Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий этиш мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ҳар бир корхона-ташкилот олдидаги муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.
Ўтган фурсат агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси учун ҳам изланиш, фаолиятини такомиллаштириш, янги Ўзбекистон қурилишида тармоқ ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, иш услубларини янгича шароитларда ҳаётга татбиқ этиш даври бўлди. Ташкилотниниг 5 йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган Қурултой йиғилишида ана шу жараёнлар ҳақида сўз борди.
— Сўнгги беш йил ичида ташкилот томонидан катта ва кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, тармоқда 17 та вазирлик, идора ва компаниялар билан келишувлар имзоланишига эришилди, — деди Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси Тўхта Бозоров. — Бугунга қадар доимий равишда иш берувчилар билан ҳамкорликда иш ҳақи ва бошқа тўловлардан қарздорликка йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар вужудга келган тақдирда сабабларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича қатъий чора-тадбирлар орқали ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилиб келинди. Натижада иш берувчилар тузилган жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга сарфлаган маблағ 2015 йилда 591,2 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 2,2 бараварга ошиб, 1 307,3 сўмга етди.
Айни кез ушбу тизимда тармоқ, корхона ва ташкилотлар ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам аниқ ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида касаба уюшмалари органлари томонидан 37 229 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг 24 950 таси қаноатлантирилган бўлса, 11 279 та мурожаатлар бўйича муаллифларга тушунтириш берилган.
Қурултойда делегатлар ҳам сўзга чиқиб, амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталди. Хусусан, тизимдаги нодавлат ташкилотларни касаба уюшма хизматига олиш ҳамда қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларга жалб қилинаётган ишчилар билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси тузиш борасида муаммолар борлиги таъкидланди. Ушбу масалаларнинг ечими бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Қурултой давомида Тармоқ касаба уюшмаси раҳбар ва ходимлар таркиби ҳамда вилоятлар бошқармалари кадрлари очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.