Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлидаги устувор вазифалар халқимизнинг эртанги кунга, кенг қамровли ислоҳотлар самарасига ишончини янада кучайтирди. Шу юрт, шу Ватан тақдирига ўзини дахлдор санаган ҳар бир юртдошимизни руҳлантириб, янада фаолликка, фидойилик ва ташаббускорликка ундовчи ўзига хос чорлов бўлди.
Айтиш мумкинки, Президентимизнинг мазкур Мурожаатномаси нафақат парламентимиз аъзоларига, етти мингдан ортиқ маҳаллий кенгаш депутатларига, ҳар уч ҳокимият вакилларига, жамоатчилик ташкилотларига, бугун Ўзбекистонда кечаётган туб ислоҳотларга хайрихоҳлик билан қараётган жаҳон ҳамжамиятига қаратилди, десак асло муболаға бўлмайди.
Ўтган йиллардан фарқли равишда мураккаб бир даврга тўғри келган бу галги Мурожаатномада эришилаётган улкан натижалар билан бирга, изчил тараққиёт ва халқ фаровонлигига халал бераётган муаммолар, уларнинг чуқур таҳлили ва аниқ ечимлари тақдим этилди. Илгари сурилган таклифлар, ўртага ташланган ҳар бир ташаббус олдимизда турган мақсад ва вазифалар ҳақида аниқ тасаввур бериш баробарида, залворли масъулият ҳам юклайди.
Мурожаатномада мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш масаласига яна бир бор урғу берилди. Олдимизда турган мақсадларга эришишимизнинг туб негизида жамоатчилик назорати туришини, бундан кейин ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш давом этиши, соҳага янгича ёндашув ва муносабат зарурати масаласи илгари сурилди ва қизғин кутиб олинди.
Дарҳақиқат, жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини, унинг муайян қатламларини ўйлантираётган, ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс. Жамоатчилик назоратининг асосий ва салоҳиятли субъектларидан бири нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳисобланади. Мазкур институтлар аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган тизимли муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифларни давлат ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга етказиш учун қулай ахборот майдони бўлиб хизмат қилишини назардан четлатмаслик керак.
Бугунги кунда ривожланган демократик мамлакатларда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг мавжудлиги реалликка айланган. Улар ижтимоий юкни тенг тақсимлаб, давлат ҳаётининг ортиқча зўриқишларсиз давом этишига самарали хизмат қилмоқда.
Яқин тарихдан маълумки, фақат давлат институтларининг ҳаракати халқ ҳокимиятчилиги тамойилини амалга ошириш билан боғлиқ барча даражадаги муаммоларни ҳал қила олмади. Халқ ҳокимиятининг бошланғич асоси ва манбаи сифатида жамоат ташкилотларининг ҳуқуқлари чеклаб қўйилгани, нодавлат нотижорат ташкилотлар эҳтиёжлари тизимли таҳлил килинмагани, давлатнинг фуқаролик жамияти билан самарали ва конструктив мулоқоти йўлга қўйилмагани, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун самарали майдонлар яратилмагани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларинининг роли ва аҳамиятини, фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.
Хусусан, “Фуқаро — жамоат ташкилотлари — давлат” бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципининг амалий исботи сифатида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майда қабул қилинган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ташкил этиш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишига асос бўлди. Соҳада сезиларли ўзгаришлар юз берди.
Хўш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат органлари билан ижтимоий шериклик алоқалари қай даражада? Бугун уларнинг фаолиятини талаб даражасида деб айта оламизми? Энг муҳими, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш масаласи қай ҳолатда?
Таъкидлаш жоизки, айни вақтда мамлакатимизда ўн мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилот мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти жамият ҳаётида ўз ўрнига эга эмас.
Мурожаатномада Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Эътиборли жиҳати, Мурожаатномада илгари сурилган ҳар бир таклиф молиявий жиҳатдан таъминланган. Хусусан, энди мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлар кенг жалб этилади. Бундай ҳамкорлик, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалик, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этилади. Энг муҳими, бу ишларни ташкил этиш учун келгуси йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтирилади.
Бу, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан узоқ кутилган воқелик бўлди.
Ҳар қандай фаолият, хусусан, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳам молиявий қўллаб-қувватловни талаб этади. Шунда унинг самарадорлиги янада ошади. Мисол учун, федерация томонидан мунтазам равишда коммунал, соғлиқни сақлаш, транспорт, ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифати ва хавфсизлигини бўйича доимий мониторинг ва жамоат назорати амалга ошириб келинмоқда ва белгиланган тартибда ваколатли давлат органларига киритиб борилмоқда. Ўрганилган муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари бўйича таклифлар киритиб келинаяпти.
Албатта, мазкур мониторинг ва жамоат назорати чора-тадбирлари тўлиғича федерациянинг ўз ҳисобидан амалга оширилади. Уларни тўлақонли бажаришда молиявий имкониятларимизнинг етарли даражада эмаслиги ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Энди мавжуд муаммоларни аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида жалб этиш тизимининг йўлга қўйилиши ва молиялаштирилиши фаолиятимиз самарадорлигига жуда катта ижобий таъсир ўтказади.
Мурожаатдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга доир таклифлар шундангина иборат эмас. Унда Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш таклиф қилинди.
Ушбу вакилга қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколати берилади.
Шу ўринда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашгача бўлган ўзаро ҳамкорлик учун платформага зарурат ниҳоятда катта эканини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ижро ҳокимияти учун жамоат ташкилотлари жиддий ва тенг ҳуқуқли, шу билан бирга ҳурматга лойиқ ҳамкор сифатида намоён бўлади. Натижада давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва мукаммал бажарилиши механизми такомиллашиб, жамоатчиликни янги ташаббуслар ва таклифларга ундайди.
Буларнинг барчаси охир-оқибат мамлакат фаровонлиги, халқнинг розилиги, демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмас ва муқаррарлиги тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси раиси