ва келажакка ишонч уйғотади.

Шу маънода, Илҳом Жабборов ижоди миллий маданий хотирани тикловчи, инсон қиёфасида халқ руҳини гавдалантирувчи, пластик образ орқали маънавий теранликка бошловчи ютуқлар мажмуасидир. Яратган асарлари келажак авлоднинг эстетик ва маъ­навий тафаккурини юксалтиришга хизмат қилади.

— Ҳайкалтарош қўлига тушган тошни сайқаллар экан, унга шунчаки жонсиз бир жисм деб қарамаслиги керак, — дейди Илҳом Жабборов. — Агар ҳайкалтарош тошни ўз ҳис-туйғулари ва фикрлари билан уйғунлаш­тириб, нафас олувчи тимсолга айлантира ол­маса, ҳеч қачон инсон юрагидан жой олувчи яхши асар яратолмайди. Мен деярли 50 йил­дан зиёд вақт мобайнида ҳайкалтарошликни фақат тасвирлаш эмас, балки одамни, мил­латни, тарихни тушуниш санъати сифатида кўриб, ижод қилиб келдим. Шунинг учун ҳам фаолиятим давомидаги барча ишларим изла­ниш, машаққатли меҳнат ва уйқусиз тунлар ҳисобига яратилган ижод маҳсулидир.

1972-1973 йилларда икки йиллик ҳарбий хизматни Россиянинг қорли ўрмонларида ўтаганман. Уйга қайтишдан олдинроқ Тайга ўрмонларидагина ўсадиган ноёб дарахтнинг тўнкасини уйга жўнатиб юборган эдим. Юртга қайтгач, ўша ёғочга ишлов бериб, илк санъат асаримни яратганман ва буни аёлим Татьянага бағишлаганман. Ушбу асар кейинги ижодимга мустаҳкам пойдевор бўлди ва айнан ўша иш учун бронза медалга сазовор бўлдим.

Ижодимнинг юксак чўққиси бўлган Амир Темур ҳайкали тарихнинг шижоатли ва улуғ­вор кўринишидир. Амир Темур ҳайкалини  яратиш жараёнида ҳам кўп муҳокамалар бўлган. Оддий қиличдан тортиб, миниб тур­ган отини ясашгача бўлган жараён ҳақида фикрлашганмиз. Натижада ҳайкал янада му­каммал кўринишга келган. Ҳайкални тайёр­лашга киришишдан аввал Амир Темурнинг ҳаёти, характери ва фаолиятини очиб берув­чи кўплаб китобларни мутолаа қилдим, Ибн Арабшоҳ ва бошқа тарихчи олимларнинг манбалари билан танишиб, ўрганиб чиқдим.

Шунинг учун ҳам саркарда салобати ҳай­калнинг ҳар бир чизиғи ва мувозанатида акс этди. Жияним, Ўзбекистонда хизмат кўрсат­ган маданият ходими Комил Жабборов билан бирга бир ярим ой қаттиқ ишлаб, ҳайкални айтилган муддатда, яъни Мустақиллик бай­рамигача битириб топширдик. Бу пайтда тунлари деярли ухламадик. Чунки вақтимиз жуда кам, иш эса оғир эди, ҳатто оёқларимиз шишиб кетарди. Навбат билан ярим соатдан ухлаб, яна ишни давом эттирар эдик. Зеро, билдирилган ишончни оқлашимиз керак эди. Дастлаб гипс вариантини ясаб, Амир Темур хиёбонида ўрнатганмиз. Лекин унинг камчи­ликлари кўп эди ва буни соҳа эгаси сифатида фақат ўзимиз билардик.

Бу камчиликларни тўғрилаш учун жия­ним билан яна ишга киришиб кетдик. Ўтган вақт оралиғида ҳайкалга ва тагидаги тошга қўшимча ишлов бериб, уни 2 метр баланд­ликка кўтардик. Бир йил давомида тасавву­римдаги ҳақиқий ҳайкални яратдим. Шу са­бабли бронзадан қуйилган ҳайкал бугунгача ўз номи билан аталувчи хиёбон ўртасида ви­қор билан қад ростлаб турибди. Соҳибқирон­нинг юқори кўтарилган ўнг қўлини ҳозирги ҳолатга келтириш қийин кечган. Қўлни ундай қилсам ҳам, бундай қилсам ҳам ҳеч ўхшамас­ди. Сўнгра шу кўринишни ишлаганмиз. Ас­лида, чап қўлида отнинг жиловини тортиб, ўнг қўлини кўкка кўтариб туришида ҳам ўзига хос маъно бор. Шу тариқа 1993 йилда Амир Темур ҳайкали бунёд бўлди.

Илҳом Жабборов ўз ижоди билан инсон қадри, ўтмиши ва миллий ғурурни юқори ма­қомга кўтара олган салоҳиятли ижодкор. Шу боис, ҳар бир асари нафақат бадиий маҳорат ифодаси, балки халқ руҳиятининг таржимо­ни ҳамдир. Гарчи ҳайкаллар тошдан ясалган бўлса-да, уни кўрган, томоша қилган одам борки, тошда тана руҳини ҳис қилгандай бў­лади.

2016 йил 2 декабрда Ўзбекистон Респуб­ликасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича энг яхши лойиҳалар халқаро танловида ҳам Илҳом Жабборов ғолиб бўл­ди. Танловда Ўзбекистон, Туркманистон, Украина, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Австралиядан 58 ҳайкалтарош томонидан тақдим этилган 68 лойиҳа намойиш этилди.

Санъат, маданият, адабиёт ва архитектура соҳасининг йирик намояндаларидан иборат 11 кишилик махсус ҳайъат аъзоларига Илҳом Жабборов яратган лойиҳа маъқул келди ва у танлов ғолиби деб эълон қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижод­корнинг меҳнатларини улуғлаб, “Malibu” русумли автомашина билан тақдирлади. 80 ёшни қарши олган ҳайкалтарош совға қилин­ган машина ҳақида ғурурланиб, “Аллоҳ умр берса, бу машинани ҳали кўп йиллар ҳайдаб, ижодий ишларимни кучим ва имконим ет­гунича давом эттираман. Ахир бу мен учун жуда қадрли машина, Президентимиз совға­си-да”, дейди.

— Бакалавриатда 4 йил, магистратурада 2 йил устознинг қўлида таҳсил олганман. Шундан бери ўтган неча ўн йиллардан буён у билан ҳамкорлик қилиб келяпман, — дей­ди Илҳом Жабборовнинг шогирди Шоҳрух Ўрозов. — Айтганларини жон қулоғим би­лан тинглаб, амалда қўллар эканман, Яратган менга ҳам юксак истеъдод соҳибининг соф ва нурли йўлини берсин, дея ният қиламан. Ҳай­калтарош бўлиб шаклланишимда устознинг меҳнати катта. “Янги Ўзбекистон” боғидаги кўплаб ҳайкалларни гарчи мен ясаган бўл­сам-да, Илҳом Жабборов ёнимда туриб, ҳар бир деталга ўз фикрини билдириб, маслаҳат бериб турган.

Устозни фақат иқтидорли ҳайкалтарош деб эмас, балки меҳнаткаш, қўли гул боғбон деб ҳам таърифлаш мумкин. Ўрта Чирчиқ­даги дала ҳовлисини жуда гўзал боққа ай­лантирган. Кўрсангиз, кетгингиз келмайди. Турфаранг гуллар, энг сара мевали дарахтлар орасида ўзингизни эртакнамо чаманзорда юргандек ҳис қиласиз. Бу боғ биз — шо­гирдлар учун ҳам ижод майдони, ҳам илҳом манбаидир. Берилган юксак унвонлар машақ­қатли меҳнатнинг самараси, гўзал эътирофи­дир. Бундан ҳам муҳими халқнинг, ҳамкасб­ларнинг ва шогирдларнинг устоз ижодига самимий муҳаббати ва эҳтиромидир. “Ўзбе­кистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” сифатида эътироф этилиши ижодкорнинг меҳнати нечоғлиқ қадрланганини кўрсатади. Устоз ясаган ҳайкаллар бугун кўнгил ором оладиган кўркам гўшаларда қад ростлаб ту­рибди. Ҳар бир йирик ёдгорлик атрофида одамлар тўпланади, суратга тушади, болалар қизиқиб савол беради.

Илҳом Жабборов билан суҳбатлашар эканмиз, истеъдодли ҳайкалтарошни мил­латнинг тарихий хотирасини шаклга келтир­ган, унга маъно ва жон бераётган муҳандис сифатида қайта кашф этдик. У шунчаки ҳай­калтарош эмас, тарихни тошга ўйган бунёд­кор, она руҳини чизиқларда жонлантирган мусаввир, миллий ғурурни образга айлан­тирган маҳоратли санъаткордир. Яратган асарлари юртимизнинг бадиий қиёфасини бойитибгина қолмай, халқ армони ва ор­зусининг бетакрор талқини сифатида ҳам қадрланади. Шу жиҳатдан биз уни фақат ҳайкалтарош эмас, тасвирий ва амалий санъатнинг маънавий посбони, халқимиз­нинг маданий хотирасини шаклга солувчи меъмор дея фахрланамиз.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири