Ўқувчилигимизда қизлар ўртасида бўладиган танловларнинг шартлари доимо бир хил, айниқса, охирги шартнинг эркин мавзу бўлишини ҳамма биларди. Қарангки, бугунги шиддат билан янгиланиб бораётган даврда шундай танловларга ёндашув ҳам янгича тус оляпти.
Юнусобод туман Халқ таълими бўлими томонидан “5 ташаббус — 5 имконият" шиори остида" ўтказилган “Қизларжон" кўрик-танлови шартлари ҳам ноанъанавий экани билан эътиборни тортди. Тумандаги 42 та умумтаълим мактабларидаги 500 дан зиёд турли йўналишларда етакчи бўлган қизлар орасидан 18 нафари 4 та шарт асосида куч синашишди. Танлов шартларининг ноанъанавий экани диққатга сазовор. Зеро, “Мен истеъдодман”, “”Спорт маликаси”, “Техно ташаббус”, “Китобнинг дўстиман”, “Даромадли ошхона” каби янгича шартлар остидаги беллашувлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Айниқса, қизларнинг китоблар билан қанчалик дўстлигини яққол кўрсатиб берган 4-шарт бугуннинг долзарб масаласи экани билан аҳамиятли бўлди.
4 та секцияга бўлинган ҳолда беллашган қизлар орасидан 1-чи ўрин 12- мактаб ўқувчиси Фотима Исмоиловага, 2-ўрин 70-мактаб ўқувчиси Никита Юлдашева ҳамда 9-мактаб ўқувчиси Рухшона Равшановага, 3 -ўрин эса 17- мактаб ўқувчиси Диёра Абдурахмонова ҳамда 58-мактаб ўқувчиси Муслима Ёрматовага насиб этди.
Танловда иштирок этган Юнусобод тумани Халк таълими бўлимининг маънавий ахлокий тарбия ва болаларни ижтимоий химоя килиш шўъба мудири Дилобар Мўминова, ўқувчиларни касбга йуналтириш ва педагогика психология ташхис фаолиятини ташкил этиш шўъба психолог методисти Шаходат Рахимжонова, Республика маънавият ва маърифат маркази Юнусобод тумани маънавий-маърифий ишлар бўлими бош мутахасссиси Жасурбек Қобиловлар иштирокчи қизларнинг барчасини алоҳида эътироф этиб, келажакда уларга улкан муваффақиятлар тиладилар.
Бир-биридан ораста бу қизларнинг “мен ҳам лидер бўла оламан,” дея мактаби шаънини ҳимоя қилиш учун шу саҳнада турганининг ўзи бир жасорат, — деди Дилобар Мўминова. — Бизнинг мақсадимиз танловни ташкил этишгина эмас, шу орқали ўқувчи қизларимизни турли салбий ҳолатлардан йироқ тутиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш йўлида маънан, жисмонан юксалтириш.
Ҳа, дарҳақиқат, мана шундай тадбирлар орқали ёшларни ҳар томонлама тарбиялаш энг самарали йўл эканига тадбирнинг барча иштирокчилари яна бир карра амин бўлгани аниқ.
Муносиб тақдирланган ғолиб ўқувчилар эса янада юксак марралар сари руҳланганига шубҳа йўқ.
Муножат МЎМИНОВА